Табибларнинг улуғи Ибн Сино кунлардан бирида қаттиқ оғриб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олибди. Ибн Синонинг шогирдлари, энг яқин дўст-биродарлари йиғилишибди. Улар яхши сўз айтиб, улуғ табибнинг кўнглини кўтаришга, кайфиятини яхшилашга ҳаракат қилишса, шогирдлари уни дори-дармонлар билан даволашга киришибдилар.
Ўлими яқинлигини сезган Ибн Сино шогирдларига шундай дебди:
— Эй, шогирдларим, менинг куним битган кўринади. Шу боисдан мени даволайман, деб беҳудага ҳаракат қилманглар. Вафот этсам, йиғи-сиғи, оҳ-воҳ қилиб ўтирманглар. Фақат ҳақимга дуо қилиб, онда-сонда қабримни зиёрат қилсанглар бас. Ва яна, устоз оламдан ўтди, энди табобат оқсайди, деб ҳам қайғурманглар. Ўрнимга бешта зўр табибни қолдириб кетмоқдаман. Шуларнинг маслаҳатларига доимо амал қилинглар, бошқаларни ҳам шунга даъват этинглар, — дебди. Шогирдлардан бири:
— Устоз, сиз айтган табиблар кимлар экан? — деб сўрабди.
Шунда Ибн Сино:
— Мен қолдириб кетаётган зўр табибларимнинг бири — тозалик, иккинчиси — парҳез, учинчиси — бадан тарбиядир. Ва қолган иккиси мижоз ва кайфият ҳисобланади. Доимо покиза, озода бўлишлик, дуч келган овқатни ея бермаслик, апил-тапил овқатланмаслик, парҳез ва меъёрни билишлик, ичкиликка ружу қўймаслик, бадан аъзоларини ҳаракатсиз қолдирмаслик, мижозни унутмаслик ва ниҳоят, кайфиятни яхши тутишга ҳаракат қилиш лозим. Айтганларимга амал қилинса, касалланиш у ёқда турсин, ҳаттоки бевақт ўлим ҳам орқага чекиниши мумкин.
Омонулло Абдусаломов тайёрлади.