Жамоли осмондаги тўлин ой каби бир шоҳ бор эди. Дунёдаги барча моҳпайкар гўзаллар унга сипоҳ эрдилар. У эса уларнинг шоҳи эди. Унинг қоматидан сарв ҳам ҳижолат тортар, оразидан қуёш ҳам шарманда бўлар эди. Оламни унинг гўзал юзи овозаси тутган эди. Ҳамма ўша ҳалок қилувчи ҳуснни кўришга ошиқарди. Унинг ҳуснининг ғавғоси оламни тутиб, ишқининг яғмоси жон ичра туташган эди. Жаҳонга шунчалик чирой бахш этувчи бу ҳусн эгаси бундан юз минг марта ортиқроқ нозу истиғнога ҳам эга эди. У гоҳо майдонга от ўйнатиб чиқиб қолгудек бўлса борми, олдига келган киши унинг ҳуснини кўрган заҳотиёқ жон таслим этарди. Шу тарзда у жавлонгоҳдан сайр этиб чиққунча йўли ҳалок бўлган эл билан тирбанд бўлиб кетар эди. Хусусан, ҳуснидан бу оламда ғавғо, зулмидан жон мулкига талон-торож кўп тушган эди.
Халқ унинг қатлидан беҳад қирилди ва у ўз жамолини элга кўргазмоқни хаёл қилди. Унинг ҳукми билан бир кўзгу ясаб, тахти олдида ўрнатдилар. Қаср ёнида эса кўзгу акси тушадиган юлдуздай чарақловчи бир манзар ясатди. У ойинага қараб, ўз ҳуснига назар солар ва эл ҳам ўша манзар воситасида ундан баҳра олар эди. Токи бундай кўзгуни ясамагунларича, унга кўз ташлаган киши унинг ҳуснидан баҳраманд бўлмади. Шундай қилиб, ҳам унинг ўзи ўз ҳуснидан баҳра топди, ҳам унга қараган кишилар баҳра олди.
Сен бу кўзгуни кўнгил деб хаёл қилгин, унда ўша жамол ўз аксини кўрсатди. Қасрни инсон танаси, ундаги кўзгуни кўнгил деб бил ва бу кўзгудаги шоҳ ҳуснига назар ташла. Аввал кўзгуга жило берилмасдан туриб, шоҳ унга ўз аксини солмайди. Унинг ҳусни аксини кўзгуда акс этмоқда деб англагин ва ўзингни унинг қаршисида томоша қилиб турган деб ҳисоблагин.
Кўзгу қанчалик равшан бўлса, акс ҳам шунчалик бенуқсон намоён бўлади.
Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” асаридан.