Рус файласуфи Михаил Ломоносов ўзига тўқ хонадонда дунёга келди. Ломоносов келиб чиқишига кўра майда савдогарлардан бўлган.
У Москва шаҳридаги славян-юнон-лотин академиясида, кейин Киевдаги диний академияда таҳсил олди. Шундан сўнг Петербург Фанлар академияси қошидаги университетда ўқиди. 1736-1741 йилларда эса Германияда билим олди. Уч йил олмон файласуфи Христиан Вольф қўлида фалсафа илмини ўрганди.
Михаил Ломоносов табиатан мағрур, мустақил фикрловчи шахс эди. У ҳар доим ватанига бирор фойда келтиришга интилиб яшаган.
Ломоносов модда ва ҳаракатнинг сақланиш қонунини кашф этган.
Файласуфнинг қуйидаги асарлари маълум: «Иссиқ ва совуқнинг сабаблари ҳақида мулоҳазалар» (1749), «Журналистларнинг фалсафа эркинлигини қўллаб-қувватловчи мақолаларни ёзиш чоғидаги вазифалари тўғрисида мулоҳаза» (1755), «Ернинг қатламлари ҳақида» (1763).
1753 йилнинг 1 мартида Ломоносовга император Елизаветанинг фармойиши билан дворянлик мартабаси берилади. Шунингдек, Копорск уездидан 9 минг ботмон ер ва 212 нафар крепостной деҳқон ажратилди.
Ломоносов 1765 йилнинг 4 апрелида вафот этди. Орадан бир йил ўтгач, рафиқаси Елизавета Андреевна ҳам ҳаётдан кўз юмди. Файласуфнинг ёлғиз фарзанди Елена эса киевлик руҳоний билан турмуш қурди ва 22 ёшида оламдан ўтди.
* * *
Ривоятларга қараганда, М.Ломоносов Россия ҳукмдори Пётр I нинг (1672-1725 йиллари) никоҳсиз фарзанди бўлган. Маълумки, Пётр I нинг нимжон, бемеҳр шаҳзода Алексейдан бўлак меросхўри йўқ эди. Шу сабабли бир куни Пётр I мастликда: «Қайси соҳибжамол менга ўғил туғиб берса, ким бўлишидан қатъи назар, уни малика деб эълон қиламан» деб юборади. Бундан фойдаланган Архангельскдаги руҳоний бойваччалар 1711 йилнинг 17 январида Усть Тоснога дам олгани келган Пётр I га холмогорлик соҳибжамол етим қиз Еленани «туҳфа» этадилар. Орадан кўп ўтмай, Елена шахсан Пётр I нинг фармойиши билан Двинск қишлоқ оқсоқоли Лука Ломоносовнинг жияни Василий Дорофеевга унаштирилади. Пётр I қўшмачи бойваччаларга: «Агар ўғил фарзанд туғилса, унга бувасининг хотираси учун Михайло деб исм қўйинг. Ўғлим ҳамда унга оталик қилмиш кимса Ломоносов фамилиясини қабул этсинлар. Бу оила Лука Ломоносов қарамоғида, унинг назорати остида яшасин. Бу сир ниҳоятда махфий сақланиши зарурлигини унутманг. Боланинг моддий, молиявий таъминотини ўз зиммамга оламан», — дея амр этган.
* * *
Ҳақиқат ва ишонч моҳиятан икки туғишган опа-сингил, илоҳий ота-она фарзандларидир; улар ҳеч қачон ўзаро сен-менга бормайдилар, фақат баъзи бировлар шуҳратпарастлик орқасидан ўзбилармонликларини кўз-кўз қилиш мақсадида уларнинг ўртасига низо соладилар.
* * *
Худонинг иродасини паргар (циркуль) ёрдамида ўлчашга жазм этган риёзиётчи хато қилади. Аммо Инжил орқали фалакиёт ёки кимё илмини ўрганиш мумкин деб ўйловчи илоҳиётчи ҳам ноҳақдир.
* * *
Амалиёт қонунини фалсафий билимлар билан тўлдирмоқ керак.
* * *
Табиат таҳлили қийин, аммо ёқимли, фойдали ва олижаноб иш.
* * *
Жисмларнинг хусусий сифатларини механика қонунлари билан тушунтириш мумкин.
* * *
Жисмларнинг моҳияти тортишиш ва инерция кучида мужассамдир.
* * *
Кўпчиликда атомларга таянувчи фалсафий метод ё нарсаларнинг келиб чиқишини тушунтириб беролмайди, ёки Яратувчини инкор этади, деган қатъий ишонч мавжуд. Бу хулосаларнинг ҳар иккиси ҳам хато. Зеро, ҳеч бир табиий асос материя ва умумий ҳаракатнинг моҳиятини аниқ-равшан ҳамда тўлиқ изоҳлаб беролмайди, қолаверса, бирор-бир табиий асос йўқки, у қудратли ҳаракатлантирувчи кучнинг мавжудлигини зўр бериб тақозо этса.