Шайх Зуннун деди:
– Биёбонда ёлғиз Аллоҳга таваккул қилиб кетаётгандим, йўлда бир жойда жон берган қирқта мураққаъ кийган эрларни кўриб қолдим. Бу ҳолни кўриб ҳаяжондан эс-ҳушимни йўқотдим, бутун вужудим оловда ёнаётгандай ўртанардим. Охир дедим: «Эй Аллоҳ, бу қандай иш, ишқ йўлида жонбозлик қилган азизларни бунча яксон этасан?
Садо келдиким:
– Бу ишдан огоҳмиз. Ўзимиз ўлдирамиз ва Ўзимиз товони — қон пулини тўлаймиз.
Дедимки:
– Ахир бундай зорликда қурбон бўлишлар қачонгача?
Деди:
– Диятим — товоним бор экан, иш шундай давом этаверади. Хазинада товон ҳақи қолгунча ўлдираман, токи таъзиятлари қолсин. Ўлдираман ва кейин қонига белаб, олам атрофини айлантириб чиқаман. Бутун вужуди, қўл-оёқ-жамики аъзолари йўқолгач, кейин қуёшдай юзумни кўрсатиб, ўз жамолимдан либос кийдираман. Ошиқнинг тўкилган қонини юзининг қизиллиги — ҳушбахтлигига нишона қиламан ва бу юзни ўзи истаган кўй (кўча)га юзлантираман.
Ўз кўйимда соямга айлантираман, кейин юзимнинг қуёшидан унга нур сочаман. Менинг юзимнинг офтоби чиққач, кўй-кўчадаги соя қоладими? Соя Офтоб шуъласида нобуд бўлгандан кейин, барчаси мақсадига етиб бахтиёр бўлади, валлоҳу аълам бис-савоб».
Кимки Ҳақда маҳв бўлса, ўзлигидан ҳам, ўзидан ҳам қутулади. Чунки худпараст бўлатуриб, Ҳаққа яқин бўлиш мумкин эмас. Маҳв бўл, аммо бу ҳаққа кўп гапирма, жонни ҳеч бир ғаразсиз сарфла, бошқа нарса қидирма. Ошиққа айт: ўзидан кечиб, йўқбўлсин — мен бундан бошқа улуғ давлатни билмайман.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.