Василий Розанов Россиянинг Ветлуга вилоятида камбағал, серфарзанд оилада дунёга келди. У уч ёшида отадан етим қолиб, бувиси билан яшай бошлади.
Розановлар оиласи оғир жисмоний меҳнат билан ғарибона, машаққатли ҳаёт кечиришган. Василий Розанов гимназиянинг иккинчи синфида ўқиётганда онаси вафот этади ва фарзандлар тарбияси тўнғич ўғил Николайнинг қўлига ўтади.
Василий Розанов 1882 йилда Москва университетининг тарих-филология факультетини тамомлайди.
Кейин 13 йил давомида Брянск, Ельц шаҳарчаларидаги гимназияларда тарих ва географиядан дарс беради.
Фикрлаш тарзидаги аччиқ танқидий услуб туфайли Розановнинг дўстлари унча кўп бўлмаган. Бундан ташқари унинг ўзи ҳам ёлғизликка мойил бўлган.
В.Розанов ҳар бир нарса юзасидан қарама-қарши, пародоксал шахсий нуқтаи назарга эга бўлган.
Оғир ва ночор ўтган болалик Розановни яшаш учун жуда муҳим бўлган фикрий мослашув, эгилувчанликдан маҳрум этганди. Шу туфайли севиш унинг учун танқид қилмоқ ва курашмоқ билан тенг эди.
1893 йилда Розанов Давлат назорати (акциз) идорасига ишга ўтади ва Петербургга кўчиб келади.
1899 йили эса истеъфога чиқади ҳамда «Новое время» газетасида ижодий ходим бўлиб ишлай бошлайди ва ўзини буткул адабий фаолиятга бағишлайди.
Октябрь инқилобидан сўнг у файласуф ва илоҳиётчи Павел Флоренский билан Авлиё Сергей ибодатхонасида яшайди.
1918 йили Розановнинг миясига қон қуйилади, уч ойдан кейин эса вафот этади.
Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Англаш тўғрисидаги фаннинг табиати, чегаралари ва ички тузилмасини яхлит илм сифатида тадқиқ қилиш тажрибаси» (1886), «Маърифатнинг мубҳам онлари», «Зулмат ва мавҳумлик салтанатида» (1904), «Черков деворлари теграсида» (1906), «Ёлғизлик» (1912), «Мавҳум қиёфа: насронийлик метафизикаси» (1911).
* * *
Йўллар – некбинлар қисмати.
* * *
Табиат дўстдир, аммо уни еб бўлмайди.
* * *
Ҳар қандай метафизика табиатни чуқур англаш демакдир.
* * *
Мен таълимотим кенг ёйилишини истайманми? Йўқ. Чунки бу жуда катта ҳаяжонларга сабаб бўлади, мен эса хотиржамликни севаман…
* * *
Фақат мусибатгина бизга буюклик ва илоҳийлик эшикларини очади.
* * *
Дағаллик ва зўравонлик 2 фоиз муваффақият келтирса, мулойимлик ва ҳожатбарорлик 20 фоиз муваффақиятни таъминлайди. Яҳудийлар бу ҳақиқатни ҳаммадан аввал англаб етдилар.
* * *
Таҳқир бир неча кун ўтгандан сўнг шундай руҳий ёғдуга айланадики, унга ҳеч нарса тенг келолмайди. Онгнинг олий даражадаги тиниқлашувига таҳқирсиз эришиб бўлмайди, деган фикрни айтиб ўтмаслик мумкин эмас. Зеро, комиллик таҳқир, мағлублик нималигини билмай доимо ғалаба нашидасини суриб, юксакда юрганларга бир умр насиб этмаган.
* * *
Шон-шуҳрат нафақат буюклик, балки буюклик инқирозининг ибтидосидир.
* * *
Инқилоб икки ўлчамга эга: узунлик ва кенглик. Аммо у учинчи ўлчам – теранликдан маҳрумдир. Ана шу сифат туфайли у ҳеч қачон бўлиқ ва мазали мева бермайди, ҳеч қачон «тугамайди».
Инқилоб ўсиб бориб асабийликка айланади. Ва инсон ҳеч қачон: «Бас! Етарли! Мен бахтиёрман. Бугунги куним шундай яхшики, менга эрта керакмас…» деёлмайди. Инқилоб доимо азобни етаклаб юради ва фақат «эртанги» кундан умид қилади…
Ҳар бир эртанги кун уни доғда қолдириб, индинга айланади. Бу узлуксизликдан ҳеч қаерга қочиб қутулиб бўлмайди.
Инқилобда қувонч йўқ. Бўлмайди ҳам.
* * *
Социализм худди номутаносиблик каби ўтиб кетади. Ҳар қандай номутаносиблик ўткинчидир. Социализм — бўрон, ёмғир, шамол…
Бир куни қуёш порлайди ва ҳамма нарсани қуритади. Одамлар социализм тўғрисида қовжираган майса ҳақида гапираётгандек: «Наҳотки у (социализм) бўлган эди?» «Ва дераза ойналарига «биродарлик», «тенглик», «озодлик» дўллари келиб урилганди?» – деб сўрайдилар.
— Эҳ, ҳа! Бу дўл қанча одамларга шикаст етказган!!!
— Воажаб. Ғалати ҳодиса. Ишонгинг келмайди. У тўғрида қаерда ўқиш мумкин?»