Француз файласуфи Дени Дидро Франциянинг шимоли-шарқий қисмидаги Лангр шаҳрида ҳунарманд оиласида дунёга келди. Дастлабки таълимни 8-9 ёшида Лангрдаги диний коллежда олди.
12 ёшида Париждаги д‘ Аркур номидаги диний коллежга ўқишга юборилди. Коллежни тамомлагач, санъат магистри деган унвонга сазовор бўлди.
Отаси Дидро илоҳиёт илмининг шуҳратли намояндаси бўлишини орзу қилган. Аммо Дидро отасининг бу орзусини амалга оширолмади. У ҳаётда ўз ўрнини топиш учун узоқ изланди. Дастлаб прокурор ёрдамчиси, кейин ўқитувчи, таржимон бўлиб ишлади, оч-юпун ҳолда ҳаёт кечирди. Отаси эса «бекорчи» ўғлига ёрдам беришдан буткул воз кечди. Дени кўпинча тунлари Париж кўчалари ва хиёбонларининг дуч келган жойида тунаб қоларди. 1743 йилда Дидро савдогарнинг беваси, Шамьпоннинг қизига яширинча уйланади. Бир нечта фарзанд кўради. Уларнинг орасида кейинчалик биринчи бўлиб отасининг таржимаи ҳолини ёзган Мария-Анжелика ҳам бор эди.
1767 йилда рус императори Екатерина II Дидрони Россияга таклиф этади. У Дидронинг шахсий кутубхонасини сотиб олади ҳамда файласуфни кутубхоначи этиб тайинлайди. Дидрога катта маош тайинлаб, 50 йиллик миқдордаги маошни аввалдан тўлайди. Аммо шунга қарамай, Дидро фақат 6 йилдан кейингина – 1773 йилда Голландия орқали Россияга ўтиб, Петербургга келади. 1774 йилда Россиядан ўз ватанига қайтади. Файласуф шеърлар ҳам машқ қилган. Дени Дидро 1784 йилда вафот этди. Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Фалсафий фикрлар» (1746 йилда яширинча босиб чиқарилган бу китоб Париж парламентининг қарорига мувофиқ ёқиб юборилган), «Кўзи очиқларга насиҳат сифатида ёзилган сўқирлар ҳақида мактуб» (1750 йил), «Табиатни изоҳлашга доир фикрлар» (1754 йил), «Шаккокнинг сайру сайёҳатлари ёки хиёбонлар» (1747 йил), «Роҳиба» (асар 1760 йилда ёзилган бўлса-да, илк марта 1796 йилда чоп этилган), «Д’ Аламбер ва Дидро суҳбати. – Д’ Аламбернинг туши – Суҳбатнинг давоми» (1769 йил) «Материя ва ҳаракатнинг фалсафий асослари» (1770 йил), «Актёр ҳақидаги парадокслар» (1773 йил), «Физиология унсурлари» (1782-1783 йиллар).
* * *
Ишончсизлик – фалсафа томон қўйилган биринчи қадам.
* * *
Жисмларни миямдагидек эмас, балки табиатда қандай бўлса, шундайлигича қабул қиламан: улар мен учун ўз хоссаси ва фаолиятига эга бўлган хилма-хил жисмлардир. Улар портлаш содир бўлмаслиги учун силитра, кўмир ва олтингугуртнинг учта яхлит молекуласи, учқундан нари сақланадиган тажрибахонадагидек, табиат қўйнида ҳаракат қиладилар.
* * *
Ўқувчим, мени ўқиётганингда туйғулар биздаги барча билимларнинг асосини ташкил этишини албатта ёдда тут. Табиат – Худо эмас, инсон – машина эмас, фараз – далил эмас. Агар китобларимнинг исталган ерида ушбу қоидаларга зид келувчи бирор фикрга дуч келсанг, билки сен бу ердаги фикрларни умуман тушунмагансан.
* * *
Сизни тухум олдин пайдо бўлганми ёки товуқми, деган савол ҳаяжонга соладими, демак, сиз жониворлар аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича – ўзгаришсиз қолган, деб ўйлайсиз. Қандай бемаънилик.
* * *
Ҳамма нарса кузатишга қурбимиз етмай қолган ерда тугайди.
* * *
Агар ер юзида ҳамма нарса аъло бўлганда, аъло нарсанинг ўзи бўлмасди.
* * *
Тун чоғи қалин ўрмонда адашиб қолдим. Қўлимдаги ожизгина пирпираган шам – менинг ягона йўл кўрсатувчим эди. Ногоҳон рўпарамда нотаниш кимса пайдо бўлди ва шундай деди: «Дўстим, тўғри йўлни топиш учун қўлингдаги шамни ўчир». Бу нотаниш кимса – илоҳиётчи олим эди.
* * *
Истеъдод авлоддан-авлодга ўтадиган зодагонлик унвони эмас.
* * *
Яхшиларни мукофотлаш билан ёмонларни жазолаган бўламиз.
* * *
Эҳтиросларни енгишни мақсад қилиб қўйиш – ақлсизликнинг энг юқори чўққиси.
* * *
Ҳамма нарса фойдалилигига қараб белгиланади.
* * *
Бахт ва бахтсизлик бир-бири билан зулмат ва ёруғлик каби муносабатда бўлмайди. Зеро, бахт ва бахтсизлик бир вақтнинг ўзида бирга мавжуд бўла олади.