Бир одамга катта мерос қолганди. Бироқ “осон келган, осон кетар”; деганларидек, тадбир билан сарфламади, қисқа пайтда бутун бошли меросни тугатди. Қўлида нима бўлса, еб битирди.
Ҳеч вақоси қолмагач, Аллоҳга юкинди, ҳар оқшом кўз ёш тўкиб дуо қиларди: “Эй Раббим менга бойлик бердинг, мулк бердинг. Ҳозир эса улар қўлимдан кетди. Айбимни биламан. Хато қидим. Менга ёрдам қил, мени қутқар бу иллатдан. Ё марҳамат қилиб бир тирикчилик бер ёки жонимни ол”.
Кунлар, ойлар ёлворишлар билан ўтди. Ниҳоят бир кеча туш кўрди. Бир овоз унга: “Сен Мисрга бор, ўша ерда омадинг чопади у ерда бой бўласан. Мисрда топадиган хазинанг сени кугяпти” дерди.
Одам уйғонганда севинчдан телба бўлвёзди. Дарҳол Мисрга кетишга ҳозирлик кўрди…
Неча кун Мисрда оч, сувсиз кезиб юрди. На хазина, на бирорта қўлидан тутгандан дарак бўлмади. Чорасизликдан тиланчилик қилишга қарор қидди, аммо ухлаётганда: “Оқшом тушгач, тиланчилик қиламан, қоронғуда ҳеч ким мени танимайди”, деб ўйлади. Қоронғуда маҳалла ичларида кезди. Энди қўл очишга чоғланган эдики, маҳалла миршаби пайдо бўлди. Миршаб уни ўғри деб ўйлаб, ёқасидан тутди. Ҳам судраб, ҳам урарди. Одам:
— Урма тўғрисини айтаман, деб ёлвора бошлади.
Миршаб:
— Яхши… бегоналигинг ҳолингдан аниқ. Тушунтир. йўқса ҳамма ўғриларнинг аламини сендан оламан, деди.
Одам ҳикояси қандай бўлса, шундай тушунтирди, охирида эса:
— Мана мен на ўғриман, на бир золим. Хазина илинжида Мисрга келган, ғариб бир Бағдодликман, деб сўзларини тугатди. Миршаб ишонди. кулиб айтди:
— Сенга ишонаман, сен ўғри эмассан, аммо ғирт ахмоқсан. Мен анча йиллардан бери “Бағдодда фалон маҳалладаги фалон уйда хазина кўмилган”лиги хақида туш кўраман. Лекин, хатто, ўрнимдан қимирламадим. Сен бир туш кўриб, бу ерларгача келибсан. Сен ахмоқнинг, тентакнинг бирисан. Қани кет. Бошқа бу ерларда кўринма.
Одам ҳайрон қолганди. Миршабнинг «Бағдодда фалон маҳаллада фалон уйда», деган жойи ўзининг уйи эди. Ўз ўзига: «Демак мен хазина устида ўтирганим ҳолда фақирликдан нолиб йиғлар эканман», деб Аллоҳга шукр айтди.
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан