Балтасар Грасиан Испаниянинг Блемонте қишлоғида эътиборли шифокор оиласида туғилиб ўсди. У болалигиданоқ ўз истеъдоди билан бошқалардан ажралиб турган.
Балтасар 1619 йилда диний мактабга ўқишга боради. 1619-1623 йилларда фалсафадан сабоқ олади. 1623 йилда эса Сарагосда илоҳиёт илмини ўрганади.
Файласуфнинг «Қаҳрамон» (ахлоқий-илмий асар, 1637 й.), «Сиёсатчи» (1640 й.), «Зукколик ёки Ўткир Ақл санъати» (1642 й.), «Критикон» (инсоннинг жамиятдаги йўли ҳақидаги ушбу фалсафий романнинг I қисми 1651 йилда, II қисми 1653 йилда, III қисми 1657 йилда ёзиб тугатилган) каби асарлари маълум.
Файласуф 1657 йилда туҳматга учраб, вазифасидан четлаштирилади (у Сарагос коллегиясида дарс берган) ва чекка Граус мавзесига сургун қилинади.
Грасиан ҳаётининг сўнгги йилларида сургуннинг оғир машаққатларини бошидан кечиради, муҳтожликда, таҳқир ва таъқиблар остида яшайди. Унга ҳатто кулбасида қоғоз ва қалам сақлашни ҳам тақиқлаб қўядилар. Балтасар қанча уринмасин, ўзининг севимли муаллимлик ва ваъзгўйлик фаолиятига қайтолмайди… бундан қаттиқ тушкунликка тушиб, эрта қарийди ва хасталикка чалинади.
* * *
Балтасар Грасиан донолик илмидан сабоқ бериб, оқилу доно бўлишни истовчи ҳар бир одам учун қуйидагиларни фарз деб билади:
Ўзгалар сенга муҳтожлик сезишсин ва бу қоида сенинг энг биринчи қуролинг бўлсин.
* * *
Ўзингдан юқори мавқедагилар устидан ғалаба қозонишдан тийил. Зафар қучмоқлик адоват туғдиради. Ўз соҳибининг устидан ғалабага эришмоқлик ҳам ақлсизлик, ҳам хавфлидир. Инсон ўз гўзаллигини палапартиш кийиниш воситасида кўздан яшира олгани каби, агар ҳаракат қилса, ўз устунлигини ҳам пардалай олиши мумкин.
* * *
Ғанимнинг диққатини чалғитишга урин. Ҳаракатларингни мунтазам ўзгартириб тур. Зеро, тўғри учиб бораётган қушни уриб тушириш, айланма ҳаракат билан чарх ураётган қушни нишонга олишдан кўра осонроқдир. Бир хиллик – сирингни очади, режани фош этади.
* * *
Меъёридан ортиқ умидланма. Одатда ҳаддан ортиқ мақталган нарса ишончни оқламайди. Воқелик ҳеч қачон хаёлот ортидан эргашмайди. Зеро, орзу қилмоқ осон, аммо унга эришмоқ ғоят мушкул.
* * *
Ўзидаги нуқсонни фазилатга айлантира олиш санъати, айниқса, қадрлидир. Тепакал Цезарь бошига доимо дафна дарахти япроғидан ясалган тож кийиб юрган.
* * *
Ҳар бир одамнинг қалбига йўл топа бил. Одамларни бошқара билиш санъати ана шундадир. Бунинг учун довюрак бўлиш шарт эмас. Ҳар бир одам табиатан турли нарсаларга майл қўяди. Кимдир обрў-эътиборга ўч бўлса, бошқа бировни фақат ўз манфаати қизиқтиради. Кўпчилик роҳат-фароғатни афзал билади. Сен аввал одамларнинг шу нарсалардан қай бирига мойиллигини бил-да, кейин уларнинг кўнглига йўл топиш учун керакли воситани қўлла.
* * *
Зарурият туғилганда ўзингни четга олишни ҳам бил. Оламда беҳуда машғулотлар кўп… Лекин ҳеч иш қилмагандан кўра, беҳуда иш билан машғул бўлган ҳам яхшироқ. Ақлли одам ҳеч кимнинг кўнглига урмайди. Шунингдек, у ўзгалардан безор бўлмасликнинг ғамини ҳам емоғи жоиз. Ҳаммага тегишли одамнинг ихтиёри ўзида бўлмайди. Ўзингни ҳатто дўстлардан ҳам чегаралай бил. Улардан имкониятидан ортиқ ҳеч нарса талаб қилма. Ҳаддан ошмоқлик, айниқса, одамлар билан муомалада меъёрни сақлай билмаслик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди.
* * *
Муносиб равишда чекина билиш мардонавор ҳужум қилиш каби муҳимдир. Мақсадингга эришгандан сўнг ўзингни тўхтата бил. Омад устига омад келавериши шубҳалидир. Омаднинг кетидан қувиш оқибатида аввал эришган ҳамма нарсангни бой бериб қўйишинг ҳеч гап эмас. Баъзан шундай бўладики, омад сенга қисқа фурсатли, аммо буюк марҳамат кўрсатади. Лекин бахти чопган одамни доимо кафтида кўтариб юриш бир кун келиб омаднинг ҳам жонига тегади.
* * *
Кутишнинг ҳадисини ол. Ақлингга бўйсуниб, сабр билан иш тутсанг, омад сенга пешвоз чиқади.
* * *
Ўзлигингни бирваракайига намойиш этма. Акс ҳолда, эртага ҳеч кимни ҳайратга сололмайсан. Шу боис одамларга ҳар куни бирор янгилик ҳадя этиш учун ниманидир ўзингда олиб қол. Атрофдагилар бундай одамдан кўп нарса кутадилар ва ҳеч қачон унинг хазинаси тагига етолмайдилар.
* * *
Устунлик — биринчиликда. Иккинчи бўлган қанчалик тер тўкмасин, ҳеч қачон тақлидчи деган тамғадан қутулолмайди. Донолар янгилик яратиб, қаҳрамонлар рўйхатидан ўрин оладилар. Баъзилар биринчи қаторда иккинчи бўлгандан кўра, иккинчи қаторда биринчи ўринни эгаллашни афзал кўришади.
* * *
Рад этишни бил. Ҳеч қачон кескин рад жавобини берма – бу садоқат узвларини кесмоқ билан баробар. Озгина умид қилишга имкон қолдир. Бу умид раддия аламини камайтиради. Илтифот кемтик мурувватнинг, яхши сўз бажарилмай қолган ишнинг ўрнини тўлдиради.
* * *
Қатъиятли бўл. Инсон бахт юлдузига ишониб, қатъият билан ишга киришмоғи лозим. Билгилки, кўлмак сув тез айнийди, оқар сув эса доим зилол ва беғубордир.
* * *
Чап бермоқни ўрган. Йўл топа билиш ақлли кишиларнинг ишидир. Улар ўринли ва ажойиб бир ҳазил билан ҳар қандай қийин ва ноқулай вазиятдан чиқиб кета оладилар. Бир табассум билан мақсадга етиб, аёвсиз баҳсдан омон чиқадилар. Баъзан эса ўзини тушунмаганликка солишдан кўра ақллироқ йўл қолмайди.
* * *
Доимо янгиланиш сари одимла! Энг аъло нарса ҳам эскиради, шу билан бир қаторда шон-шуҳрат ҳам. Одат – ҳайратнинг кушандаси. Бас, шундай экан, ҳар жабҳада – имконият, ғалаба, мардлик бобида ўзингни янгидан кўрсат. Худди қуёш янглиғ янги-янги бетакрор жилва қилиб, ўзингни намоён қил.
* * *
Ортиқча қайсарликдан ўзингни тий! Зотан, пўртахолни тўхтовсиз эзсанг, тахири чиқади. Истеъдодни беҳуда сарфламоқ эса унинг тез сўнишига олиб келади.
* * *
Ҳеч қачон ўз ҳақингда гапирма! Чунки ё ўзингни мақташга, ёхуд ёмонлашга тўғри келади. Ўзи ҳақида сўзламоқлик ақлга қарши иш тутмоқликдир. Бундан ташқари сен тингловчини ҳам зериктириб қўясан.
* * *
Давр билан ҳамнафас яша. Жуда билимдон бўлган тақдирингда ҳам замонга қараб иш тут. Йиллар ўтиб борар экан, қарашлар ҳам, урфлар ҳам ўзгаради. Эскича фикрлашдан қоч. Замона зайлига мослаш.
* * *
Ҳаёт – ўйин.
* * *
Якка қолиб, доно бўлгандан кўра, кўпга қўшилиб аҳмоқ бўлган афзалроқ.
* * *
Доно киши ҳаммани қадрлайди. Чунки у ҳар бир одамнинг яхши томонини кўра олади.
* * *
Қилмиш – фикрлар меваси. Яхши фикр яхши амал демакдир.
* * *
Нутқ – амалнинг сояси.
* * *
Қасос олишнинг энг яхши йўли – унутиш. Унутишдан душман ўзининг ночор, арзимас бир кимса эканлигини англаб, куйиб кул бўлади.
* * *
Икки нарса инсонни тез адо қилади: бири – аҳмоқлик, иккинчиси – ахлоқсизлик. Баъзилар умрни асрашни билмагани боис, айримлар эса буни истамаганлари учун ҳалокатга юз тутадилар.
* * *
Йўлинг ойдин бўлмаса, доно ва эҳтиёткор одамларнинг этагидан тут. Улар эртами-кечми сени тўғри йўлга олиб чиқадилар.
* * *
Инсонга йигирма ёшида туйғулар, ўттизида истеъдод, қирқида ақл-заковат ҳукмронлик қилади.
* * *
Гап киришингда сени оломон олқиш билан қарши олишида эмас, балки кетишингдан қайғуга тушишидадир.
* * *
Ғайрат билан омихта ўртачалик ҳафсаласизлик билан йўғрилган истеъдоддан кўра кўпроқ наф келтиради.
* * *
Ишонч беғамликка айланмаслиги учун енгил ишга ҳам оғир иш деб қара. Ишончсизлик қўрқоқликка айланмаслиги учун эса мушкул ишга енгил иш деб қара.
* * *
Эҳтироснинг кўзи кўр. У нимага тегинмасин, ҳамма нарсани ўз рангига бўяйди. Таассурот уйғотиш – унинг учун энг асосий нарса.
* * *
Томошабин ўйинчидан кўпроқ нарсани кўра олади.
* * *
Ҳар қандай давомийлик тараққиёт бўлолмайди.