Немис файласуфи, табииётшунос олим, санъат билимдони Лихтенберг руҳоний оиласида 17-фарзанд бўлиб дунёга келди. Ўшанда унинг атиги 4 нафар опаси ҳаёт бўлган, холос. 9 ёшида Георг отасидан жудо бўлди.
Ўзи кетма-кет рахит хасталиги туфайли букир бўлиб қолган.
У дастлаб Дариштадт гимназиясида ўқиди. Кейин янги очилган Гёттинген университетида физика, риёзиёт ва фалакиётшуносликдан таҳсил олди.
Лихтенберг кўплаб фалсафий ҳикматлар муаллифи. Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Физиогномика ҳақида» (1778 йил), «8» рақамли нутқ…», «Ҳикматлар».
* * *
Шуниси жуда ачинарлики, одамларнинг ёвузликни камайтиришга бўлган интилиши жуда кўп ёвузликларни келтириб чиқаради.
* * *
Ҳар куни кўкка илтижо қилиб шундай олий бахт тилайман: фақат ақлли ҳамда олижаноб одамларгина билим ва қудратда мендан ўзиб кетсинлар.
* * *
Афтидан, ҳеч кимнинг бахти тўкис эмаслигини етарлича яққол тасаввур этишнинг ўзи ҳам тўкис бахтга етишмоқнинг яқин йўлидир.
* * *
Инсоннинг ўз иродасига қарши яшаши аянчли. Истакка қарши равишда барҳаёт қолиш эса ундан ҳам даҳшатлироқдир.
* * *
Ҳамдардлик аҳамиятсиз садоқатдир.
* * *
Инсон феъл-атворини тўғрироқ тушуниш учун бошқа воситалар бўлмаганда уни ранжитадиган ҳазилдан фойдаланиш мумкин.
* * *
Кўпчилик хатолардан қочишни эмас, улардан афсусланишни эзгулик деб ҳисоблайди.
* * *
Ўзига бино қўйган одамнинг устунлиги шундаки, унинг рақиблари оз бўлади.
* * *
Қулларча хатти-ҳаракат фақат қулларнинг ўзигагина хос эмас.
* * *
Инсон ҳақида ўта мураккаб тасаввурда бўлма, балки оддийгина мулоҳаза юрит. Уни ўта яхши ёки ўта ёмон деб ҳисоблама.
* * *
Бировни қоралашдан олдин доимо уни оқлаш имкони бор-йўқлигини ўйлаш керак.
* * *
Албатта, мен: «Ҳамма нарса ўзгача бўлса яхшироқ бўлади», — дея олмайман. Аммо шуни тасдиқлайманки, ҳамма нарса яхшироқ бўлиши учун ҳаммаси ўзгача бўлмоғи жоиз.
* * *
Аҳмоқни донога айлантириш қўрғошинни олтинга айлантириш сингари мушкул ишдир.
* * *
«Олим» сўзи замирида баъзан фақат бир нарса – кўп нарсага ўргатилган, аммо ўзи ҳеч нарса уқмаган одам тўғрисидаги тушунча ётади.
* * *
Ҳамма нарсадан камида бир марта шубҳалан. Ҳатто «икки карра икки – тўрт» деган оддий ҳақиқат ҳам бундан холи бўлмаслиги мумкин.
* * *
Бахтсизлигимизнинг умумий манбаи шундаки, биз нарсаларни қандай қабул қилсак, улар ҳақиқатан ҳам шундайлигига ишонамиз.
* * *
Биз шундай оламда яшаймизки, битта аҳмоқ кўплаб аҳмоқларни, битта донишманд эса жуда оз доноларни яратади.
* * *
Шубҳа ҳушёрликка тенг бўлмоғи жоиз. Акс ҳолда у хатарли тус олади.
* * *
Одамлар кўпинча дин йўлида уруш бошлашлари, аммо диний қоидаларга камдан-кам ҳолларда амал қилишлари ҳайратланарли эмасми?
* * *
Ўзимизга маълум заифликларимиз бизга зарар етказмайди.
* * *
Одамлардан ўз истагимиз даражасида эмас, балки уларнинг имкониятлари даражасида ёрдам сўрашимиз жоиз.
* * *
Доноликка илк қадам – ҳамма нарсага ҳужум қилишдан, сўнгги қадам эса – ҳамма нарсани бошдан кечиришдан иборат.
* * *
Янги нарсани кўриш учун қандайдир янги нарса яратиш зарур.
* * *
Нима бўлганда ҳам, барибир, қабр тақдир зарбаларига қарши энг аъло қалъадир.