Вольтер (Франсуа-Мари Аруэ) (1694-1778)

Франциялик файласуф Франсуа-Мари Аруэ (Вольтер – унинг тахаллуси) нотариус Франсуа Аруэ оиласида дунёга келди.

У 5 ёшидан бошлаб шеърлар машқ қилди. Коллежда ўқиб юрган чоғларида яхши ўзлаштиргани учун мукофотлар билан тақдирланди. Ёш Вольтер қайси даврага кирмасин, ҳамманинг диққатини ўзига тортар, зукколиги, топқирлиги, шўхлиги билан бошқалардан ажралиб турарди.

Жўшқин табиатли Вольтер ўзининг ҳукмрон доираларга ҳам тегиб кетадиган заҳархандалик йўғрилган тийиқсиз ижоди туфайли кўпинча киборларнинг жанжалига аралашиб қоларди. 1717 йилда шундай жанжаллар туфайли Вольтер Бастилия қалъасида 11 ой тутқунликда сақланди. У қамоқхонада ҳам ижод қилишдан тўхтамай, ўзининг машҳур «Эдип» трагедияси ва «Генриада» достонини ёзиб тугатди.

Вольтер бадиий ижоднинг ҳамма соҳаларида ажойиб асарлар ёзган. Унинг фалсафий изланишлари ранг-баранг ва кенг қамровли, ўзига хос, янги, кутилмаган назарий ёндашувларга бой эди. Кўплаб давлатларнинг тождорлари Вольтерга хушомад қилганлар. Франция қироли Людовик XV у билан эҳтиёткорона муносабатда бўлган. Рим папаси Бендикт XIV буюк файласуфга мақтовли мактублар битган. Россия маликаси Екатерина II Вольтер билан узоқ муддат хат ёзишиб турган. Айниқса, Пруссия қироли Фридрих II Вольтерни жуда эъзозлаган.

1758 йилда Вольтер Швейцария чегараси яқинида жойлашган Ферне қалъасини сотиб олади. У ҳаётининг сўнгги 20 йилини шу ерда ўтказади.

Вольтернинг қуйидаги асарлари маълум: «Фалсафий мактублар», «Орлеанлик бокира қиз», «Ньютон фалсафаси асослари», «Мемнон ёки инсоний Донолик», «Суқрот», «Кандид ёки некбинлик», «Скифлар» (трагедия), «Табиат мўъжизалари ҳақида», «Руҳ ҳақида», «Тарих фалсафаси» (биринчи бўлиб «тарих фалсафаси» деган атамани Вольтер қўллаган) ва ҳоказо.

1778 йилда Вольтер дўстининг қистови билан Парижга келади. Париж аҳолиси Вольтерни жуда катта тантана билан кутиб олади. Шу куни Вольтернинг дафна (лавр) япроғидан ясалган чамбар кийдирилган бюсти ўрнатилган Париж театри саҳнасида унинг сўнгги «Ирина» (1778 й.) деб номланган фожиавий асари намойиш этилади. Бироқ бу тантаналар, сершовқин Париж Вольтерни ҳолдан тойдириб қўяди.

У 1778 йилнинг 30 майи оқшомида ҳаётдан кўз юмади.

* * *

Аъло нарса – яхши нарсанинг душмани.

* * *

Тангрим, мени дўстлардан паноҳингда сақла – душманларни ўзим эплайман.

* * *

«Вольтер: «Одамлар қанчалик маърифатли бўлсалар, шунчалик эркиндирлар», — деб таълим берганди. Унинг издошлари эса халққа: «Сиз қанчалик эркин бўлсангиз, шунчалик маърифатлидирсиз», — деб уқтирдилар. Ҳалокатнинг сири ана шунда», — деб ёзганди француз маърифатпарвари Антуан Ривароль (1753-1801 й.).

* * *

Мен фақат шубҳаланишнигина биламан.

* * *

Мен ҳақиқат деб аталувчи фалсафа тошини излаб 40 йил дунёнинг турли бурчакларида бўлдим, антик дунё намояндалари Эпикур ва Августин, Афлотун ва Мальбранше билан кенгашдим. Аммо излаганимни тополмай, қашшоқлигимча қолдим.

* * *

Ҳар қандай ижод намунаси ижодкор тўғрисида гувоҳлик беради. Ҳеч нарса мени бу оддий аксиомадан қайтаролмайди.

* * *

Тасодиф йўқ нарса. Биз сабабини изоҳлашга чоғимиз келмаган ҳаракатларни тасодиф деб атаймиз. Сабабсиз ҳаракат ва моҳиятсиз мавжудлик бўлмайди.

Бу фикр барча файласуфларнинг бош қоидасидир.

* * *

Улкан бинонинг митти кавакларида яшайдиган сичқонлар бино яна қанча туриши ва уни ким қурганидан бехабар умр кечирадилар. Улар фақат узоқ яшаш ва инларини бузғунчи жониворлардан омон сақлашга ҳаракат қиладилар. Биз ҳам сичқонлар кабимиз ва Коинотни бунёд этган Олий меъмор ҳеч биримизга ўз сирини ошкор этмайди.

* * *

Ижтимоий адолат – ҳам табиий, ҳам хаёлий ғоя. Бизнинг шўрпешона сайёрамизда жамоа-жамоа бўлиб яшовчи одамлар учун буйруқ берувчи бадавлатлар ва уларга хизмат қилувчи камбағаллардан иборат иккита синфга бўлинишдан ўзга чора йўқ.

* * *

Ҳузур-ҳаловат бағишловчи ишни бажариш – озодлик белгиси.

* * *

Ҳалол одамни таъқиб қилиш мумкин, аммо уни шарманда қилиб бўлмайди.

* * *

Ўлим энг катта жисмоний ёвузлик бўлса, уруш энг катта ахлоқий ёвузликдир.

* * *

Ёвузлик имкони кунда юз бор, яхшилик имкони йилда бир бор намоён бўлади.

* * *

Биз бу ёруғ жаҳонда икки лаҳза яшаймиз ва унинг бирини мулоҳазаларга бағишлаймиз.

* * *

Асллик ва гўзаллик мезонлари ҳамма замонларда ва ҳамма халқларда бир хил бўлиб келган.

* * *

Бугунги кундаги ҳар қандай воқелик ўтган куннинг ҳосиласи ва келажакнинг отасидир… Сабабнинг бечигал, мустаҳкам занжири мангудир. Тақдири азал табиатнинг яхлит қонунидир.

* * *

Бидъат – инсониятнинг энг мудҳиш ғаними.

* * *

Мутаассибликдан нафратланувчи янги авлод етилмоқда. Ҳадемай шундай кун келадики, файласуфлар раҳбарликни ўз қўлларига оладилар. Ақл-идрок салтанати қад ростлайди.

* * *

Инсон юқорига ўрлаган аланга ва пастга шўнғиган тош каби туғилиши биланоқ ҳаракатга интилади.

* * *

Бидъатни масхаралашдан чўчиманг, дўстларим. Менимча, бидъатни маҳв этиш учун уни кулгили қилиб кўрсатишдан яхшироқ восита йўқ. Кулгили нарса эса хавфли бўлолмайди.

* * *

Доимий ҳузур-ҳаловатни йўқ деб ҳисобласа ҳам бўлади.

* * *

Бизга доимо борига шукр қилишни, орзу-истаклару қизиқувчанликни жиловлашни, нотинч кўнгилни итоатда тутишни маслаҳат берадилар. Бу жуда яхши. Аммо бундай панд-насиҳатларга доим амал қилганимизда ҳозир ҳам дуб ёнғоғини тановул қилиб, очиқ осмон остида ухлаётган бўлардик.

* * *

Одатий бўлиб қолган нарсалар кам қадрланади.

* * *

Эҳтирос кема елканларини шиширувчи шамолдир. Шамол баъзан кемани чўктириб юборса-да, лекин усиз сузиб бўлмайди. Бу дунёда ҳамма нарса хавфли ва айни дамда муҳимдир.

* * *

Ноўрин гўзаллик ўлимга маҳкум.

* * *

Фақат табиий нарсаларгина гўзалдир.

* * *

Табиатан инъом этилмаган қобилиятни ҳеч қайси ёшда қўлга киритиб бўлмайди. Аммо йўл қўйилган хатони исталган вақтда тузатиш мумкин.

* * *

Мен доим ўз метафизикамни ахлоққа яқинлаштиришга ҳаракат қиламан.

* * *

Сизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, аммо фикрингизни айтиш ҳуқуқингиз учун ҳаётимни бераман.

* * *

Фалсафа бизга олам тушунарсиз мангу борлиқ эканлигини ўргатади. Аммо у оламнинг сифатлари ва таркиби ҳақида аниқ сўз айтолмайди. Борлиқнинг табиати биз учун мутлақо англаб бўлмасдир.

* * *

Кимдаки, ўз ёшининг руҳи бўлмаса, у шу ёшнинг барча ғам-аламларини тортишга маҳкумдир.