Фарангистонлик файласуф, риёзатчи, тиббиётшунос олим ва услубий назариётчи Рене Декарт Турен музофотининг Лаэ шаҳарчасида дворян оиласида дунёга келди.
1606 йилнинг баҳорида отаси Декартни Ла-Флешдаги диний коллежга ўқишга жўнатади.
1618 йилда Декарт Голландияга жўнайди ва ўз хоҳиши билан армияга ёлланиб, испан-австрия қўшинларига қарши курашда иштирок этади.
1619 йилдан бошлаб Декарт фалсафа билан жиддий шуғулланишга киришади.
1625 йилда Декарт Парижга келади ва олимлар билан танишади. Файласуф бу ерда тарихда «одам журнал» деб ном қолдирган Мерсен Марен билан яқин дўст тутинади.
Рене Декарт табиатан қизиққон бўлса-да, баҳс ва тортишувлар чоғида доимо ўзини муносиб тута билган. У биринчи бўлиб «Эфир» атамасини ва у ҳақидаги ғояни фан оламига олиб кирди. «Фикрлаяпман, демак мавжудман», — деган нақлни ҳам Декарт ўйлаб топган. Шунингдек, у биринчи бўлиб, камалакнинг пайдо бўлиш сабаблари ва унинг табиатини тушунтириб берди.
Декарт 1650 йилнинг 11 февралида етти кун давом этган аёвсиз безгак хуружидан сўнг вафот этади.
Бизгача Рене Декартнинг қуйидаги асарлари етиб келган: «Ақлни бошқариш қоидалари», «Коинот ёки олам ҳақида мушоҳадалар», «Фалсафа ибтидоси», «Услуб ҳақида мушоҳадалар», «Ҳандаса» ва бошқалар.
* * *
Ҳурлик ва бўш вақт… Бу икки нарсага мен шунчалар тўлақонли эгалик қиламан ва уни шу даражада қадрлайманки, бундай имтиёз ва ҳузурни сотиб олишга оламдаги энг бадавлат подшоҳнинг ҳам қурби етмайди.
* * *
Табиат менга шундай заковат ато этганки, илмий фаолиятимда ўзгаларнинг фикрини эшитишдан эмас, балки доимо ўз шахсий қарашларимни шакллантиришга интилишдан завқ оламан.
* * *
Барча фанлар бир-бири билан шу қадар чамбарчас боғланиб кетганки, уларни битта-битталаб ўрганишдан кўра, бирваракайига ўзлаштириш осонроқдир.
* * *
Умид – кўнгилдаги истакнинг рўёбга чиқишига ўзни ишонтирмоқ, демак. Қўрқув эса орзу-истаклар рўёбга чиқмаслигига ишонтирувчи руҳий мойилликдир.
* * *
Ўзликни англашдан кўра сермаҳсулроқ машғулот йўқдир.
* * *
Қадр-қимматини билган одам бошқаларнинг ўзидан кўра ақллироқ, илмлироқ ва гўзалроқ бўлишидан чўчимайди. У аслида бошқалардан устунроқ бўлса ҳам ҳеч қачон ўзини юқори тутмайди.
* * *
Кучли ва олижаноб одамларнинг кайфияти хотиржамлик онларида ҳам, кулфатга рўпара бўлганда ҳам ўзгармайди.
* * *
Уят инсоннинг ўзини ўзи яхши кўришига асосланган ва танбеҳ эшитишдан чўчиши туфайли пайдо бўладиган қайғунинг бир кўринишидир.
* * *
Ақлли бўлишнинг ўзи етарли эмас. Энг асосийси ақлни амалда қўллай билишдадир.
* * *
Донишмандлик нафақат амалий мулоҳазакорлик, балки инсон англашга қодир бўлган илмларни мукаммал эгаллаш демакдир.
* * *
Сен тақдири азални эмас, аввало ўзингни енгишга ҳаракат қил. Дунёни тартибга солишга уринма, энг аввал ўз истакларингни бошқара бил.
* * *
Қўлингдан келмайдиган ва ўзгалар кўмагисиз эришишга кўзинг етмайдиган нарсаларни орзу қилма. Сенинг энг катта бойлигинг – ҳурлигинг. Ҳурлик сенга гўзаллик, давлат, обрў-эътибор, куч-қувват бағишлай олмайди, лекин у сени нарсаларга эмас, ўзингга хон, ўзингга бек бўлишингни таъминлайди.