Жалолиддин Румий (1207-1273)

Жалолиддин Румий Балх шаҳрида туғилиб ўсди. Уни баъзан Жалолиддин Балхий деб ҳам аташади.

Румий шеъриятнинг барча шаклларида мукаммал ижод қилди. У битган ғазаллар, рубоийлар ва маснавийлар шеърият бўстонининг дурдонасига айланган. Румий асарларида ташбеҳларга ўралган фалсафий, сўфиёна, теран ғояларга кенг ўрин берилган.

* * *

Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил.

* * *

Ўлимимдан сўнг мени қаро ердан эмас, маърифатли инсонларнинг қалбидан изланг.

* * *

Эзгуликдан бир қалъа барпо айлангким, маҳкамликда анга ҳеч нарса тенг бўлолмас.

* * *

Бу олам бир бору бир йўқ. Аста-аста кетганлар — йўқ, аста-аста келгувчилар бор.

* * *

Аё, сарв! Юксакларга интилмоқни бизга ҳам ўргат!

* * *

Ай, ғунча! Ўзликни намоён этмоқни ўргат!

УЗУМ ҲАҚИДА МАСАЛ

Бир-бирини тушунмаслик дўстни душманга айлантириши ҳақида Румийнинг шундай масали бор.

Турли тилда турлича айтилган бир сўз баъзан ўзаро низога сабаб бўлади. Турк, араб, форс ва юнон миллатидан бўлган тўрт нафар йўловчига бир сахий одам танга ҳадя этади. Йўловчилар ўртасида тангани қандай сарфлаш борасида жанжал чиқади. Форсий тилда сўзловчи йўловчи шерикларига:

— Юринглар, бозорга борамиз-да, ангур1 сотиб оламиз, —дейди.

— Эй фирибгар! — унинг сўзини бўлади араб. — Мен ангур эмас, эйнаб2 ейишни хоҳлайман!

Туркий йўловчи эса уларнинг ҳар иккисига эътироз билдириб, шундай дейди:

— Биродарлар, нега шовқин кўтарасиз, балки бу пулга узум сотиб олармиз?

Юнонистонлик йўловчи эса:

— Қандай одамсиз ўзи. Келинглар, стафил3 сотиб оламиз-да, маза қилиб еймиз, — дейди.

Шу тариқа тўрт йўловчи бир-бирини тушунмай, жанжаллашиб қоладилар. Аслида улар айнан бир нарсани исташарди.

Тўрт йўловчи билимсизлик, нодонлик туфайли бир-бирларини роса дўппослашди.

Агар уларнинг орасида юз тилни биладиган одам бўлганда бир сўз билан низога чек қўйиши мумкин эди.

ДЕҲҚОН ВА ШЕР

Бир куни тунда шер деҳқоннинг оғилхонасига кириб, сигирини ебди-да, ўша ернинг ўзида дам олгани чўзилибди. Деҳқон эса тунда уйғониб, шамни ҳам ёқмасдан сигиридан хабар олиш учун оғилхонага йўл олибди. У оғилхонага кирибди-да, пайпасланиб шернинг елкасини силабди. Шунда шернинг хаёлидан шундай сўзлар ўтибди: «Эҳ, икки оёқли нодон-а! У мени сигир деб ўйлади. Кундуз куни бўлганда мени кўриб, танамга қўл теккизиш уёқда турсин, қўрққанидан ўтакаси ёриларди!»

Эй доно одам, сен энг аввало нарсаларнинг моҳиятини бил, уларнинг алдамчи шаклига ишонма!

* * *

Сўз — либос. Маъно шу либос остига яширинган сир.

* * *

Кўзгуда ҳамма нарса тескари кўринади. Аммо биз кўзгусиз ўзимизни ҳеч қачон кўролмаган бўлардик.

Сен менга сўз ожиз, дединг. Агар ўзингни ҳақ деб билсанг, у ҳолда сўзнинг ожизлиги ҳақидаги сўзларинг ҳам ожиздир.