Хожа билан қули

Бир киши ҳаммомга боришга эҳтиёж сезди. Тонг пайти қулига: “Сунгур уйғон. ҳаммом тогорасини, лунги ва совун ол. Ҳаммомга бормоқчиман”, деб буюрди.
Қул дарров ҳозирлигини кўрди. Биргаликда йўлга тушдилар. Шу пайтда бомдод намозига азон чақирилди. Намозга ихлоси баланд бўлган қул хожасига ёлворгансимон: деди
— Эй менинг мархаматли хожам. Сиз дўконда бироз ўтириб турсангиз мен шу рўпарадаги масжидда намоз ўқиб олсам,  деди.
Хожаси рози бўлиб, дўконда ўтирди. Сунгур эса масжидга кирди. Бир оздан сўнг жамоат намоз ўқиб масжиддан чиқди. Хожа қулини кутди, лекин нимагадир қул кўринмасди. Анча пайтгача кутди, дарак бўлмади. Хавотир олиб масжиднинг эшигига бориб деди:
— Сунгур, сени кугяпман, нега ташқарига чиқмаяпсан?
Сунгур жавоб берди:
— Хожам, менга яна бироз вақт беринг, ҳозир бораман.
Хожа яна кутди. Охири сабри тугаб яна такрор айтди:
— Ҳой Сунгур  кеч қоляпмиз. Тугат шу намозингни тезроқ. Тугатгинда ташқарига чиқ!
— Хожам, ҳозир бораман. Яна бироз…
Хожаси ортиқ чидолмади. Бу сафар буйруқ оҳангда қулни ташқарига чорлади.
Қул яна:
— Хожам, мен чиқмоқчиман, лекин қўйиб юбормаяптилар,  деди.
Хожа ҳайрон бўлди.
— Масжидда ҳеч ким қолмаган бўлса, сени ким қўйиб юбормаяпти?  деб бақирди. Сунгур шундай жавоб берди:
— Сени масжидга киришингга йўл қўймаётган мени ҳам ичкаридан ташқарига чиқишимга йўл қўймаяпти. Сени ичкарига киришингга изн бермаётган менинг ҳам ташқарига чиқишимга монеълик қилмоқта. Сенинг бу тарафга қадам босишингга рухсат бермаётган менинг хам ташқарига чиқишимга рухсат бермаяпти. Чиқмаётганимнинг сабаби ана шу.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан