Фридрих Вильгельм Ницше (1844-1900)

Немис файласуфи Фридрих Ницше Пруссиянинг Рёккен музофотидаги протестант руҳонийси оиласида дунёга келди. Ницшелар сулоласининг учинчи авлоди поляк дворянларига мансуб бўлган.

Ницше тақводорлик муҳитида ўсган. Гимназиядаги дўстлари уни «ибодатхонадаги 12 ёшли Исо»га ўхшатиб «Митти пастор» деб аташган. Ницше Инжил сураларини ва черков қўшиқларини шу даражада таъсирчан ижро этганки, тингловчилар беихтиёр кўзларига ёш олишган.

Ницше Бонн ва Лейпциг шаҳарларида таълим олган. Мутахассислигига кўра филолог бўлган Ницше тенгқур талабалар орасида ўзининг кучли қобилияти билан ажралиб турган. У 22 ёшида Марказий адабий газетада хизмат қилган.

25 ёшида Базель университетининг профессори бўлган.

Ницше 1869-1879 йиллар оралиғида Базелда яшаган ҳамда файласуф Рихард Вагнер билан танишган. Ницшенинг ўзи бу ҳақда шундай деб ёзади: «Биз бир неча йил Вагнер билан ҳамма катта-кичик нарсаларни тенг баҳам кўрдик; ўртамиздаги ишончнинг чеки йўқ эди».

Ницше бош оғриғи ва қандайдир номаълум касаллик хуружидан умр бўйи азоб чеккан.

Ницше Артур Шопенгауэрнинг ёввойилар тўдаси тўғрисидаги масалини ўқигач, жамиятнинг ички моҳияти нимадан иборатлигини англаб олди. Шундан кейин у Шопенгауэрнинг ашаддий мухлисига айланди. Чунки Шопенгауэрнинг кўплаб фикрлари Ницшега жуда яқин эди.

1876 йилнинг кузида Ницше саломатлиги ёмонлашгани туфайли университетдаги маърузаларини тўхтатиб, бир йиллик таътилга чиқади ва Саррентога кўчиб ўтади. Ана шу ерда унинг дунёқарашида кескин бурилиш рўй беради.

«Ўша даврда мен нафақат Вагнер билан алоқани узиш тўғрисида бир қарорга келдим, балки умуман янглишганимни англаб етдим…» деб ёзади Ницше.

1880 йилда Ницше Евгений Дюринг қаламига мансуб «Фалсафа курси» асарини ўқиб чиқади. Бу асар унинг дунёқарашига катта таъсир кўрсатади. Ницшега, айниқса, файласуфнинг коинотдаги барча жараёнларнинг даврий хусусиятга эга эканлиги, уларнинг доимо такрорланиб туриши тўғрисидаги фикрлари маъқул келади. Шу асосда ўзининг бу борадаги шахсий фикрларини ривожлантиради ва «Мангу қайтарилиш» ҳақидаги қарашлар тизимини ишлаб чиқади: «Ҳамма нарса мангу қайтарилишга маҳкум. Биз қачонлардир яна айни вазиятда учрашамиз. Мен яна хасталикда яшайман, сиз эса яна менинг нутқимдан ҳайратга тушасиз… Менинг ўлиш-ўлмаслигим барибир эмасми, чунки ҳеч нарса мени бу ҳаётдан узоқлаштирмайди ҳам, яқинлаштирмайди ҳам. Чунки ҳар бир лаҳза яна қайтарилади, ҳар бир дақиқа мангудир».

Ницшенинг қуйидаги асарлари маълум:

«Тарихнинг ҳаёт учун фойдаси ва зарари тўғрисида» (1874), «Шопенгауэр мураббий сифатида» (1874), «Рихард Вагнер Байрейтда» (1875-1876), «Эркин тафаккур соҳиблари учун қўлланма» (1876-1878), «Тонг яллиғи» (1881), «Зардушт таваллоси: «Ҳар бир киши ва ҳамма учун китоб» (1881-1885), «Қувноқ билим» (1882), «Ёвуз донишмандлик: ҳикматлар ва доно сўзлар» (1882-1885), «Ахлоқнинг моҳияти» (1887), «Ҳокимиятга интилиш» (Мазкур асар 1906 йилда чоп этилган). Ницше 1889 йилнинг бошида ақлдан озади ва орадан бир йил ўтгач, вафот этади.

Ницше фалсафага ҳозир ҳам қўлланиб келаётган қуйидаги илмий тушунчаларни киритди: «Ҳокимиятга интилиш», «Барча қадриятларни қайта баҳолаш», «Одамларнинг янги насли», «Малларанг доғулилар», «Олий инсон».

Ницше ҳаётни бошқаларга қараганда теранроқ ҳис этган. У ўз аниқ-равшанлиги билан сирли, тушунарсиз даражада тушунарли бўлган ягона файласуф эди.

* * *

Кимдир биздан узр сўрамоқчи бўлса, бу ишни ўта моҳирона бажармоғи керак. Акс ҳолда, биз ўзимизни айбдордек ноқулай ҳис этамиз.

* * *

Ҳар қандай ҳақиқат – эгри. Чунки вақтнинг ўзи ҳам бир доирадир.

* * *

Мен китобларимни доим бутун жисми жоним ва ҳаётим ила ёздим. Соф руҳий муаммолар нелигини эса билмайман.

* * *

Инсон ҳам худди дарахтга ўхшайди. Дарахтлар юксаклик, ёруғлик сари қанчалик кўп интилсалар, илдизлари ер қаърига, қоронғуликка – тубанлик томон шунчалар чуқурроқ кириб бораверади.

* * *

Мангуликка дахлдор бўлиш учун баъзан ҳаётни қурбон қилишга тўғри келади.

* * *

Ахлоқийлик мажбуриятни келтириб чиқаради. Кейинчалик у одатга айланади, ундан сўнгроқ эса у ихтиёрий итоаткорликка ва ниҳоят, табиий майлга айланади.

* * *

Инсон ўзга киши олдида айбларига иқрор бўлгач, уларни дарҳол унутади. Аммо ўзга киши унинг айбларини ёдида сақлаб қолади.

* * *

Мукаммал аёл одамзотнинг комил эркакдан кўра олийроқ туридир. Аммо уларнинг сони комил эркакларга нисбатан камроқ.

* * *

Шундай қоида мавжудки, биз унинг воситасида инсоннинг ҳаётини тортиб олишимиз мумкин. Бироқ инсондан унинг ўлимини тортиб олишга имкон берувчи қоида мавжуд эмас.

* * *

Шуҳратпараст одам учун ўзгаларнинг фикри эмас, балки ўзининг бошқалар фикри тўғрисидаги мулоҳазаси муҳимроқдир.

* * *

Олижаноблик хушфеъллик ва ҳаддан ортиқ ишонувчанлик омихтасидир.

* * *

Ҳамдардлик дард чекишдан кўра азоблироқдир.

* * *

Исён – қул учун шон-шавкат.

* * *

Сен уни ўз тарафингга оғдирмоқчимисан? У ҳолда унинг ҳузурида ўзингни довдираётгандек тут.

* * *

Ҳар қандай жиддий меҳнат ахлоқимизга таъсир ўтказади. Диққатимизни топширилган ишни бажариш учун жамлашга бўлган уринишимизни руҳий оламимизга ташланган тошга ўхшатиш мумкин. Тош келиб тушгач, биринчи доира кичик бўлади, кейингилари эса ўз-ўзидан катталашиб боради.

* * *

Изтироб ҳақиқатга эришишнинг энг тезкор усулидир.

* * *

Бу оламда фақат уч нарса менга юпанч бўла олади: менинг Шопенгауэрим, Шуман ва ёлғизликдаги сайрлар.

* * *

Биз нимани излаймиз? Хотиржамлик, бахтними? Биз қанчалар даҳшатли ва жирканч бўлмасин, ҳақиқатни излаймиз.

* * *

Қачонлардир ҳамма нарса ўз ниҳоясига етади. Шунда – менга кўриш насиб этмайдиган олис кунларнинг бирида — китобларимни қўлга олиб очишади ва ўз ўқувчиларим пайдо бўлади. Мен ана шу мухлисларим учун ёзишим, шулар учун асосий ғояларимни ниҳоясига етказишим керак. Ҳозир курашолмайман – менинг ҳатто душманим ҳам йўқ.

* * *

Мени яхши ўқишни ўрганинг!