Улуғлик

Бир киши араб подшоҳининг қариндош-уруғларидан бир нечтасини ўлдириб қочиб кетди. Бир қанча вақт ўтгандан кейин подшоҳнинг ёнига қайтиб келди, Подшоҳ таажжубланиб:
— Ажаб довюрак, қўрқмас, жасоратли киши экансан, қариндошларимдан бир нечтасини ўлдириб буюк гуноҳ қилсанг ҳам қаҳр-ғазабимдан қўрқмай яна ёнимга қайтиб келдинг,— деган экан, у киши таъзим қилиб;
— Сизнинг афв ва марҳаматингизни улуғлигини яхши биламан. Гуноҳим буюк бўлса ҳам, афв, марҳаматингиз ундан ҳам улуғроқдир.— деб жавоб берди. Подшоҳга унинг сўзи ҳуш келиб гуноҳини кечирди, инъом-эҳсон қилди.
Унинг яқин кишиларидан бири:
— Шундай душманни қўлга туширдингизу ўч олмай, унинг сўзига алданиб озод этдингиз, бу нима қилганингиз?— деди.
— Иш сенинг ўйлаганингча эмас, ундан ўч олсам, нафсим шодланади, озод қилсам, унинг кўнгли шодланиб, дунёда номим яхшилик билан ёд этилади. Мана шуни ўйлаб, уни озод қилдим,— деб жавоб берди подшоҳ.

Байт:
Гар улуғликни тилар бўлсанг диёнат бирла бўл,
Ким будур мулки саодат сориға бормоққа йўл.