Буюк шоир Абулқосим Фирдавсий Хуросон вилоятининг Тус шаҳрида камбағал оилада дунёга келди.
Фирдавсий кенг қамровли ва чуқур илм эгаси бўлиб етишди. Шу боис уни «ҳаким», «донишманд» деб улуғлаганлар. Шоир ижодининг айни гуллаган даврида Ғазна шаҳрида (ҳозирги Афғонистон ҳудуди) — турк султони Маҳмуд Ғазнавий саройида яшаб, ижод қилди.
Фирдавсий Маҳмуд Ғазнавийга бағишлаб машҳур «Шоҳнома» асарини ёзди. Лекин бу асар Маҳмуд Ғазнавий томонидан етарли қадрланмади.
Ривоят қилишларича, султон Ғазнавий Фирдавсийнинг ёзилажак «Шоҳнома» асарининг ҳар бир байти учун биттадан олтин танга беришни ваъда қилади. 60.000 байтдан иборат асар тайёр бўлгандан кейин эса Ғазнавий ваъдасидан қайтади. Фирдавсийга Ғазнавий карвон орқали бериб юборган тангаларнинг ҳаммаси кумуш бўлиб чиқади. Бундан қаттиқ ранжиган шоир тангаларнинг бир қисмини карвондагиларга, бошқа қисмини ҳаммолларга улашади. Тангаларнинг қолган ҳаммасига эса яхна ичимликлар сотиб олади. Унинг бу ҳаракатлари ҳукмдорга қарши норозиликнинг яққол ифодаси эди. Султон Ғазнавий шоирни филнинг оёқлари остига ташлаб, жазолаш ҳақида фармон беради. Фирдавсий туғилган ерини ташлаб, мусофирликда ҳаёт кечиришга мажбур бўлади.
* * *
Ғам-қайғу ҳам, ҳузур-ҳаловат ҳам ақлдандир. Улуғворлик ва бузилиш ҳам ақлдандир.
* * *
Сен донишманднинг мана бу сўзларини тинглаганмисан? У ҳақиқатсеварларга шундай таълим беради: «Ўйламасдан қадам босиб, хатога йўл қўйган кас пушаймон бўлади. У донолар наздида аҳмоққа, яқинлари наздида бегонага айланади».
* * *
Оламда энг аввал инсон ақли яралган. Ақл қалб посбонидир. Ақл яна уч қўриқчи: тил, кўз, қулоқнинг устидан ҳам посбонлик қилгувчидир. Зеро, эзгулик ва ёвузлик айнан ана шу уч аъзо орқали қалбга кириб боради.
* * *
Не сабабдан узоқ умр кўрмоқ тилайсан? Биласан-ку, барибир олам сирларини ҳеч қачон англаб ета олмайсан.
* * *
Ёвузлик ҳукмрон бўлган саройнинг қонуни шундай: ё сен эгарда ўлтирурсан, ё сенга эгар ўрнатурлар.
* * *
Кўҳна олам удуми шундай: сирлар денгизида сузаверамиз-у, лекин ҳеч қачон қирғоқни кўролмаймиз.
* * *
Донишманд деди: «Очкўзлик ва муҳтожлик — мангу бедор икки иблис».
* * *
Парвоз қанчалар юксак бўлса, қулаш шунчалик даҳшатлидир.
* * *
Ақлли сўз дур-жавоҳирлару тож-тахтдан ҳам қимматлироқдир.
* * *
Эй ҳукмдор, идрокли, сахий, адолатли бўл. Элнинг бахти ҳукмдорнинг бахтидир.
Эй ҳукмдор, ёлғонни тож-тахтга яқинлаштирма. Доимо ҳақиқат йўлини тут.
Эй ҳукмдор, эзгу ишлар учун маблағни аяма. Юрагингга бир лаҳза ҳам қўрқувни йўлатма. Акс ҳолда қўшни шоҳ дадилланиб, бош кўтаргай. Бу серкулфат ҳаётда доно ва бардам бўл. Юз берган ҳар бир ҳодисага муносиб баҳо бера бил. Яна шуни билгилки, ким осмон қадар бағри кенг, сахий бўлса, ўша султонликка лойиқдир. Нодон маслаҳатчилардан сақлан. Тубан кишиларнинг сўзларига қулоқ осма: уларнинг юрагида ҳасад мужассам. Сирингни ҳатто энг яқин одамингга ҳам айтма, акс ҳолда кулфатларнинг кети кўринмай қолур. Ўзини ҳаммадан устун қўювчиларни машваратга яқинлаштирма.