Хитой файласуфи Чжуан-цзи Сун ўлкасининг Мэн вилоятида таваллуд топди. Аввалига майда амалдор бўлиб ишлади. Кейинчалик хизматни тарк этиб, ёлғизликда яшай бошлади.
Чжуан-цзи бир куни тушида гуллар орасида шодон қанот қоқаётган кичкина капалакни кўради. Файласуф уйғонгандан кейин боши қотди, у аслида ким — тушида ўзини капалак қиёфасида кўрган Чжуан-цзими ёки ўзини Чжуан-цзи қиёфасида кўрган капалакми?
Чжуан-цзи таълимоти кўпчиликка (замондошларига ҳам, улардан кейин яшаганларга ҳам) омадсизларнинг фалсафаси бўлиб туюлган.
Унинг асосий асари «Чжуан-цзи» деб аталади (бизгача бу китобнинг 33 бўлими етиб келган).
* * *
Ривоят қилишларича, Чжуан-цзи Пу дарёсида балиқ овлаётганда Чу салтанатининг икки амалдори келиб, ҳукмдорнинг номасини топширадилар. Номада: «Зиммангизга давлат ишларини юкламоқчиман» деган сўзлар бор эди. Файласуф қармоқни сувдан олмай ва ҳатто бошини ҳам ўгирмасдан амалдорларга шундай деди:
— Эшитишимча, Чу салтанатида бундан уч минг йил муқаддам ўлган муқаддас тошбақанинг жасади сақланар экан: Чу ҳукмдорлари уни ўраб, сандиқчада асрашар ва эъзозлашаркан. Айтайлик, тошбақа учун икки йўл бор. Ё суякларини эъзозлашлари учун жасадлигича қолиши керак, ё бўлмаса, тирилиб, думини балчиқда судраб яшаши керак. Сизнингча, у қайси йўлни танлаган бўларди?
— Албатта, тирик қолиб, думини балчиқда судраб яшашни афзал кўрарди, — деб жавоб бердилар ҳар икки амалдор.
Шунда Чжуан-цзи деди:
— Кетаверинглар! Мен ҳам думимни балчиқда судраб яшашни истайман.
* * *
Чжуан-цзи бир куни Чу ўлкаси томон йўл олибди. У ерга яқинлашганда бўзариб кетган, аммо ҳали бутун бош чаноғига дуч келади. Файласуф қўлидаги таёқ билан калла суягини туртиб:
— Сен қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолдинг? Яшашга бўлган телбаларча иштиёқинг сени шу кўйга солдими ёки кунда устидаги ойболтами? Балки ота-онанг, хотин, бола-чақангни шарманда этган ножўя ишларинг ёхуд қаҳратон совуқ ва очлик азоби сени шу аҳволга солгандир? Ё бўлмаса, кўп йиллик ҳаёт йўлинг шу даражага олиб келгандир? — деди. Кейин бошини калла суягига қўйиб, уйқуга кетди.
Ярим тунда бошчаноқ файласуфнинг тушига кириб, деди:
— Сен худди сафсатабозларга ўхшаб вайсақилик қилдинг. Сўзларинг азобда қолган барҳаёт инсоннинг ташвишлари билан тўлиб-тошган… Сен марҳумнинг сўзларини тинглашни истайсанми?
— Истайман, — деди Чжуан-цзи.
— Марҳумнинг тепада ҳукмдори, қуйида эса хизматкори бўлмайди, — дея сўз бошлади бошчаноқ. — Унинг учун йилларнинг алмашинуви ҳам йўқ. Марҳум хотиржамлик билан осмон ва ернинг йиллик даврийлигига амал қилади. Бундай эркинлик ва бахт ҳатто подшоҳларга ҳам насиб этмайди.
Чжуан-цзи унинг сўзларига ишонқирамай шундай деди:
— Хоҳлайсанми, мен Яратгандан сенга жон, эт ва руҳ ато этиб, ота-онанг, хотининг, бола-чақанг, дўст-ёрларингни қайтаришини илтимос қиламан.
Бошчаноқ файласуфга бир дам тикилиб қолди-да, сўнг хўмрайиб жавоб берди:
— Мен шоҳона бахтни инсоний азоб-уқубатларга алмаштиришни истамайман.
* * *
Дунёда икки буюк тушунча бор. Буларнинг бирламчиси — тақдир, иккинчиси — адолат.
* * *
Бир одам Чжуан-цзига мурожаат қилиб:
— Ичи ковак қамишдан ясалган най каби Ернинг найи ҳам ундаги ёриқлардан бунёдга келади. Айтинг-чи, Коинот найи нима? — деб сўради.
— Коинотда сон-саноқсиз пардалардан оҳанглар таралади. Бу оҳангларнинг ҳар бири ўзича мустақил янграйди. Умуман барча буюмлар ўзича оҳанг чиқаради. Уларга кимдир таъсир ўтказармикан?
* * *
Ҳақиқат ва ёлғон борасида баҳс юритиш бемаънилик бўлиб, машҳур масалдаги маймунлар тортишувига ўхшайди. Нақл этишларича, маймун боқувчи бир одам бўлган экан. Бир куни у маймунларга шундай дейди: «Эрталаб сизларга учтадан, кечқурун эса тўрттадан ёнғоқ бераман». Бу гапни эшитиб, маймунлар норози бўлишибди. Шунда маймунбоқар: «Майли, ундай бўлса, эрталаб тўрттадан, кечқурун учтадан ёнғоқ бераман», — дебди. Маймунлар қувониб, розилик билдиришибди.
Бу ҳикоядан кўриниб турибдики, баҳсда ном ҳам, моҳият ҳам ўзгармай қолди, аммо у қувонч ва норозиликка сабаб бўлди.
* * *
Тузоқ қуёнларни овлаш учун зарур. Қуёнлар овлангандан кейин тузоқни умуман унутиб юборадилар. Сўзлар фикрни тутиш учун керак. Фикр тутилгандан сўнг, сўзни унутадилар. Қанийди, сўзни унутган одамни топиб, у билан суҳбатлашсам.
* * *
Агар сиз ва мен — иккимиз қай биримиз ҳақ эканлигимизни билмасак, буни ким аниқлай олиши мумкин? Дейлик, сизнинг фикрингизни қўллаб-қувватловчи одамларни тўпладик. Аммо фақат сизгагина ҳамфикр бўлган бу одамлар масалани одил ҳал эта оладиларми? Ё бўлмаса, менинг фикрларимни қўллаб-қувватловчи одамларни йиғдик, дейлик. Улар ҳам фақат менга ҳамфикр бўлганлари боис масалани тўғри ҳал қилишга қодир эмаслар… Борди-ю, сизнинг ҳам, менинг ҳам фикрларимизга қўшилмайдиган одамларга мурожаат этсак-чи? Бизга хайрихоҳ бўлмаган одамлар қандай қилиб бир қарорга келадилар? Агар ҳар иккимизга ҳамфикр одамларни чақирсак-чи? Улар масалани қандай ҳал қилардилар? Кўрдингизми? Сиз ҳам, мен ҳам, бошқалар ҳам ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқ айтолмаймиз. Хўш, яна кимдан ёрдам кутишимиз мумкин?
* * *
Бир куни файласуф Чжуан-цзи ва Хуй Ши Хао дарёси устида қурилган кўприк устида кезиб юришарди. Чжуан-цзи сувга тикилиб, ҳамроҳига деди:
— Балиқлар сувда маза қилиб ўйнашаяпти. Улар шундан завқ олишади-да.
— Сен балиқ эмассан-ку. Уларнинг нимадан завқ олишини қаердан биласан? — деб сўради Хуй Ши қувлик билан.
— Сен мен эмассан-ку. Уларнинг нимадан завқ олишларини билмаслигимни қаердан биласан? — деди файласуф ҳам бўш келмай.
— Тўғри, мен сен эмасман, — деб жавоб берди Хуй Ши. — Сўзсиз мен сени билмайман. Лекин сенинг балиқ эмаслигинг аниқ. Шундай экан, сен ҳеч қачон уларнинг нимадан завқ олишларини билолмайсан.
Файласуф деди:
— Марҳамат қилиб, баҳсимизнинг бошланиш нуқтасига қайтсак. Сен менга: «Балиқларнинг нимадан завқ олишини қаердан биласан?» дединг. Демак, сен бунинг менга маълумлигини яхши билган ҳолда шу саволни бергансан. Мен балиқларнинг нимадан завқ олишини Хао дарёси устидаги кўприкда юрганимда билиб олдим.
* * *
Чжуан-цзининг бир ривоятида шахснинг дао таълимотига мувофиқ узлатга чекиниши борлиқнинг турли шаклларидан босқичма-босқич бегоналашишига олиб келиши тасвирланган.
«Донолик йўли»га кирган бир аёл етарли даражада иқтидорга эга бўлган, аммо ҳали бу йўлдан бехабар Бу исмли кишини тарбиялай олиши мумкинлигини шундай ҳикоя қилади: «Мен уни бир дам тўхтатиб, керакли сўзни айтсам, уч кун ўтгандан кейин осмону фалакдан бегоналашганини англаб етади. Мен яна у билан суҳбатлашаман. Ва етти кундан кейин у буюмларга нисбатан бегоналикни ҳис этади. Шундан кейин яна у билан учрашаман. Орадан тўққиз кун ўтиб, бу ҳаётга нисбатан бегоналикни фаҳмлаб етади.
Ҳаётдан бегоналашгандан кейин у тонг каби тиниқлашади. Тонг каби тиниқ бўлгандан кейин эса у ягоналикни кўра олиш қобилиятини қўлга киритади. У ягоналикни кўргач, ўтмиш ва ҳозирги воқеликни унутади. Ўтмиш ва ҳозирги воқеликни унутгандан сўнг у ҳаёт ҳам, ўлим ҳам бўлмаган бир оламга қадам қўяди.
* * *
Эзгулик қилувчи бир одам Чжуан-цзига деди: «Менинг қўланса шумтол деб аталувчи дарахтим бор. Унинг танаси шу қадар ғурраларга тўлиб кетганки, йўниб текислаш амримаҳол. Шохлари эса шу қадар эгри-бугри ва чигалки, улардан чизғич ёки паргар ҳам ясаб бўлмайди. Шу боис дурадгорлар йўлдаги бу дарахтга ҳатто қайрилиб қарамайдилар ҳам. Сизнинг сўзларингиз ҳам буюк, аммо бефойдадир. Уларнинг ҳеч кимга кераги йўқ».
Чжуан-цзи унинг бу сўзларига шундай жавоб қайтарди:
— Ерга ётиб олиб, ўз ўлжасини пойлаётган тулки ёки ёввойи мушукка ҳеч эътибор берганмисиз? Аммо улар гоҳ шарқ томон, гоҳ ғарб томон, баъзан пастга, баъзан эса юқорига сапчиб, ўлжага ташланадилар ва кўпинча ўзлари тузоққа илиниб, тўр ичида ҳалок бўладилар. Осмонни қоплаган қора булут каби улкан қўтос эса ўта қудратли бўлса-да, ҳатто сичқонга ҳам азоб бермаслигини биласизми? Сизни катта дарахтнинг ҳеч қандай фойда келтирмаслиги ташвишга солаяптими? Бу сизнинг ғам чекишингизга арзимайди. Ахир, дарахтни бепоён чўл бағридаги ҳосилсиз ерга кўчириб ўтқазиш мумкин-ку. Хўш, нега энди унинг теграсида сайр қилиб, сояси остида мизғимаслик керак? Дарахт ҳеч кимга фойда келтирмасдан кесилиб кетиши мумкин. Аммо унинг бировга зарари ҳам тегмайди.
* * *
Нарсаларнинг чегарасини сўз билан ҳам, сукут билан ҳам ифодалаб бўлмайди.
* * *
Қоронғу зулматда кўрмоқликни, сукунатда эшитмоқликни ўрганинг. Шунда сиз зулмат аро нурни кўрасиз, сукунат аро уйғунликни тинглайсиз.
* * *
Баъзилар бир умр сўзлайдилар-у, ҳеч нарса айтолмайдилар. Баъзилар эса бир умр сукутда бўладилар-у, аммо айтилмаган сўз қолмайди.
* * *
Фикрламаслик ва хаёл сурмаслик Даони англашнинг бошланишидир. Ҳеч ерда бўлмаслик ва ҳеч нарсага тиришмаслик осойишта Дао оламига киришнинг бошланиши демакдир. Ҳеч нарсага амал қилмаслик ва ҳеч бир йўлга кирмаслик эса Даони эгаллашнинг бошланишидир.
* * *
Ҳақиқат изловчи зулмат аро дайдиб юради.
* * *
Меъёридан ортиқ ахлоқийлик нарсаларнинг табиатига соя ташлайди. Чунки бундай ахлоқий сифатлар эгаси ўзини сурнай ва дўмбира садолари остида ноёб намуна сифатида кўкларга кўтариб мақташларини, машҳур бўлишни истайди:
Ахир, бу қалбакилик эмасми?
* * *
Камарнинг илгагини ўғирлаган кимса қатл этилади, салтанатни ўғирлаганлар эса ҳукмдорликка эришадилар.
* * *
Мукаммал маънавий сифатлар эгаси ҳеч нарсага эга бўлмайди. Бундай улуғ инсон ҳатто ўзидан ҳам маҳрумдир.
* * *
Вақт етиши билан Устоз туғилди; кетар вақти келганда — Устоз бунга ҳам бўйсунади. Тақдирга тан бериб, муқаррар қисматга бўйсунсангиз, сизга на қувонч ва на қайғу йўл топа олади. Мозийда буни «дор остидан қайтиш» деб атаганлар.
* * *
Инсоннинг қувонч билан яшашига халақит қилиш, уни кийиниш, тикиш-бичиш, ерга ишлов бериш ва овқатланиш имкониятидан маҳрум этиб, эзгулик ва адолатпарварлик билан безаш — донишмандларнинг бор-йўқ жиноятидир.