Фарангистонлик файласуф герцог Франсуа де Ларошфуко қирол хонадонига қариндошлик ришталари билан боғланган киборлар оиласида туғилиб ўсди.
Ларошфуконинг болалик йиллари Анумуа музофотининг Вертей қалъасида жойлашган ота мулкида ўтган. Оиланинг тўнғич фарзанди (фарзандлар жами 12 нафар эди) бўлгани учун уни отасининг исми билан, яъни шаҳзода Марсийяк деб аташган. Франсуа 15 ёшида уйланган ва 8 та фарзанд кўрган.
Ларошфуко 27 ёшида Парижга келади ва қиролича Анна Австрийская томонида туриб, унинг ғаними кардинал Ришельега қарши сарой фитналарида қатнашади.
1648-1652 йилларда Ларошфуко фаранг аслзодалари (Фронда)нинг қирол ҳукуматига қарши исёнига бошчилик қилади. Бу ғалаёндаги иштироки Ларошфукога одамзотга доир янги ҳақиқатларни англаб олишига ёрдам беради. 1664 йилда унинг «Максималар ёки ахлоқий мушоҳадалар» («максима» лотинча асосий қоида, деган маънони англатади) номли машҳур китоби нашр этилади. Бундан ташқари унинг қуйидаги асарлари маълум: «Шаҳзода де Марсийяк мадҳияси» (1649 й), «Ларошфуконинг ўз портрети» (1658 й), «Эсдаликлар» (1662 й).
Ларошфуконинг ўзи тан олишича, у аксарият ҳикматли сўзларни ғазаб отига миниб, бекор ўтирган чоғларида ёзган.
Файласуфнинг феъл-атвори шу қадар тушкунликка мойил бўлганки, унинг кулганини йил давомида атиги бир ёки икки марта кўришган.
Лев Толстой Ларошфуконинг ҳикматли сўзлар тўплами билан танишгач, шундай деб ёзганди: «… Гарчи бу китобда биргина ҳақиқат – иззатталаблик инсон хатти-ҳаракатининг ҳаракатлантирувчи куч деган ғоя илгари сурилган бўлса-да, муаллифнинг турлича ёндашуви туфайли бу фикр ҳар гал янгича ва ҳайратланарли бир тарзда талқин этилган. Ушбу китобни зўр иштиёқ билан ўқиб чиқдим. У одамларни нафақат ўйлашга, балки ўз фикрини аниқ, жонли, лўнда ва нафис тарзда ифодалашга ўргатади. Уйғониш давридан буён Ларошфукодан бошқа ҳеч ким бунинг уддасидан чиқолмаган».
* * *
Оламга тақдир ва инжиқлик ҳукмронлик қилади.
* * *
Фалсафа ўтмиш ва келажак ғам-ташвишлари устидан ғалаба нашидасини суради. Ҳозирдаги қайғу-кулфатлар эса фалсафа устидан зафар қозонади.
* * *
На Қуёшга, на ўлимга тик қараб бўлмас.
* * *
Саломатлик тана учун қанчалар муҳим бўлса, руҳ учун донолик шунчалар зарурдир.
* * *
Баъзан ақл бизга дадиллик билан нодонликка қўл уриш учун хизмат қилади.
* * *
Асл нотиқлик барча керакли нарсаларни меъёри билан айта олиш санъатидир.
* * *
Гуноҳ ишга қўл урган кишига насиҳат қилишга ундовчи нарса биздаги эзгулик эмас, манманликдир. Биз айбдорни тўғри йўлга солиш учун эмас, балки ўзимизнинг гуноҳсизлигимизга бошқаларни ишонтириш учун ваъзхонлик қиламиз.
* * *
Шодланиш ва қайғуриш даражаси содир бўлган воқеанинг кўламига эмас, балки бизнинг таъсирчанлигимизга боғлиқдир.
* * *
Майда ишларни ўта тиришқоқлик билан амалга оширувчилар кўпинча буюк ишларга қодир бўлолмайдилар.
* * *
Ҳамма хотирасидан нолийди-ю, лекин ҳеч ким ақлидан нолимайди.
* * *
Севгига аниқ таъриф бериб бўлмайди. Севги қалб учун ҳокимлик қилиш истаги, ақл учун ички ўхшашликка интилиш истаги, тана учун эса эгаликка интилувчи нозик ва пинҳоний истакдир.
* * *
Кексаликда ташқи қиёфадаги қусурлар билиниб қолгани каби ақлий ноқислик ҳам ошкор бўлади.
* * *
Одамлар кўпинча гуноҳларини жазосиз қолдириш имкониятига эга бўлиш учун яхшилик қиладилар.
* * *
Меваларнинг етилиш вақти бўлгани каби, инсоний фазилатларнинг ҳам камолга етиш фурсати мавжуд.
* * *
Дорилар таркибида заҳар бўлгани каби, эзгуликка ҳам қусур аралашиши мумкин.
* * *
Кўпгина одамлардаги адолатсеварлик адолатсизликка рўпара бўлишдан чўчиш белгиси ҳисобланади.
* * *
Буюк одамларнинг узоқ муддатли мусибатларга дош беролмай букилиб қолиши, уларга руҳий куч-қудрат эмас, балки иззат-нафс таянч бўлганидан дарак беради.
* * *
Қаҳрамонлар ўзларининг ўта шуҳратпарастлиги билан оддий одамлардан фарқ қилади.
* * *
Ҳар қандай одамга ва амалларга муайян масофадан туриб назар солмоқ жоиз. Чунки баъзи одамларни яқиндан қараб тушуниш мумкин бўлса, бошқаларни фақат узоқроқдан разм ташлаб англаш мумкин.
* * *
Ақлли ва ёқимли суҳбатдошларнинг танқислиги сабабларидан бири кўпчилик одамларнинг ўзгалар фикрига эмас, ўз шахсий мулоҳазаларига жавоб излашларидадир.
* * *
Буюк одамларнинг шуҳрати доимо уларнинг бу мақомга эришишда қандай воситани қўллагани билан ўлчанмоғи лозим.
* * *
Буюк одамларнинг нуқсонлари ҳам буюкдир.
* * *
Бошқаларсиз яшай оламан дегувчилар катта хатога йўл қўядилар. Лекин менсиз ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди дегувчилар ундан ҳам кўпроқ адашадилар.
* * *
Ўзгаларнинг ишига аралашиб донолик кўрсатмоқ, шахсий муаммоларни донолик билан ҳал этишдан кўра осонроқдир.
* * *
Алданишнинг энг осон йўли ўзни бошқалардан айёрроқ деб ҳисоблашдадир.
* * *
Кўпинча сотқинликка атайин қўл урилмайди. У ожизлик туфайли содир этилади.
* * *
Одамларнинг устимиздан ҳукмронлик қилишига қаршилик кўрсатишдан кўра, уларнинг устидан ҳукм юритиш осонроқдир.
* * *
Ёлғиз ўзимизгагина аён хатоларимизни тез унутамиз.
* * *
Баъзи одамлар қўшиққа ўхшайди: улар тезда эътибордан қолишади.
* * *
Доимо ҳаммадан ақллироқ бўлиш истагидан кўра аҳмоқона хоҳиш йўқ.
* * *
Чаққонлигини ўзгалар назаридан яширишга қодир одамларни ҳақиқий эпчил деб аташ мумкин.
* * *
Сахийлик замирида кўпинча инъом этилаётган нарсадан ҳам қадрлироқ шуҳратпарастлик ётади.
* * *
Кўнглимиз қолган одамни қайта севолмаймиз.
* * *
Ҳукмдорларни ўзларида йўқ фазилатлар билан мақташ уларни ҳақоратлаш билан тенгдир. Одатда бундай ҳақорат жазосиз қолади.
* * *
Инсоннинг қалби ва ақли ҳам худди она тили каби Ватан тимсолидир.
* * *
Муваффақиятсизликка учраган ҳар қандай мақсад ўз жозибасини йўқотади.
* * *
Биз ўзимизни қанчалик оғир шармандаликка дучор этмайлик, шаънимизни оқлаш имконияти деярли ҳар доим сақланиб қолади.
* * *
Бир одамни англашдан кўра, кўпчиликни тушуниш осонроқдир.
* * *
Душманларимизнинг биз ҳақимиздаги фикрлари ўзимизнинг бу ҳақдаги мулоҳазаларимизга нисбатан ҳақиқатга яқинроқдир.
* * *
Агар томонлардан фақат биттаси айбдор бўлганда, одамлар ўртасидаги низо бунчалар узоқ чўзилмасди.
* * *
Ўзимиз сақлай олмаган сирни очмасликни бошқалардан қандай талаб қилиш мумкин?
* * *
Биз аслида нима истаётганимизни ҳеч қачон охиригача тушуна олмаймиз.