Бир кун Аҳмад исмли ёш табиб ота-она ва хотини Карима билан аравага ўтириб водий бўйлаб кетмоқда эди. Водийнинг ўнг томони тошлик, чап томони тоғлик эди. Тоғ ён бағрида туби қоронғи ғорлар кўринарди.
Йўловчилар тоғ этаги бўйлаб кетар эканлар, бир ғор ичидан бировнинг инграган товуши эшитилди. Йўловчилар бу кимнинг товуши эканини билиш учун аравадан тушиб, товуш эшитилган томонга қараб кетдилар. Ғорга етиб келиб, унинг ичига қадам қўйдилар. Ғор анча узун ва кенг эди. Аллакимнинг: «Афсус, хотин, бола-чақаларимни кўролмай ўлиб кетаман!»—деб инграган товуши эшитиларди. Йўловчилар ғор ичининг ўрта ерига етганларида, қирқ ёш чамасидаги бир одамнинг қонга бўялиб ётганини кўрдилар. У бечора зўрға нафас олиб:—сув!—дер эди. Йўловчилар у бахтсизнинг ҳолига ачиниб кўзларига ёш олдилар. Ўғрилар бу одамнинг бор нарсасини олиб, ярадор қилиб ғор ичига ташлаб кетган эканлар.
Карима сув келтириш учун югурганича ғордан чиқиб кетди. У кетгандан кейин табиб Аҳмаднинг отаси ўғлидан:
— Мен бу одамни танийман, исми Акрам, бизга яқин қишлоқда туради, яхшилаб даволанса соғайиб кетадими?—деб сўради.
Ўғли:
— Ҳа, даволаса, тузалиб кетади. Сиз ва онам дарров шу ердан уйга қайтинг, тезликда бу бечоранинг қишлоғига бориб оиласига хабар беринг, олиб кетсинлар,— деди.
Шундай қилиб, ҳаммалари уйга қайтмоқчи бўлдилар. Аҳмад мажруҳнинг ярасини яхшилаб боғлади, кейин аравага ётқизиб, уйга олиб қайтдилар. Аҳмад-нинг отаси мажруҳ Акрамнинг оиласига хабар берди. Аҳмад мажруҳ Акрамни жиддий равишда даволашга киришди. Карима ва қайнатаси Акрамнинг ёнидан айрилмай, доимо ҳолидан хабар олиб турдилар. Акрамнинг оила аъзолари ҳам хабар олганларидан кейин етиб келдилар. Аҳмадга, уннинг отаси, онаси ва хотини Каримага миннатдорчилик билдирдилар.
Бир ойдан кейин Акрам шифо топди, фарзандлари келиб олиб кетмоқчи бўлдилар. Кетар олдида Акрам йиғлаб, бу олижаноб оила билан хайрлашиб айтди:
— Сизлардан кўп миинатдорман, мени ўлим хавфидан қутқаздингиз. Қилган яхшилигингиз учун сизларга қандай хизмат қилишимни, нима билан му-кофотлашимни билмайман. Ўзим ва оилам номидан сизларга ташаккур билдираман, бу қилган яхшиликларингизни ҳеч қачон унутмайман,—деди.
Аҳмад шодланиб, миннатдорчилик изҳор қилиб турган Акрамга хитоб қилиб айтди:
— Шукр, ҳалокатдан қутулиб, оилангиз билан кўришдингиз, жуда хурсандмиз. Биз сизни ўлим хавфидан қутқазиш билан инсоний вазифамизнигина адо этдик. Сиз ҳам виждонингизнинг энг қимматли гавҳарларини бизга ҳадя қилдингиз, улар эса шодликдан тўкилган кўз ёшларингиздир. Оилангиз билан соғ-саломат кўришганингизнинг ўзи — биз учун энг улуғ мукофотдир. Бундай улуғ мукофотдан бошқа яна нимани ҳам истаймиз?
Олижаноб Аҳмад ва унинг оиласи Акрамни катта йўлгача кузатиб, хайрлашиб қайтдилар.
Қитъа:
Ожизу дардмандларга қил карам,
Токи бўлғайсан жаҳонда муҳтарам.
Сен бу иш бирла агар бўлсанг мудом,
Мақсади аълода тутгайсан мақом.