• Қуёш ботиш учун чиқади, инсон ўлиш учун туғилади.
• Қулоқ ― иккита, оғиз ― битта. Бас, икки марта эшитиб, бир марта сўзла.
• Ёмон хабарнинг қаноти бор, хушхабарнинг ― оёғи оқсоқ.
• Қуён тоққа аччиқ қилибди, тоғ сезмабди ҳам.
• Илон пўстини ташлайди, феълини ташламайди.
• Калнинг олдида ошқовоқ ҳақида гапирма.
• Билганга чивин ҳам дутор, билмаганга доим нимадир кам.
• Дўстинг сенга таъна қилса, душманинг куларкан.
• Шерни тирноғидан биладилар.
• Айиқ ўрмондан хафа бўлди, ўрмон хабарсиз қолди.
• Гўштни тирноқ билан кесиб бўлмайди.
• Сендан бирон нарса сўрашса шафқатсиз бўлма, сени эзғилашса мулойим турма.
• Қўтир эчки подани булғайди.
• Нодоннинг боши оғримайди.
• Оқ билан қора бир жойда чиқишмайди.
• Бўйдоқнинг бўйнида бит бор, унинг даромадини ит еб битиради.
• Кўзсиз яшаш мумкин, Ватансиз яшаб бўлмайди.
• Ишсизлик ― камбағаллик калити.
• Қисқа суҳбатда катта маъно.
• Туя пашша тутмайди.
• Тўпга ўрганган туя дўмбирадан чўчмайди.
• Чўпонга бўри керак эмас.
• Барча тирик жонзотлар ўлимга маҳкум.
• Ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин соқоли йўқнинг соқоли ўсмайди.
• Қорнинг ҳаммаси оқ, лекин ҳамма оқ нарса қор эмас.
• Мих тақани асрайди, тақа ― отни, от ― мардни, мард Ватанни асрайди.
• Қаерда хўроз кўп бўлса, тонг эрта отади.
• Аҳмоқ кундуз куни чироқ ёқади.
• Тувак тувакка “сенинг юзинг қора” деган экан.
• Дарахт ниҳоллигида эгилади.
• Агар туянинг қаноти бўлганида биронта ҳам том омон қолмасди.
• Йиғласа онам йиғлар, қолганлар ёлғон йиғлар.
• Пиёла пиёлага урилса, иккиси ҳам синади.
• Темир ишлатилмаса, занг босади.
• Ишлаётган темир ярқирайди.
• Уйланмоқчимисан ― кўзингга эмас, қулоғингга ишон.
• Мингта хола битта она бўлолмайди.
• Югурган ҳам, қувган ҳам Худо дейди.
• Қўйни ўз оёғидан боғлайдилар.
• Ҳар бахтсизликнинг яхши тарафи ҳам бўлади.
• Кўза ҳар куни сувга боради, кун келиб унинг дастаси қўлда қолади.
• Аждодлар қандай бўлса, авлодлар ҳам шундай бўлади.
• Пулинг бўлса, нарҳини билмайсан, нарҳини билганингда излаганингни тополмайсан.
• Чирой ― кўз учун, ақл ― қалб учун.
• Қон қон билан эмас, сув билан ювилади.
• Кўпга югурган, оздан ҳам қолади.
• Оз берган ― кўнгилдан берар, кўп берган ― бойликдан.
• Кўп гапирган кўп адашади.
• Атиргул терган тикандан қўрқмас.
• Ўт қаерга тушса, ўша ерни куйдиради.
• Ортиқча яхшилик бошни ёрмайди.
• Сигир болалагандан сўнггина бузоқ ҳақида гапириш мумкин.
• Ўнта ҳунарни чала билгандан биттасини тўлиқ ўрган.
• Ўзга боғдаги атиргулдан боғингдаги тикан афзал.
• Севги севгини келтиради.
• Ёш ўсади, қари қолади.
• Иштонни кўтармасдан балиқ тутолмайсан.
• Юзи гўзал гўзал эмас, севимли бўлгани гўзал.
• Оломон олдида эшагинингнинг думини кесма, биров узун деса, бошқаси калта дейди.
• Қарилар сўзини олмаганнинг қаригунча бири икки бўлмас.
• Меҳнат қилмай, қийинчилик кўрмай ― бахтга эришмайсан.
• Бировнинг эшигини қоқсанг, сеникини ҳам тақиллатишади.
• Бахтсизлик қўш келади.
• Харидор йўқ бўлса сотувчи не қилсин? Сотувчи йўқ бўлса ― харидор.
• Битта лайлак билан баҳор келиб қолмайди.
• Ёлғиз фарзанд ― душмандан баттар.
• Ёлғиз фарзанд ― фарзанд эмас, қўш фарзанд ― фарзанд.
• Эгизак бир онадан, икковининг феъли ҳар хил.
• Ёмон хабар ― узун оёқ, ғийбатчи ― узун қулоқ.
• Темир ишлаб турса, зангламайди.
• Даромад ва буромад ― дўст.
• Даромад ва буромад бир аравада юради.
• Сўраб-сўраб Истанбулни топасан.
• Ака укага ўлим ҳам тиламайди, омад ҳам.
• Балиқ бошдан сасийди.
• Одамнинг юраги тарвуз эмас, сўйиб томоша қилгани.
• Саримсоқнинг ширини бўлмайди.
• Фил чумчуқ туғибди.
• Филни тишидан билиш мумкин.
• Ажал ёшга қарамайди.
• Эски дўст душман бўлолмас.
• Дастурхон меҳмон билан файзли, уй ― бола билан.
• Яхшилик қилган яхшилик топади, ёмонлик қилган ― ёмонлик.
• Боланг бўлмаса бир ташвиш, боланг кўп бўлса ― мингта.
• Тарбияни тарбиясиздан ўрган.
• Яхши одам тезда бойиб кетмайди.
• Яхши сўз ― асал, ёмон сўз ― касал.
• Қозонга нима солсанг, қошиққа ҳам ўша чиқади.
• Олманинг тагига олма тўкилади.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Қрим татарлари — Қримдаги халқ, шунингдек Украинанинг Херсон вилоятида, Ўзбекистонда, Россиянинг Краснодар ўлкасида яшайдилар. Украинадаги қрим татарлари сони 258 минг киши (2000). Туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига қрим татар тилида сўзлашади. Бу тил Ўзбекистон ва Украинанинг бир қатор ҳудудларида, қисман Россия Федерацияси, Тожикистон, Грузия, Озарбайжон, Руминия ва Туркияда тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 800 минг кишига яқин (1990-й.лар охири).