Фарангистонлик мутафаккир, ёзувчи Жан де Лабрюйер ўртаҳол шаҳарлик оилада дунёга келди. У аввалига коллежда, кейин Орлеан дорилфунунининг ҳуқуқшунослик куллиётида таҳсил олди.
1673 йилда Лабрюйер Кан музофотининг бош молиявий хазиначиси лавозимини эгаллади.
Лабрюйер ўз замондоши бўлмиш машҳур нотиқ, йирик дин арбоби ва ёзувчи Боссюэ тавсияси билан 1684 йилдан шаҳзода Конденинг набирасига мураббийлик қила бошлади. Бола катта бўлгач, Лабрюйерга 1000 экю миқдорида нафақа тайинланди ва у умрининг охиригача шаҳзода хонадонида котиблик ва кутубхоначилик вазифасини бажарди.
Файласуф 1693 йилда Фарангистон академиясига аъзо қилиб сайланди.
* * *
Худонинг йўқлигини исботлаш имкони мавжуд эмаслигининг ўзиёқ менда Унинг борлигига ишонч уйғотади.
* * *
Эй, мақтанчоқ ва ўзбилармон одамзот! Лоақал оёғинг остида топталувчи оддий чувалчангни яратиб кўр-чи!
* * *
Яқинларимиз бизга қанчалар кўп ўхшасалар, уларни шунчалик яхши кўрамиз. Худди шунга ўхшаш биз ўзимизга тенг кўрадиган одамларни ҳурмат қиламиз.
* * *
Мен энг буюк сиёсатчидан фақат биргина одамни юқори қўяман. У ҳам бўлса, сиёсатга куч-қувват сарфлаш беҳуда эканлигини тушуниб етган кишидир.
* * *
Инсон қанча кам сўзласа, шунча кўп ютади. Чунки одамлар сукутдаги аҳмоқни ақлли деб ўйлашлари мумкин. Агар сукутдаги киши чинданда заковат эгаси бўлса, атрофдагилар унинг жуда ақлли одам эканлигига тўла ишонч ҳосил қиладилар.
* * *
Нотиқларни ҳарбийларга қиёс қилиш мумкин. Чунки улар ҳам бошқа касб эгаларига нисбатан кўпроқ хавф-хатарга рўпара бўладилар-у, аммо нисбатан тезроқ мартабага эришадилар.
* * *
Бир нарсани айтиш қийин: қатъиятсизлик кўпроқ раҳм-шафқатга лойиқми ёки нафратгами? Нотўғри қарор қабул қилиш хавфлими ёки умуман ҳеч қандай қарорга келмасликми?
* * *
Жиззаки, беқарор, тунд, инжиқ, уришқоқ одамга нисбатан: «Унинг бўлгани шу ўзи», — деган баҳонинг берилиши кўпчилик ўйлаганидек кечириш аломати эмас. Бу тилга олинган сифатларнинг тузатиб бўлмас қусур эканлигини беихтиёр эълон қилиш демакдир.
* * *
Биз умр бўйи муқаррар ўлимни кутиб яшаймиз. Ўлим қаршисидаги қўрқув ажалдан кўра ҳам азоблироқдир.
* * *
Халқ жунбушга келганда уни қандай тинчлантиришни ҳеч ким айтиб беролмайди, айни вақтда осойишта ва хотиржам халқнинг тинчлигини нима бузишини ҳам ҳеч ким билмайди.
* * *
Кўпинча одамлар қандай нуқсонлар туфайли юксакликка кўтарилган бўлсалар, айнан ўша нуқсонлар сабабли пастга қулайдилар.
* * *
Ўз сирларининг ошкор бўлишидан чўчиб яшаш ҳукмдорнинг бахтсизлигидир. Ёнида бу сирларни елкасида кўтара олишга қобил содиқ одамнинг борлиги эса ҳукмдорнинг бахтидир.
* * *
Яқин кишисининг ёмон феъл-атворига сабр этолмайдиган одамни намунали хулқ эгаси деб бўлмайди. Чунки олтин ҳам, оддий темир танга ҳам муомала учун бирдек зарурдир.
* * *
Сирнинг очилишига уни ўзгаларга ишонган одамнинг ўзи айбдордир.
* * *
Инсон фақат икки йўл билан юқори мартабага эришиши мумкин: эпчиллик ва ёки бошқаларнинг нодонлиги ёрдамида.
* * *
Сахийлик инъом этилган нарсаларнинг миқдори билан эмас, балки ўз вақтида берилиши билан ўлчанади.
* * *
Ҳижрон азоби ўзинг нафратланадиган одам билан яшашдан кўра енгилроқдир.