Бир киши кураш тушиш санъатини аъло даражада эгаллаган атоқли паҳлавон эди. Курашнинг 360 усулини мукаммал суратда биларди ва ҳар куни шу усулларни ишлатиб, кураш тушарди. У ўз шогирдларидан бирига курашнинг 359 усулини ўргатди, фақат бир усулини сир сақлади, уни шогирдига ўргатмади.
Шогирд куч-қувватда, кураш санъатида аъло даражада етишди. Ҳеч ким у билан кураш тушишга тоқат қилолмасди. Бир куни у ғурурланиб подшога:
— Ёши катта бўлгани ва мени тарбия қилгани учун устодим мендан афзалдир, бўлмаса мен куч-қувватда ундан кам эмасман! — деб мақтанди.
Унинг мақтаниши подшоҳга хуш келмади. Бир катта кураш майдонида устоз билан шогирднинг кураш тушишларини буюрди. Кураш майдонига подшоҳ, унинг вазирлари, амал-дорлари ва ер юзидаги машҳур паҳлавонлар ҳозир бўлдилар.
Кураш бошланди. Шогирд устодига маст бўлган филдек рўбарў бўлди. Агар тоғ чўяндан бўлса ҳам уни жойидан кўчириб юборишни гумон қиларди. Устод шогирдининг куч-қувватда ўзидан юқори эканини англади. Дарҳол шогирдига ўргатмай, сир сақлаб қолган усулини ишлатди. Шогирд бу усулни билмасди, қарши туришдан ожиз бўлди. Устод шогирдни бошдан юқори кўтариб, айлантириб ерга урди. Томошабинлардан таҳсин-офарин товушлари кўтарилди. Подшоҳ устодга хилъат ва неъмат эҳсон қилди, шогирдга: «ўзингни устодингдан ҳам юқори қўймоқчи бўлдинг», деб таъна ва маломат қилди.
Шогирд айтди:
—Устодим куч-қувватда мен билан тенг эмасди, фақат кураш усулларидан менга ўргатмай, сир сақлаганини ишлатиб ғолиб келди.
Устод айтди:
— Мана шундай кунлар учун кураш усулларидан бирини унга ўргатмай, сир сақладим. Донишмандлар: «Дўстингга жуда ишониб, унга ортиқча қувват берма, мабодо бир кун душман бўлиб қолса, берган қувватинг билан ғолиб келади», деганлар.