Бир табиб қаттиқ касал бўлиб ётиб қолди. Унинг шогирдлари йиғилиб устодларини даволашга киришдилар. Касал устод уларга:
— Севимли шогирдларим, мени даволаш учун беҳуда заҳмат чекманг, тузалишдан умид узганман, ўлимим яқин қолганга ўхшайди. Вафот топганимдан кейин жуда қайғуриб оҳ-воҳ қилманг, чунки, ўрнимга учта буюк табиб қолдириб кетаман. Шу зўр уч табибнинг маслаҳатларига ҳаммангиз эътибор беринг ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилинг,— деди. Шогирдлардан бири:
— Бизларнинг азиз устодимиз, сиздан кейин ўрнингизда қоладиган учта табиб кимлар?— деб сўради. Устод кўзларини очди, ёнидаги шогирдларига шундай жавоб берди:
— Сизларга сўзлаганим учта зўр табибнинг биринчиси—поклик, иккинчиси парҳез, учинчиси бадантарбиядир. Доимо пок, озода бўлишлик, тиқиштириб апл-тапил емасдан ўз миқдорида овқатланиш, ичкиликдан тийилиш, бадан аъзоларини ҳаракатсиз қолдирмасдан бадантарбия билан шуғулланиш — мана буларнинг ҳаммаси саломатликни сақловчи энг яхши чоралардир.