Фаранг файласуфи Монтен XV асрга келиб дворянлик даражасига эришган савдогар Эйкемлар сулоласига мансуб.
Ёш Монтен Тулуза дорилфунунида таҳсил олди. У, айниқса, файласуфлар Сенека ва Плутарх таълимотини қунт билан ўрганди. Файласуф ўзининг жуда бой шахсий кутубхонаси билан ном қозонган.
Монтен ўзининг бор қобилиятини энг кўҳна ва мустаҳкам илм — ўзини ўзи англаш илмига бағишлади. Файласуфнинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: «Мен ўзимни ўрганаман. Ана шу тадқиқотим мен учун ҳам физика, ҳам метафизикадир».
Монтен — инсон қалбининг хилват кенгликларини, феъл-атворининг ўзига хос қирраларини, унинг фавқулодда вазиятдаги хатти-ҳаракатларини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Уни олам унсурлари эмас, «шахс унсури», «хатти-ҳаракат узвлари мажмуаси», заковат туҳфаларию юрак сирлари қизиқтирарди.
Монтеннинг бизга қадар 3 китобдан иборат «Эссе» («Тадқиқотлар», 1580-1588 й.) асари етиб келган.
«Эссе» — лотинча сўз бўлиб, «ўз устида тажриба ўтказиш» деган маънони англатади. Монтеннинг бу асари турли мавзулардаги фалсафий тадқиқотлар мажмуидан иборат. Бу асарда 3000 та иқтибос келтирилган: авлиё Павел насиҳатларидан 14 та, «Кўҳна Аҳд»дан 12 та, Инжилдан 4 та. Шунингдек, алломалар Экклезиаст, Вергилий, Гораций, Афлотун, Эпикур, Лукреций, Плутарх ва Сенека каби алломалардан олинган бир неча юзлаб иқтибослар ҳам ушбу асарда акс этган. Монтен асарларида қайси мавзуга мурожаат қилмасин, аввал ўз шахсий ёндашувини, кейин эса мисолларни баён этади. Баъзан эса аксинча йўл тутади.
Монтен Бордо парламентининг маслаҳатчиси, кейинроқ эса Бордо шаҳрининг ҳокими бўлиб хизмат қилган.
* * *
Монтен дунёқарашининг ифодаси: «Мен нимани биламан?»
* * *
Монтен «Эссе» ҳақида шундай деб ёзади: «Китобимнинг мундарижаси — мен ўзимман». Волтер унинг бу фикрини шарҳлаб, шундай деганди: «Монтеннинг соддадилларча ўзини-ўзи таърифлаши ўзига хос гўзаллик касб этади. У шу йўл билан охир-оқибат инсоннинг умумий тимсолини яратди».
* * *
Гюстав Флобер (1821-1880) Монтен ҳақида шундай ёзади: «Қандай китоб ўқиш кераклиги билан қизиқаяпсизми? Монтенни ўқинг. Ўқиганда ҳам шошмасдан, оҳиста ўқинг! Қалбингиз буюк донолар фикри билан тўйинган закийлик муҳитидан баҳра олсин. Шу боис мен сизга дастлаб Монтенни ўқишингизни маслаҳат бераман. Уни бошидан охиригача ўқиб тугатгандан кейин, яна қайта мутолаа қилишга киришинг».
* * *
Бу оламнинг жамики доноликлари ва фикр-мулоҳазалари одамларни ўлимдан қўрқмасликка ўргатишга бориб тақалади.
* * *
Жоҳилликдан қутулмоқни истасанг, аввал унга иқрор бўл… Ҳар қандай фалсафанинг ибтидосида ҳайрат ётади, тадқиқот унинг ривожи, билимсизлик эса интиҳосидир.
* * *
Табиатда ҳеч нарса фойдасиз эмас. Ҳатто фойдасизликнинг ўзи ҳам фойдалидир.
* * *
Инсон қолган барча тирик мавжудотлардан баланд ҳам, тубан ҳам эмас.
* * *
Мўъжиза бизнинг табиат борасидаги билимларимиз етарли эмаслиги туфайли келиб чиқади. У табиатга хос сифат эмас.
* * *
Ҳақиқат ҳақида ўзганинг шоҳидлиги ёки бошқа бир одамнинг нуфузига қараб фикрлаш ножоиздир.
* * *
Мен ўзимга қарши чиқишим мумкин, лекин ҳеч қачон ҳақиқатга қарши боролмайман.
* * *
Ҳар қандай билим туйғуларимиз орқали эгалланади. Биз туйғулар измидамиз. Илм туйғудан бошланади ва у билан тугайди.
* * *
Инсон аслида ким бўлса ўшадир: у ўз тажрибаси доирасидагина фикр юрита олади; ҳарчанд уринмасин, фақат ўз қалбинигина била олади.
* * *
Илмга мойилликдан кўра табиийроқ интилиш бўлмайди. Идрок ожизлик қилгач, ундан кўра кучсизроқ восита — тажрибага суянамиз. Лекин ҳақиқат шундай улуғ нарсаки, унга етишиш йўлида ҳеч қандай воситага суянмаслик жоиз.
* * *
Биз отни эгар-жабдуғи эмас, кучи ва чопқирлиги учун мақтаймиз. Нима учун бир одамга баҳо беришда ҳам шундай йўл тутмаймиз? У бой-бадавлат бўлиши, ҳашаматли уйда яшаши, катта даромад ва обрў-эътибор соҳиби бўлиши мумкин. Лекин буларнинг барчаси унинг зоҳиринигина ўраб олган нарсалардир. Унинг ботинида нима бор? Мушукни қопи билан сотиб олмайсиз, тўғрими? Ёки от сотиб олаётганингизда, албатта, унинг устидаги аслаҳа-анжомни олиб ташлаб, табиий ҳолатига назар ташлайсиз. Нима учун одамга баҳо беришда уни ўраб турувчи ташқи зийнатларни мустасно этмайсиз?
* * *
…Ўзини ўзи англаёлмаган бу одамларнинг Нил дарёсидаги кўтарилиш ва қайтиш сабаблари ҳақидаги фикрларига қандай қилиб ишонай?
* * *
Агар менга иккинчи бор яшаш имконияти берилса, аввал қандай яшаган бўлсам, яна шундай яшаган бўлардим. Мен ўтган умримга ачинмайман ва келажакдан қўрқмайман.
* * *
Донишмандликнинг энг муҳим белгиси — доимий хотиржамлик.
* * *
Ихтиёрни ўзда сақлаб қолмоқлик — дунёдаги энг улуғ неъмат.
* * *
Одамлар ўзлари яхши билмайдиган нарсаларга бошқа нарсалардан кўра кўпроқ ишонадилар.
* * *
Ким нима деса десин-у, аммо ҳатто эзгуликнинг замирида ҳам ҳузурланиш ётади.
* * *
Ҳаёт эзгулик ҳам, ёвузлик ҳам эмас. У эзгулик ва ёвузликни ичига олувчи бир омбордир. Уни ё эзгулик, ё ёвузлик омборига айлантирадилар.
* * *
Қўрқоқлик — шафқатсизликнинг онаси.
* * *
Ноўрин гўзаллик ўз қадрини йўқотади.
* * *
Кимнидир тасвирлашга ҳар қанча уринмайлик, барибир, доимо ўз-ўзимизни акс эттирамиз.
* * *
Ўзини ўз табиий моҳиятида муносиб намоён қилмоқ комиллик белгиси ва деярли илоҳий сифат белгисидир. Биз одатда ўзлигимиздан қочиб, бошқача одам бўлишга интиламиз ва аслида нималарга қодирлигимизни билолмай ўтиб кетамиз.
* * *
Ҳеч ким бор пулини ўзгаларга улашиб бермайди. Лекин ҳар бир одам вақти ва ҳаётини атрофидагиларга бўлишиб беради.
Биз шу қадар исроф қиладиган, бироқ хасислик қилсак шунчалар фойдали ва мақтовга муносиб бўлган бошқа ҳеч нарса йўқ.
Йўлларнинг мингтаси мақсаддан узоқлаштиради, фақат биттаси мақсадга етказади.