Тўланмаган жарима

Секинлашишдан олдин спидометрга қаради. Тезлик 50 бўлган жойда 73 билан ҳайдаётганди. Ва шу тўрт ой ичида тўртинчи бор тўхтатилиши эди.
–    Шунчалар ҳам омадисиз бўладими, одам? – дея машинасини четга олди.
“Ҳозир ёнимиздан катта тезликда бир машина ўтиб кетади”, деб ўйларди.
YPX ходими қўлида қалин бир дафтар билан машинадан тушди. Бу унинг қўшниси эди. Бу ҳол жаримадан ҳам баттар бўлди. Энг ёмони, қўшни бўлишига қарамай уни тўхтатгани эди; бунинг устига йўл қоидаси бузилган.
–    Салом, –  деди ходим. – Бир-биримизни бу аҳволда кўришганимиз ғалати
бўлди-да.
–    Мени, аёлим ва болаларимни ёнига кетаётганимда тўхтатдинг.
–    Ҳа, шундай.
YPX ходими эса парвойифалак эди.
–    Охирги пайтларда уйга кеч қайтаётгандим. Болаларим мени анчадан буён
кўришмади. Яна, аёлим бу оқшом бирга овқатланишимизни сўраган эди. Нима демоқчилигимни тушунгандирсан?
–    Ҳа, тушуняпман. Лекин йўл қоидаларини бузганингни ҳам биляпман, –
деди ходим.
“Эҳ, бундан қутила олмайман, шекилли”, деб ўйлади-да, бошқа усулга ўтди. Машинасидан тушиб:
–    Мени қанча тезлик билан ушлаб олдинг? – деди.
–    Етмиш. Илтимос, машинангга чиқ.
–    Сени кўрганимда, 65 билан кетаётгандим…
–    Илтимос, машинангизга киринг, – деди йўл хизмати ходими. Асабий
бўлиб, машинага ўтирди ва эшикни қаттиқ ёпди. YPX ходими, дафтарига  нималарнидир ёзиб, машина ойнасидан унга бир қоғоз узатди-да, ўзи кетди.  “Бу жазо эмас” деди ўзига-ўзи ва хурсанд бўлди ҳайдовчи. Жарима қоғозида шундай ёзилган эди:
“Азиз, дўстим. Менинг биттаю битта қизим бор эди. Олти ёшида тезлик билан келаётган машина остида қолиб ҳалок бўлди. Фалокатдан сўнг ҳайдовчи жазосиз қолмади, албатта. Уч ой қамалиб чиқди. Турмадан чиққач, яна оиласи бағрига қайтиб, болаларини қуча олгандир, эҳтимол. Аммо, мен…
Мен қизимни энди ҳеч қачон бағримга боса олмайман. Қизимни яна  ҳидлаб,  ўпишим учун, жаннатга боргунча кутишим керак. Жуда кўп маротаба у одамни кечиришга ҳаракат қилдим. Балки кечиргандирман, лекин ҳали ҳам қизимни соғиняпман. Илтимос, мени  дуо қил ва йўлда диққатли бўл. Ҳозир, битта ўғлим қолган”.
Ҳайдовчи ўн беш дақиқача ўзига келолмади. Кейин машинани ёқиб, секин-секин уйига борди. Келибоқ, олдига югуриб чиққан болаларини меҳр билан бағрига босди ва юзларидан ўпди.

Турк тилидан Сумайро, Муна Холмуродовалар таржимаси
“Сирли, ибратли ва ҳаётий воқеалар” китобидан.