Бир сафарда, йигитлардан бири кичик гуруҳга йўлбошчилик қиладиган бўлди. Йўлда қароқчилар хатари бор эди. Йўлбошчи йигит қалқон ўйнатар, ёй тортиб, қурол аслаҳаларидан фойдаланарди. Бошқаларга қараганда бақувват бўлиб, ўнлаб йигитлар унинг ёйини торта олмас эдилар. Ер юзининг манман деган паҳлавонлари ҳам курашда унга бас келолмасдилар. Аммо, бу йигитнинг кучи фақат суратдангина иборат эди. Илгари на карвонга йўлбошчилик қилиб кўрган, на ҳаёт машаққатини тортган эди. У ҳали йўлдаги хавфларга дуч келмаган эди; йигитларнинг дўмбира гумбирлатиши, қўшин майдонларининг наъралари ҳам қулоғига ёқмас эди. Кўзи аскарларнинг қилич чақнатганларини кўрмаган; на душманга асир тушиб кўрган, на ўқ ёмғири остида қолиб кўрган эди. Шундай қилиб йўлбошловчи олдинда, қолганлар унинг ортидан йўлга чиқишди. Йигит шунда баъзи ҳаракатлар қилиб, олдидан чиққан деворни бир зарбада қулатиб кетар, қайси дарахтни кўрса, бир кўтаришда қўпориб олар ва ҳаволаниб шундай дер эди:
–Қани фил? Келсин-да, ким эр эканлигини кўрсин! Шер қаэрда? Йиғилган панжаси қандайлигини, билиб қўйсин!..
Сафар шундай давом этаркан, қоя ортидан икки қароқчи кўринди. Бошдан оёқ қуролланиб олган бу қароқчилар йўловчиларнинг йўлини тўсди. Қароқчилар:
– Ё молингиз, ё жонингиз? –дейишди. Йўловчилардан бири йўлбошчи
йигитга қараб:
–Нима дейсан? –деди. Кун бугун! Эрлигингни кўрсат, қанча кучинг бўлса чиқар ўртага! Душман, мозорига ўз оёғи билан келди, –деди. Қароқчиларнинг ўткир нигоҳлари билан тўқнашган йигит, шу онда титрай бошлади. Турган жойида қотиб қолди. Боши эгилиб қўлидаги ўқ-ёйи ҳам ерга қулади.
Қўрқувдан ҳеч ким қимирлай олмади. Қароқчилар келиб, йўловчиларнинг уст-бошларини, силоҳларини, нимаики бўлса ҳаммасини йиғиштириб олиб кетдилар. Йўловчилар жонларини сақлаб қолишгач, йўлбошчи йигитга қараб шундай дейишди: “Донолар, “Жуссаси филдай бақувват бўлса ҳам, қўрқоқ одам душман билан юзлашса, қўрқувдан пўстаги ёрилади. Шунинг учун ҳам урушни жанг кўрган одамлар билади” деганлар. Ҳақиқатан, тўғри айтган эканлар…”
Ҳикмат
Бирон ишда билими ва тажрибаси йўқ кишининг, у ишни меъёрига етказиб бажара олмаслиги табиий ҳолатдир.
“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси