Боэций (480-524)

Римлик файласуф, давлат арбоби Боэций гўдаклигидаёқ отасидан етим қолди. Уни Рим шаҳрининг ҳокими Квинт Аврелий Меммий Симмах ўз тарбиясига олди. Симмах ўша даврдаги энг маърифатли ва олижаноб мансабдорлардан бири бўлган.

Боэций Арастунинг мантиқий асарлари ва Порфирийнинг «Арасту тоифасига кириш» деб аталган қўлёзмасини таржима қилди ҳамда шарҳлаб берди.

Боэций VI асрнинг бошидаёқ Афлотун ва Арасту асарларини лотин тилида тўлиқ нашр этишни ният қилганди. У Арастунинг бир нечта асарини таржима қилиб улгурди. Аммо Афлотуннинг ижодига қўл уришига бевақт ажал халақит берди…

Боэций қирқ ёшга яқинлашиб қолганда ҳукмдор Теодорих салтанатидаги энг олий мартабалардан бирини эгаллаб, қайнотаси Симмах билан биргаликда сенатдаги энг нуфузли шахсга айланди.

Унинг фалсафага бўлган қизиқиши, юксак сўзлаш ва эшитиш қобилияти ҳамда кенг кўламли маданий ва сиёсий билимлари кўпчиликда ҳавас уйғотарди. Боэций «фалсафа дўстлари»нинг тўгарагини очди. Бу тўгаракка Симмах ва папа Иоанн I ҳам аъзо бўлиб киришди. Уларни фалсафага бўлган қизиқишларидан ташқари, Византияга кўҳна маданий қадриятлар ўчоғи ва Рим турмуш тарзининг юксак намунаси деб қарашдек муштарак фикрлар бирлаштириб турарди.

Ҳукмдор Теодорих салтанатида шуҳрат чўққисига эришган Боэцийнинг саодатли кунлари узоққа чўзилмади. Сарой аъёнларидан бири Киприан Теодорихга сенатор Албин гўёки Византия императорига яширинча мактуб жўнатиб туриши ҳақида хабар етказди. Сенат мажлисига зудлик билан етиб келган Боэций бу чақувни қатъий рад этиб, нутқ сўзлади. Пировардида айбдорлик сояси сенатор Албинга тушгудек бўлса, унинг дўсти — сенат раиси Боэций ҳам четда қолмасди.

Боэцийнинг сенатда сўзлаган матонатли нутқи унинг душманларига яхши дастак бўлди. Ҳасадгўйлар ҳукмдор Теодорихнинг ҳузурига бориб, Боэцийни ёлғон гувоҳлик берганликда ва… фалсафа билан машғулликда(!) айбладилар.

Боэций маърузасининг сенат томонидан сукут билан қўллаб-қувватланиши сершубҳа Теодорихни хавотирга солиб қўйди. Устига-устак, саройдаги адоватчи ва фитначи кимсалар Теодорихнинг шубҳаларини янада алангалатиб, Боэций ва унинг тўгаракдош дўстларига қарши турли туҳматлар, иғво-бўҳтонлар тарқатишди.

Туҳматчи ва ғаламис мансабдорларнинг бўҳтонлари ҳукмдор Теодорихни талвасага солиб қўйди. У юзидаги маърифатпарвар ҳукмдор ниқобини ечиб ташлашга мажбур бўлди. У аслига — қонхўр, жоҳил подшоҳга айланди. Унинг буйруғига мувофиқ, Албин ва Боэций хиёнаткорликда айбландилар. Сенаторлар қўрқув остида бу айбловни тасдиқлаб, қўллаб-қувватлашди. Боэций ва Албин ҳибсга олиндилар. Албин тез орада қатл этилди. Боэцийни эса бир неча ой зиндонда сақлаб, сўнг дорга осишди. Орадан икки йил ўтгач, ҳукмдор Теодорих ҳам ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, оламдан ўтди.

Боэций зиндонда ҳукм ижросини кутиб, «Фалсафа тасаллиси ҳақида» асарини ёзиб тугатди.

* * *

Туҳматчилар менга бўҳтон қиладилар. Мен бу бўҳтонга бўйсунаманми? Йўқ. Чунки итоатгўйлик туҳматчилар билан курашмоқдан воз кечиш демакдир.

* * *

Не сабабдан тақдир мени — айбсиз бир кимсани қуруқ туҳматга дучор этиб, туҳматчиларнинг пасткашлигига йўл очиб беришдан уялмади?

* * *

Яқин кишиларимизга ёмонлик тилаш, шубҳасиз, бизнинг қусуримиз. Лекин ёвуз кимса томонидан айбсиз одамга қарши фитнанинг амалга оширилиши Тангри наздида ҳам энг катта қабиҳлик бўлиб кўриниши керак. Чунончи, қуйидаги машҳур саволларга қайтиш адолатдандир: «Агар Тангри мавжуд бўлса, ёвузлик қаердан пайдо бўлади? Агар Тангри йўқ бўлса, эзгулик қайдан келади?»

* * *

Ёмонлик жазосиз қолмайди. Ҳолбуки, бу иллатга эга бўлишнинг ўзиёқ — энг биринчи жазо.

* * *

Имкон туғилган ерда ишонч ва тафаккурни бирлаштиринг.