Қадимий Хитой файласуфи Мо-цзи майда мулкдор оиласида туғилди. У ғилдираклар ва қуроллар учун сўлоқ ясовчи моҳир уста бўлган. Конфуций таълимотини чуқур ўрганган. У хитой фалсафасига биринчи бўлиб ГУ (сабаб) ва ЛЭЙ (тур) даражалари тушунчасини олиб кирди ҳамда асослаб берди.
Мо-цзи қарашлари унинг шогирдлари томонидан тўпланган «Мо-цзи» китобида жамланган. Мо-цзининг замондошларига таъсири шунчалар кучли бўлганки, у худди Конфуций каби шуҳрат қозонган.
* * *
Одамзот эндигина пайдо бўлган қадим замонларда инсонлар жазо нима эканлигини билишмас, адолатни ҳар ким ўзича тушунарди. Адолат ҳақида ўнта одам ўн хил ўйлар ва ҳар бири ўзича ҳақ эди. Оқибатда одамлар ўртасида кучли адоват пайдо бўлди. Тартибсизлик ва ўзаро адоватнинг сабаби бошбошдоқлик эканини англаган одамлар ораларидан энг адолатли ва доно кишини ҳукмдорликка танлаб олишди ва уни Само фарзанди, деб эълон қилишди.
* * *
Мо-цзининг шогирди Пэн Цин устозига деди:
— Ўтмишни билиш мумкин, аммо келажакда нималар юз беришини аввалдан билиб бўлмайди.
Мо-цзи шогирдига жавобан шундай деди:
— Фараз қилгинки, юз ли узоқликда яшовчи яқин кишиларинг бошига оғир кулфат тушди. Вазият шундайки, бир кунда уларнинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлади. Агар сен ана шу бир кун ичида уларнинг қошига етиб боролсанг, тирик қоладилар, акс ҳолда ҳалокатга маҳкум бўладилар. Қаршингда эса манзилга элтувчи икки арава турибди. Аравалардан бири ўта мустаҳкам ва бақувват отлар қўшилган, иккинчисининг эса ғилдираклари синган ва бир жуфт ориқ от қўшилган. Қани, айт-чи, сен қай бирини танлайсан?
— Албатта, бақувват аравани танлайман-да! — деди шогирд ўйлаб ўтирмай.
Шунда Мо-цзи истеҳзо билан деди:
— Хўш, унда нима сабабдан келажакни олдиндан кўриб бўлмайди, деяпсан?
* * *
Инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббат ўзгалар мулкига, хонадонига худди ўзиники каби муносабатда бўлиб, ҳар бир кишини ўзини тушунгандек тушунишга ўргатади.
* * *
Одамлар орасида ўта ноёб фазилатлари туфайли ҳаётдан кўз юмганлар кўпроқ учрайди. Чунки ҳаддан ортиқ юкни асраш доимо ранжу алам чекишга сабаб бўлади. Зотан, баланд дарахтга энг аввал болта урадилар, оҳу ва тошбақанинг йиригини ҳам дарров қўлга туширадилар, катта илонни эса биринчи бўлиб маҳв этадилар.
* * *
Девор қандай тикланади? Бунинг учун ҳар ким қўлидан келган ишни бажаради: кимдир ғишт теради, бошқа бир одам лой ташиб туради, яна биров ғиштнинг бир текис терилишини ўлчаб боради. Шу тахлит девор қуриб битказилади. Адолат пойдевори ҳам шу йўсинда тикланади. Бу йўлда фикрлай олишга лаёқати бўлганлар, майли фикрласинлар. Тарихий китобларни баён эта олувчилар эса тарихий китобларни талқин этаверсинлар, қўлидан бошқа иш келадиганлар, шу хизматларини бажараверсинлар. Ана шунда адолат йўлидаги барча ишлар албатта амалга оширилади.
* * *
Мо-Цзи яна қуйидаги фикрларни олға суради: «Само адолатни севади. Адолатсизликдан эса нафратланади. У инсонлар бир-бирини севиб, бир-бирига доимо ёрдам беришини тилайди».
* * *
Донишмандларни давлат ишларига кўпроқ жалб этиб, мартабаларини оширмоқ, уларнинг бадавлат ва эътиборли бўлишларини, амалдорлар устидан назорат ўрнатишларини таъминламоқ жоиздир.
* * *
Мамлакатнинг бутун бойлиги жам этилганда ҳам қиммати жиҳатидан донишмандлар ва давлат ишига жалб этилган заковат соҳибларига тенглашолмайди.
* * *
Камбағаллик — мамлакатдаги тартибсизликлар илдизи.
* * *
Инсонга баҳо беришда унинг ниятлари мажмуини ва ҳаракатлари натижасини кўриб чиқиш керак.
* * *
Доно ҳукмдор халққа фойда келтирмайдиган харажатлардан воз кечади.
* * *
Ҳукмдорлар ҳақиқатни тик айтадиган мулозимларга эга бўлмоғи зарур.