• Узоқ бўлса-да қимматини бориб ол, қари бўлса-да қизни ол.
• Эртак ўқиб олим бўлолмайсан.
• Ароқ қадаҳдан бошқа ҳамма нарсани емиради.
• Одамнинг тилидан ҳатто чақиртош титрайди.
• Ўлимга маҳкум сичқон мушукнинг думи билан ўйнашади.
• Бир аср жойида ёнбошлаб ётган қариядан эмас, дунё кезган ёшдан сўра.
• Дўстидан айрилган оҳ чекади, ўтлоғидан айрилган от ишнайди.
• Дарё қанча чуқур бўлса-да, туби бор, тоғ қанча юксак бўлса-да, чўққиси бор.
• Ерга йиқилган ерга таяниб туради.
• Кетаётганни уйни иситиб ҳам олиб қололмайсан.
• Оёғи билан кетган ― қайтади, курак билан кўмилган ― қайтмайди.
• Айёрга омад бир марта келади, эпчилга ― икки марта.
• Шам ўчмасидан олдин алангалайди.
• Кучли ― бўкиради, кучсиз ― чинқиради.
• Хасис қиз шоҳнинг тўйидан нолибди.
• Аввал чанқоғини қондир, сўнг нимага келганини сўра.
• Йўлсизнинг ҳаловати йўқ.
• Таклиф ― риёкорликдан, тасодифий учрашув ― яхши тақдирдан.
• Чақалоқ ва кучукнинг оғзи тўқ бўлмайди.
• Балиқ балчиқ бор жойга тўпланади, одам ― яхши феъллилар бор жойга.
• Топқирлик бўлмаса, паноҳ ҳам йўқ.
• Эзгу юракдан кўз олиб бўлмас, ёрилган лабдан ― тил.
• Эркакдан иш аримас, тоғдан ― булут.
• Хоннинг эҳсони ― баҳордаги қор.
• Отим ювош деб ишонма, пиёда қоласан.
• Бепарво одам икки марта қилади.
• Тўқлигинигда очликда еганларингни эсламайсан.
• Сўзамол ― олдинда, гапга нўноқ ― орқада.
• Овчи қушни тумшуғидан биладилар, киши тафаккурини ― сўзидан.
• Қарғани отиб, типратиканга тутилди.
• Умрнинг узуни яхши, маъраканинг ― қисқаси.
• Қайнаётган сув чой ҳисобланади, фотиҳаланган қиз ― эрга теккан.
• Билганга сўз гапир, мерган отувчига сайғоқни кўрсат.
• Узоқдан маъраб, яқиндан сузади.
• Ким итни чақирса, унинг юзини ялайди.
• Келажак ҳақида ўйловчи ― доно, эски-тускини созловчи ― моҳир.
• Гапирсалар ― сўз бўлади, кессалар ― пайраҳа учади.
• Тоғ отни қийнайди, адоват ― одамни.
• Дарё ирмоқдан денгизга оқади, жиноят айбдорга қайтади.
• Туҳматда ҳақиқат йўқ, ёлғонда яхшилик йўқ.
• Қоронғи кечада йўл узоқ, хасис одамга дўстлар узоқ.
• Маслаҳатсиз донолик йўқ.
• Эҳтиёткорлик ўзинг учун керак.
• Бойисанг ― ҳамма қариндош, камбағалликда ҳамма душман.
• Бойлик илк бўронгача, паҳлавонлик илк ўққача.
• Ҳунардан ортиқ бойлик йўқ.
• Катта тош билан кичик тошни урадилар.
• Даромад бор жойда буромад ҳам бор.
• Дангасанинг уйида ўтин бўлмайди, очкўзнинг уйида ― овқат.
• Ёмон дўстдан ҳам баттар душман йўқ.
• Уммонда кир бўлмайди.
• Кўрлар юртида кўзингни юм, оқсоқлар юртида оёғингни эг.
• Туяга айлансанг ― минадилар, арава бўлсанг ― юклайдилар.
• Арқон ингичка жойидан узилади.
• Шамол бўрон билан тугайди, кўнгилхушлик ― жанжал билан.
• Бўри еса-емаса лунжи қизил.
• Бўрини ҳамма одам билади, бўри одамни танимайди.
• Ўғри орқага қараб қичқиради.
• Ўғри ойдин кечани ёқтирмайди, нодон ― яхшиликни.
• Ўғри бир марта гуноҳ қилади, ўғирланган молнинг эгаси ― кўп марта.
• Ўғри ит ҳуриб югуради, ёлғончи ― тиржайиб.
• Ўғрилик билан бойиб бўлмайди.
• Олам Қуёш билан ёруғ, одам ― илм билан.
• Мулойимлик йўқ жойда биродарлик йўқ.
• Тушунмаган одамга гапириш ҳўкизнинг шохига дон сочиш билан баробар.
• Тоғ бургути тоққа учади, дононинг ўғли мақол билан гапиради.
• Ғоз бир марта қичқирса ― баҳор, қарға қанча қағилламасин баҳор келмайди.
• Туғилмаган болага темир беланчак ясайдилар.
• Илонни бошқанинг қўли билан ушла.
• Уммон учун томчи ҳам қўшилув.
• Нодондан сўрама: ўзи айтади.
• Нодон еган-ичганини гапиради, доно ― кўрган-эшитганини.
• Калла бўш бўлса оёқ ҳам оғирлашади.
• Бола йиғламаса она кўкрак тутмайди.
• Нодонга яхшилик қилсанг ― тушунмайди, донога зулм қилсанг ― унутмайди.
• Бош омон бўлса таом топилади.
• Қўл ишласа, оғиз ҳам тишлайди.
• Ит бир марта қоқинса, яна юз марта қоқинади.
• Ит уйда ўтирса ― оч қолади, кўчада изғиса ― суяк ғажийди.
• Агар ота ўлса, катта ака ― ота, она ўлса, катта опа ― она.
• Бўйин кўтаролса катта бош яхши, бадан кўтаролса ― кичик оёқ.
• Экканингни ўрасан, берганингни оласан.
• Қуённи аравада қувиб етолмайсан.
• Дарахтга ўйилган ― ўчмайди, айтилган сўз ― унутилмайди.
• Олтинни чанг билан ёполмайсан.
• Думинг бўлса ― қимирлат, ақлинг бўлса ― ўйлаб иш қил.
• Буқа қанча кучли бўлмасин, у ҳам бир вақтлар бузоқ бўлган.
• Табиб қанчалик зўр бўлмасин, ўзини давололмайди.
• Дарахт қанчалик мустаҳкам бўлмасин, шохлари оғирлигидан эгилади.
• Бошда қанча соч бўлмасин, уни устарада қирса бўлади.
• Илоннинг оласи ташида, одамнинг оласи ичида.
• Мақтовни эшитган ишни мукаммал бажаради.
• Ит йўқ жойда чўчқа ҳам ҳурийди.
• Бойисанг қариндошларинг кўпаяди, камбағаллашсанг ― буйруқ берувчилар.
• Сигир шакарнинг таъмини билмайди.
• Итнинг оғзига кирган суяк бутун чиқмайди.
• Ўлимдан бошқа ҳар ишнинг тез битгани яхши.
• Оёғинг узун бўлса калтак ейсан, бўйнинг узун бўлса тишланасан.
• Тулки ― айёр, одам ундан айёрроқ.
• Итдан кўра занжир яхши.
• Бировга овқат эҳсон қил, ўзинг энг яхши кийимни кий.
• Ўзи йиқилган бола йиғламайди.
• Денгиз қуримайди, халқ ўлмайди.
• Чумоли оз бўлса ҳам тоғни ковлайди.
• Онанинг ўйи болада, боланинг ўйи даштда.
• Ақл билан тахтдасан, орқа билан кирдасан.
• Нодонга тараф йўқ.
• Бойнинг базмида камбағалга ўлим келади.
• Сувнинг бошланиши ― булоқ, халқнинг бошланиши ― қариндошлик.
• Жанжалнинг бошланиши ― қон, тинчликнинг бошланиши ― мой.
• Сувни кўрмасдан этикни ечма.
• Бировга чох қазима, ўзинг қулайсан.
• Ёлғиз ўзинг жанг қилолмайсан.
• Ҳаво айниши ўтади, зулм қолади.
• Ичишга ҳеч нарса йўқ, лекин чойни яхши кўришади.
• Ёлғиз дарахт дарахт эмас, ёлғиз одам одам ҳисобланмайди.
• Қора сигирдан оқ бузоқ туғилади.
• Ота-онасини севмаган қиз ― энг ёмон қиз, қариндошларини ҳурмат қилмаган йигит ― энг ёмон йигит.
• Ёмон жангчи ― яқинлари орасида паҳлавон.
• Одамни боқсанг бошинг қон бўлади, ҳўкизни боқсанг оғзинг мой бўлади.
• Кейин чиққан шох олдин ўсган қулоқдан узун.
• Отанг ҳаёт бўлганда одамлар билан таниш, отинг ёшлигида узоқларга чоптир.
• Ўзинг ҳис этмагунингча бировнинг дардини тушунмайсан.
• Ёмғирдан сўнг Қуёш чиқади, ёлғондан сўнг ― уят.
• Сузиб ўтганингдан сўнг қайиқ керак эмас, тузалганингдан сўнг ― табиб.
• Оқшомдан сўнг иссиқ бўлмайди, ўлимдан сўнг ― шодлик.
• Севимли дўстингни йўқотсанг етти йил эслайсан, Ватанингдан айрилсанг ― бир умр.
• Сигирни соғишдан олдин идишни тайёрла.
• Сўраш ― нодонлик, бермаслик ― ундан баттар.
• Ҳунар ўрганиш учун қарилик йўқ.
• Қўл қўлни ювади.
• Паҳлавон билан овқат учун талашма, бой билан ― бахт учун.
• Устаси билан баҳс этма.
• Шакар тўрт томонда лазиз.
• Чўчқа осмонни кўрмайди.
• Кумуш кумушга боради.
• Айтилган сўз ― қўпорилган дарахт.
• Қарға қанча сайрамасин булбул бўлолмайди.
• Тафаккур кўрлиги кўз кўрлигидан ёмон.
• Ит арава остида юриб “юкни мен кўтаряпман”, деркан.
• Ит ― хўжайини учун, қуш ― ўзи учун.
• Одамга ўз ҳиди билинмайди.
• Одам бўлиши болалигидан маълум, яхши от бўлиши ― тойчоқлигидан.
• Бойники ― чўнтагида, камбағалники ― юрагида.
• Ёлғончи учун гувоҳлар доим тайёр.
• Таёқнинг икки тарафи бўлади.
• Кулаётгандан сўра, йиғлаётгандан ўрган.
• Ақлли бир марта тотади, нодон ― икки марта.
• Ақлли ўз фазилатларини қалбда сақлайди, нодон ― тилда.
• Қулоқлар алдайди, кўзлар рост сўзлайди.
• Яхши асал кўкариб кетмайди.
• Яхши одамни гапиришни бошлашидан биладилар.
• Яхши темир зангламайди, яхши қариндош унутмайди.
• Яхши муомалани хизматкор қилса ҳам гўзал, яхши ҳид сичқондан келса ҳам ёқимли.
• Яхши от чопишидан маълум.
• Пичоқ ўтмас бўлса ҳам ― пичоқ, эркак ёмон бўлса ҳам ― эркак.
• Шоҳнинг хазинасида топилмаган камбағалнинг халтасида бор.
• Қийинчиликда одам яқинларига шошилади, қуш эса ― инига.
• Одам ёрдам билан тик, қуш ― қаноти билан.
• Туя устида кетаётган одам осмонга яқин.
• Сувдан ва жангдан қочган омон қолади.
• Одамнинг қандайлиги бошга дард тушганда билинади.
• Иш билмаснинг бошқарувчиси бўлгандан иш билганнинг қули бўл.
• Таклиф этилган жойга боргандан бехос кўришиб суҳбатлашган афзал.
• Бировнинг тўкин дастурхонидан ўзингнинг қаттиқ нонинг афзал.
• Бургут бир марта ҳужум қилади, хон бир марта амр қилади.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Қалмоқлар, қалмиқлар (ўзларини хальмг деб аташади) — Россия Федерациясидаги халқ, Қалмоғистоннинг асосий аҳолиси (156 минг кишидан зиёд); РФ да жами 174 минг киши (2002). Қалмоқ тилида сўзлашади. Диндорлари — буддавийлар; православлар ҳам бор.