Григорий Саввич Сковорода (1722-1794)

Г.С.Сковорода Украинанинг Полтава губерниясидаги оддий казак оиласида дунёга келди. 16 ёшида Киев Академиясига ўқишга кирди. У Европанинг Венгрия, Германия, Италия каби давлатларида бўлган. Қайси давлатга боришидан қатъи назар, аввало ўша ердаги университетларда маъруза тинглашга шошилган. У шу тариқа уч йил хорижда ҳаёт кечирган. Файласуф лотин, юнон, немис ва яҳудий тилини билган.

Мустақил фикр эгаси Сковорода жангари табиати, кескин ҳамда тўғри фикр юритиши туфайли ҳамма ерда қувғин ва туҳматга учраган.

Сковорода 1759 йилда Харков Коллегиумига ўқитувчиликка таклиф этилади. 10 йил шу даргоҳда дарс беради. Бу муддат ичида икки марта ишдан четлаштирилади ва яна жойига тикланади. Аммо учинчи мартасида олим Коллегиумни бутунлай тарк этади. 1769 йилдан бошлаб Сковорода дарбадарликда ҳаёт кечиради. «Модомики, севимли Ватанимни ҳеч нарса билан рози қилолмас эканман, лоақал ҳеч кимсага зарарим тегмаслиги учун бор кучимни ишга соламан…», — деб ёзган эди файласуф. Сковорода 25 йиллик дарбадарлик даврида ғоят унумли ижод қилди.

Файласуфнинг қуйидаги асарлари маълум: «Наргис», «Илоҳий кеча ёхуд мангулик ҳақида», «Олам алифбоси», «Эзоп масаллари», «Илоҳий қўшиқлар боғи», «Беш йўловчининг чинакам ҳаётий бахт ҳақидаги суҳбати», «Узук».

Сковорода ўз қўлёзмаларини йўлхалтасида олиб юрган. Афсуски, ҳаётлик чоғида унинг битта ҳам қўлёзмаси чоп этилмаган. У ўлимидан икки ой аввал Орлов губерниясига боради ва шогирди Ковалинский билан учрашиб, ҳамма қўлёзмаларини сақлаб қўйиш учун унга топширади.

Сковороданинг қабри устига унинг васиятига кўра қуйидаги сўзлар ёзиб қўйилган: «Олам мени қушдек овлашга уринди, аммо тутолмади».

* * *

Табиий нарсаларнинг ҳаммаси осонлик билан қўлга киритилади, пуч ва ортиқча нарсаларга эришиш эса мушкулдир.

* * *

Бутун олам икки воқеликдан иборат. Уларнинг бири зоҳирий, иккинчиси ботинийдир. Зоҳирийси махлуқот, ботиний воқелик эса Тангридир.

* * *

Жамики нарсалар ўзаро боғлиқ ҳолда, режа асосида яратилган. Ҳеч бир нарса бу асоссиз мавжуд бўлолмайди.

* * *

Билиш қийин эмас, кўникиш қийин.

* * *

Қалб гўзалликни кўрмай туриб сева олмайди.

* * *

Чоҳга ёки тубсиз сувга қулаган кимса қийинчилик ҳақида эмас, қутилиш ҳақида ўйлаши керак.

* * *

Ҳамма фанларнинг уруғи инсон ботинида яширинган. Инсон ботини уларнинг махфий манбаидир.

* * *

Ташвишни ёқтирмайдиган кимсалар оддий ва фақирона яшашни ўрганмоқлари даркор.

* * *

Кўпчилик қўлидан келмайдиган ишнинг амалга ошишига ишонмайди.

* * *

Сен фақат бир нарсага: ўзингни англашга интил. Тангрининг боқий овозини тингламай туриб, унга қалбингдан жой бера оласанми? Тангрини танимай туриб, унинг овозини тинглай оласанми? Тангрини топмай туриб, уни таний оласанми? Ўзингни англамай, топмай туриб, Тангрини топа оласанми?

* * *

Жисмимиз ўз-ўзича ҳеч қандай ҳаракат қилмайди. У буткул фикрларимиз қулига айланган. Унинг соҳиби бўлган фикр эртаю кеч тўхтовсиз ҳаракатда, ҳаяжонда. У гоҳ мулоҳаза юритади, гоҳ маслаҳат беради. Нималарнидир аниқлайди, нималаргадир мажбурлайди. Жисмимиз эса бошвоқ солинган ҳўкиз каби беихтиёр унинг измига бўйсунади. Шундай қилиб, жисмимиз эмас, балки аввало фикримиз инсонлигимизни белгилайди.