Ёқутнинг ҳуснихат

Ёқутнинг ҳуснихат туфайли подшоҳлар олдида ҳам, дарвешлар олдида хам ҳурмати ортгани ва мамлакат ёзувига ҳурмат аҳллари ўз белгисини унинг битган саҳифаси бўйича тортгани

Фано боғининг гул тупида ўлтириб шуҳрат қозонган кишининг гулшани Сухравард эди . У нафсу ҳаво девига йўл бермаслик учун осмоннинг ҳақиқат авжидаги учар юлдузи бўлган эди. Бир куни у халифанинг саройи томон борди. Бу Ҳақ раҳматининг офатга қарши борганига ўхшарди. Ҳижоз аҳолиси Каъбага эътиқод қилгани сингари халифа Мустаъсим ҳам унга нисбатан кўп ҳурмат билдирди. Уни тахтга чиқариб ўлтирғизиб, сўнг ўзи ўлтирди. Гўё қути биттаю гавҳар эса иккита эди, ёки бурж биттаю устида иккита юлдуз тургандай. Шайх адаб билан сўзламоқда эди, халифа эса ерга кўз тикиб, жим турарди. Атрофда не-не одамлар оёқ устида хизматда, не-не одамларгина эмас, ҳатто шаҳзодалар ҳам.
Шу пайт Шайх одамларга қараган эди, кўзига Ёқут кўриниб қолди. У бирдан хаяжонланиб, ўрнидан туриб кетди; халифа ҳайратланиб, унга шундай хитоб қилди:
– Эй, не-не тушунган одамлар оёғининг чанги бўлган одам, шоҳлар ҳам сенга қуллик қилиб, бу билан фахрланадилар. Бундай олий мартаба унга қаэрдан келганки, сен унга бу хилда эхтиром кўрсатмоқдасан?
Шайх деди:
– Қайси бир ҳурмат ва мартаба Худо унга берган ҳурмат ва мартабадан юксак бўлиши мумкин? Унинг иши доим «Қуръон» кўчириш бўлиб, ҳеч ким у сингари кўчира олмайди. У Худонинг сўзларига зийнат бергани учун уни ҳурмат қилиш бизга вожибдир.
Тушунган одамларнинг бошлиғидан Ёқутни билгач, шоҳ унга ўз мажлисига келиб ўлтиришни буюрди. У қўли пок одам хатининг яхшилиги шарофатидан мамлакат подшоҳи билан ҳамсуҳбатликка муяссар бўлди.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан
_____________
Ёқут – араблар орасида шуҳрат топган котиб (1268- й. да вафот этган). У Бағдодда аббосий халифа Мустаъсим даврида яшаган. «Қуръон»ни кўчиришда ягона ҳисобланган.