Қадимги юнон файласуфи Демокрит Абдера шаҳрида туғилиб ўсган. У бадавлат оиланинг фарзанди эди. Аммо бойликдан кечиб, бутун умрини камбағалликда ўтказди. Бор умрини донишсеварликка бағишлади. Миср, Эрон, Ҳиндистон, Ҳабашистонга саёҳат қилган.
Демокрит шаҳар ташқарисида жойлашган ер остидаги сағанада кечаю кундуз тинмай ижод билан машғул бўлган.
У элликка яқин асар ёзиб қолдирган. «Инсон табиати тўғрисида», «Ғоялар ҳақида», «Мақсад ҳақида» ва бошқалар шулар жумласидандир. Пифагорнинг ўғли Аримнест Демокритнинг устози бўлган.
* * *
Эзгулик адолатсизлик қилмасликкина эмас, уни истамаслик ҳамдир.
* * *
Сўз — амалнинг сояси.
* * *
Ўзида йўқ нарсалар учун ғам чекмайдиган, боридан қувонадиганлар ақлли кишилардир.
* * *
Демокритнинг юз-кўзидан сира табассум аримаган. Чунки одамлар бажараётган барча жиддий амаллар унга кулгили туюларди.
Демокрит ғайриоддий нарсаларни дарров илғаб олиш ва улардан ҳайратланишнинг ҳадисини олган эди. Ривоят қилишларича, Демокрит бир ўтинчининг саржинларни мукаммал ҳандасавий шаклда тахлаётганини кўриб ва бу ишни мутлақо онгли равишда, мустақил бажараётганини билиб ҳайратга тушади. Тахминларга қараганда, бу ўтинчи бўлғуси файласуф Протагор эди.
* * *
Не тонгки, ҳар қандай одам қанча қўйи борлигини ҳеч бир қийинчиликсиз айта олади-ю, лекин ҳамма ҳам нечта дўсти борлигини санаб беролмайди. Наҳотки, дўстлар шунчалик қадрсиз бўлса?
* * *
Демокрит мисдан ясалган ялтироқ қалқонни қуёшга тутиб, ўз кўзларини кўр қилган.
Файласуфнинг бу қилмишини турлича изоҳлайдилар. Масалан, баъзи манбаларга кўра, Демокрит Қуёшнинг табиатини тадқиқ этаркан, XIX асрда ҳаётини электромагнит тўлқинларини ўрганишга бағишлаган Хенри Херс тақдирини такрорлаган. Бошқа бир ривоятда айтилишича, Демокрит оламни «номукаммал асбоблар» ёрдамида кўриш имконидан ўзини атайин маҳрум этиб, тафаккур кўзини очиш учун кўзларини «дарча»га айлантирган. Цицерон эса айтадики: «Демокрит ўзини-ўзи сўқирликка маҳкум этди. Чунки файласуф кўзнинг алдамчи манзаралари ва тўсиқларидан халос бўлган онг воситасида фикр юритиб, табиатни мушоҳада этиш ва англаш кишига кўпроқ завқ бағишлайди, деб ҳисобларди».
* * *
Нафақат ёвни енгганлар, балки ўз нафси устидан ҳукмронлик қила олганлар ҳам марддирлар, — деб ёзади Демокрит. — Баъзилар бутун бошли шаҳарларга ҳокимлик қилиш баробарида аёлнинг қулига айланадилар.
* * *
Битта илмий исботу далилни қўлга киритиш мен учун форс салтанатига ҳокимлик қилишдан аълороқдир, — деганди Демокрит.
* * *
Ҳамма нарсанинг ўртамиёнаси аъло. Мўл-кўлчилик ҳам, етишмовчилик ҳам мен учун бегонадир, — дейди Демокрит.
* * *
Яқинларининг бахтсизлигидан қувонувчилар тақдир чархпалаги ҳаммага ўз таъсирини ўтказишини тушунмайдилар.
* * *
Ҳаддан ортиқ тиламоқлик гўдакларга ярашади. Эрларга эмас.
* * *
Мардлик тақдир зарбаларини писанд этмайди.
* * *
Бир куни Демокрит тушлик чоғида асал иси уфуриб турган ғоят ширин анжирни ея туриб, ўйга толади: «Бу анжирлар нега ҳаддан ортиқ ширин?»
Файласуф саволига жавоб топиш учун туйқусдан ўрнидан туради-да, анжир дарахти ўсадиган боғ томон йўл олади. Хизматкор аёл соҳибининг ногаҳон бесаранжом тортиши сабабини билгач кулиб, анжирларни асалнинг идишига солиб келтиргани, шу боис улар ҳаддан ортиқ ширали эканини маълум қилади. Аёлнинг гапларини эшитиб, анжирни тадқиқ этишга бел боғлаган файласуфнинг ҳафсаласи пир бўлади ва шаштини қайтаргани учун ундан қаттиқ ранжийди. «Бу ердан кет, — дейди аёлга. — Сен менинг таъбимни хира қилдинг. Лекин бари бир бу ҳодисанинг тагига етмагунча тинчимайман». Шундан сўнг чиндан ҳам Демокрит асоссиз ва ёлғон анжир ҳодисасини изоҳлашга қатъий киришади.
* * *
Демокрит шундай деганди: «Коинотнинг ибтидоси — атомлар ва бўшлиқдан иборат. Қолган барча нарсалар фақат фикран мавжуддир».
* * *
Бу оламда ё ҳеч нарса чинакам эмас, ёхуд чинакам нарсаларни биз илғай олмаймиз, — дейди Демокрит.
* * *
Билишнинг икки кўриниши мавжуд. Уларнинг бири туйғулар воситасида билиш, иккинчиси тафаккур ила билишдир.
* * *
Бахт яхши кайфият, фаровонлик, уйғунлик, мутаносиблик ва вазминликдир.
* * *
Демокритнинг донолиги, зукколиги ва ўткир башоратчилик қобилияти ҳақида кўплаб ривоятлар яратилган. Улардан бирида ҳикоя қилинишича, Эрон шоҳи Доронинг соҳибжамол ва суюкли рафиқаси вафот этади. Ҳукмдорнинг чуқур қайғуга ботганини кўрган Демокрит ҳамма айтганларини сўзсиз бажариш шарти билан маликани тирилтиришга ваъда беради. Доро сарой аъёнларига Демокрит истаган нарсани муҳайё қилиш ҳақида фармойиш беради. Ҳамма айтганлари бажо бўлгач, Демокрит фақат биргина нарса етишмаётганини, яъни маликанинг қабрига ҳаёти давомида сира ғам чекмаган учта одамнинг исмини ёзиш кераклигини, шунда малика ўша заҳоти тирилишини айтади. Табиийки, қудратли ҳукмдор битта ҳам ғамсиз одамни тополмайди. Шунда Демокрит одатдагидек кулиб, Дорога қарата шундай дейди: «Ана шунақа ношукур зот, ғам-ташвиш фақатгина сенинг бошингга тушгандек эртаю кеч йиғлаганинг-йиғлаган. Ахир, ақалли битта ҳам ғамсиз одамни тополмадинг-ку!»
* * *
Оламлар сон-саноқсиздир, — деб ёзади Демокрит. — Улар турлича катталикда бўлиб, сарҳадсиз бўшлиқдан вужудга келади, яшайди ва ҳалок бўлади. Уларнинг баъзисида Қуёш ҳам, Ой ҳам йўқ. Баъзиларида эса Қуёш ва Ой бизникидан каттароқ, айримларида уларнинг сони бир нечтадир. Оламлар орасидаги масофа турлича бўлиб, баъзи жойларда улар ғуж-ғуж, бошқа ерларда сийрак жойлашган. Баъзи оламлар ўсиш жараёнини, айримлари тараққиётининг энг гуллаган даврини кечираётган бўлсалар, бошқалари ҳалокатга юз тутганлар. Бир жойда оламлар туғилса, иккинчи жойда ғойиб бўлади. Улар бир-бирлари билан тўқнашиб, ҳалокатга учрайдилар. Баъзи оламларда жонзотлар ҳам, ўсимликлар ҳам, сув ҳам бўлмайди.
* * *
Сарҳадсиз фазода мен каби саноқсиз демокритлар мавжуддир.
* * *
Ўта қўпол сўзлаётган бир одамни кўриб, Демокрит шундай деган экан: «Бу одам сўзлай олмасликни уддаларкан-у, аммо сукут сақлашни эплай олмас экан».
* * *
Билимлар мўллигига эмас, фикрлар мўллигига интилмоқ жоиз, — дейди Демокрит.
* * *
Очиқ-ойдин сўзламоқлик — озод руҳнинг сифатидир. Бироқ уни бевақт ижро этиш хатарли.
* * *
Ўзгалар устидан ҳукмронлик даъво қилувчи одам аввало ўзини бошқара билмоғи лозимдир.
* * *
Виждонли ва инсофсиз одамларни нафақат бажараётган амалларидан, балки хоҳиш-истакларидан ҳам билиб олиш мумкин.