Милетлик Фалес (м.а. 625-547)

Милетлик Фалес ўз замонасидаги етти донишманднинг бири бўлган. Айтишларича, Фалес шу етти донишманднинг ичида етакчилик қилган. У биринчилардан бўлиб табиат ҳақида фикр юритган. Қуёш тутилиши унинг ой билан тўсилиши туфайли юз беришини биринчи бўлиб Фалес англаган, диаметр айланани тенг иккига бўлишини исботлаб берган. Фалес фалакиётшунослик билан ҳам шуғулланиб, қуёш тутилишини oлдиндaн айтиб берган.

Фалес Миср эҳромларининг баландлигини уларнинг соясига қараб ўлчаган. У ёлғизликда ҳаёт кечириб, давлат ишларига аралашмаган. Унинг қуйидаги асарлари маълум:

«Қуёшнинг ҳаракати ҳақида».

«Тенгкунлик ҳақида».

Цицерон шундай гувоҳлик беради:

«Фалсафа Фалесдан бошланади, у биринчи эди».

* * *

Кўҳна қўлёзмаларда Фалеснинг хачири билан содир бўлган мана бу воқеа ҳикоя қилинади:

«Устига бир неча қоп туз ортилган хачир дарёни кечиб ўтаётганда бехосдан тойиб кетади. Натижада ивиган қоплардаги туз эриб, хачирнинг юки енгиллашиб қолади. Шундан сўнг хачир дарёдан кечиб ўтаётганда ҳар сафар атайин сувга бир шўнғиб олишни одат қилади. Ниҳоят Фалес хачирнинг бу найрангини сезиб қолиб, унинг устига юнг солинган қопларни ортишни буюради. Хачир ноилож айёрликдан воз кечиб, одатини тарк этишга мажбур бўлади».

* * *

Фалес шундай деб ёзади:

Ҳамма нарсанинг ибтидоси сувдир.

* * *

Тангри ҳамма нарсадан кўҳнароқдир. Чунки у яратилмаган.

* * *

Ер сувда сузади.

* * *

Худонинг на ибтидоси, на интиҳоси бор. У — Коинотнинг тафаккури. Коинот жонли ва айни дамда илоҳиётга тўлиқдир.

* * *

— Энг гўзал нарса нима?

— Одам. Чунки у Тангрининг маҳсулидир.

— Энг тез нарса нима?

— Ақл. У ҳамма нарсани ортда қолдиради.

— Ҳаммадан донороқ нарса-чи?

— Вақт. Чунки ёлғиз вақтгина ҳамма нарсани ойдин-лаштиради.

— Ҳамма учун энг умумий нарса нима?

— Умид. Чунки у ҳеч вақоси йўқларда ҳам мавжуд-дир.

— Энг кучли нарса нима?

— Зарурият. Чунки у ҳамма нарсанинг устидан ҳук-мронлик қилади.

— Энг қийин нарса нима?

— Ўзни англаш.

— Энг осон нарса-чи?

— Ўзгаларга маслаҳат бериш.

— Кимни бахтли санаш мумкин?

— Жисмоний соғлом, руҳий хотиржам ҳамда истеъдодини ўстира олган кишини.

— Бахтсизликка дош беришнинг осон йўли нима?

— Ғанимларнинг сендан-да ёмон аҳволга тушиб қолганига гувоҳ бўлиш.

* * *

Мен уч нарса учун тақдирдан миннатдорман: биринчидан, ҳайвон эмас, инсон бўлиб туғилганим учун; иккинчидан, аёл эмас, эркак бўлиб туғилганим учун; учинчидан эса варвар эмас, эллинлик бўлганим учун.