Шайх Санъон Румни тарк этиб, Маккага қайтгандан кейин тарсо қизи туш кўрди. Тушида офтоб қўйнига кирган эмиш. Шунда офтоб тилга кириб, шайхнингорқасидан йўлга туш, деди. Шайх мажоз тариқасида сенинг йўлингга кирган эди, сен эса унинг кетидан борсанг, ҳақ йўлига кирасан.
Сен уни йўлдан урган эдинг, энди унинг йўлига кир, шайх қайтиб ҳақ йўлини топди, сен ҳам ҳамроҳи бўлгин.
Тарсо қизи уйқудан уйгонгач, қалбида бир нур шуълалана-ётганини ҳис этди, гўё офтоб ичидан порлаб турарди. Кўнглида ажиб бир дард пайдо бўлди ва қарорини олди. Энди қизнинг вужудини ишқ оташи қамраб олди. Кўнглидаги оташ шундай ўртар эдики, ҳеч нарсага қўли бормас, ҳеч нарса билан овунмас эди. Қизнинг бошига иш тушган эди, бу – муҳаббат эди. Бу дардни бировга айтиб бўлмас, роздону ҳамдами ҳам йўқеди. Илгариги ҳолидан асар қолмади, ўзини бир ажойиб олам ичра кўрди: бир асрор завқидан сармасту сархуш бўлиб, буни табиий ҳолат тушунчалари билан англатиб бўлмасди. Оҳуриб, кийимларини йиртиб, ташқарига отилди, сочларини ёзиб, девоналардек лаҳза-лаҳза бехуд бўларди. Қиз тоқат қилолмай, шайх ва муридлари орқасидан йўлга тушди. Қизнинг аҳволига одамларнинг раҳми келар, чунки у ожиз, беқарор эди. Қиз зорланиб дерди:
— Эй, барча мушкулларни осон этувчи парвардигор! Бир аёл бошим билан қаерга бораман. Балолар гирдобига гирифтор бўлдим. Агар шайхни қийнаган бўлсам, мени қаҳринг денгизига ташлама, узр сўрайман, раҳмли Аллоҳм. Хато қилдим, аммо тавба келтириб, гуноҳимни бўйнимга олдим, мендай мискин бечорани қийнама. Дилни қўлдан бердим, бедил жонимни азобга қўйма. Агар мабодо ўлсам, биров мададкор бўлмас, хору зорликдан ўзга мартабам йўқ менинг.
Тарсо қизи воқеасини Шайх Санъонга етказдилар, тарсо қизи тарсоликдан чиқибди, бизнингдинга кириб, мусулмон бўлибди, энди у сенга ошиқи беқарор деб айтдилар. Шайх буни эшитиб, қизнинг олдига борди ва у билан суҳбатлашди.
Муридлар унга таъна қилиб:
– Яна бут олдига бордингми, тавбанг қаёқда қодди, азобларингни унутдингми? – дедилар.
Шайх Санъон қизнинг аҳволини уларга тушунтирди, тарсо қизи ҳақ йўлига кирганлигини билдирди. Муридлар буни эшитиб, ҳайрон бўлдилар ва қизга раҳмлари келди. Бу сафар шайх муридлари, суҳбатдошларини олиб қизнинг олдига борди, улар ўз кўзлари билан кўриб, қаноат ҳосил қилсинлар деб шундай қилди. Улар қизни бир аҳволда кўрдилар, унинг яқоси чок, боши очиқ эди, бир жонсиз жасаддай тупроққа беланиб ётарди. Қиз ўз дардининг сабабчиси шайхни кўргач, юракдан оҳи оташнок чиқарди. Шайхга назар ташлар, кўзлари эса тинмай ёш тўкарди. Шайхга қараб деди:
— Сенинг ишқинг туғёнидан жоним қуймоққа, бундан буён бу дардни яширолмайман. Бу дарднинг боиси нима, парда орқасидаги сирни менга тушунтир, пардани кўтариб огоҳ эт, мени ислом йўлига бошла энди!
Шайх Санъон унга шаҳодат калимасини ўргатди, қиз имон келтириб мусулмон бўлди. Бу воқеадан барча ашобу ёрлар орасида ғавғо кўтарилди. Охир-оқибат, ул санам ҳақ йўлини топиб, имон завқидан хушнуд ва мунаввар бўлди.
Қиз деди:
— Эй шайх, тоқатим тоқ бўлди, фироқ тоқатига чидолмасман. Бир уюм тупроқ бўлмиш бу олами фонийдан кетарман тезда, эй олам шайхи, алвидўу алвидў!
Ул ой шу гапни айтдию жонни жонофаринга топширди, яримта бўлган жонини жононга фидо этди. Бу мажоз денгизида бир қатра эди у. Ҳақиқат дарёси томон кетди яна. Ҳаммамиз ҳам шул санам каби оламдан сафар этамиз бир-бир. Ишқ йўли шундай йўлдир, буни ишқдан, дарддан огоҳ кишилар англагай. Нафс бу асрорни эшитмайди ва англамай-ди, бенасиблар бу қўйга киролмайди. Буни жону дил қулоғи билан эшитиб олмоқ керак, ботин олами бу сирни билади, тана-вужуд буни қаердан англасин!
Қизнинг ўлими Шайхга қатгиқ таъсир этди, жони ачиди, ёрининг юзи беркилгач, кўзини оламдан олиб қочди. Ғамзада ва мотамзада шайх ўз дўстларига деди:
— Эй, дўстларим, биз ошиқларнинг ҳолини кўринг, аҳволимизга назар ташланг. Қушим овимга илинган эди, уни қанотим остига олган эдим, аммо у учиб кетди, билинг, энди мен ҳам бу дунёда қолмоқчи эмасман. Бу жаҳондан жаннат сари сафарга чиқаман, жононим изидан кетмоқчиман.
Агар қиз тонгда вафот этган бўлса, Шайх Санъон туш пайтида жон берди. Ошиқу маъшуқлар тобутини изма-из кўтардилар. Шайхнинг қабрини қизнинг қабри ёнидан қазидилар, иккаласини ёнма-ён тупроқка қўйдилар, ошиқ ва маъшуқнинг пири хутба ўқиди, жон ила жонон бирлашди-лар, ошиқ ва маъшуқ бирга эдилар. Гўё улар бирга тирик эдилар, васл нашидасини, бирлашиш лаззатини татиб кўрардилар. Гўё васлдан беҳуш бир-бирларини оғушга олиб ётардилар улар. Икки қабр устида икки тик қомат сарв дарахти ўсди. Парвардигори бокарам ўз лутфи билан ул ерда зилол сувли чашма ато этди. Бул чашма сувидан неча фарсах ерлар обод бўлиб, ям-яшил кўкариб турарди. Аҳли диллар келиб, қабрларни зиёрат қилар, ошиқ-маъшуқлар руҳига фотиҳа ўқирдилар. Гўё бу ерда тўрт фасл ҳам баҳор эди, айланаси боғ-роғлар, чаманзорлар билан ўралган эди. Ҳар доим дарахтларнинг меваси пишиб турар, ер юзида жаннат пайдо бўлгандай эди. Каъба ёнида эди, ул манзил, хосу авомнинг зиёратгоҳига айланди.
Атторнинг қиссаси бир моҳчеҳра қиз учун эмас. Аллоҳ сирридан бандаси огоҳ эмас.
Бир покдин инсон ҳузурида муҳаббат ҳақида сўз борар эди. Ўтирганлардан бири деди:
— Мен олтин ошиғиман, пулни, бойликни севаман. Олтин ишки вужудимда жон кабидир. Агар кўлимда зар гулдай очилиб, чарақлаб турмаса, мен ҳам гул каби кулиб туролмайман. Дунё ишқи мени ғамлардан озод қилди, одамлар орасида обрўли-еътиборли бўлдим. Зарпарастман, зардир-олтиндир менинг сиғинганим, Аллоҳим. Шунда покдин, Аллоҳпараст одам унга қараб деди:
— Эй, аслга эмас, суратга ошуфта бўлган, сурат бандига тушган одам, кўнглингдан сафо саҳарининг нури йироқ, сен чумолига ўхшайсан, каваклардан бошқа нарсани билмайсан. Кеча-кундуз деюнадай чопасан, суратга гирифторсан. Маънони изла, суратга ўралмагин, асл мохият маънодир, сурат арзимас дир, ҳечдир. Олтин кўринишда бўялган тошдир, сен ёш бола каби ранг-бўёқларнинг ошуфтасисан. Сенинг олтинларинг бирор ишга ярамайди. Қиёмат қуни бу олтинлар ҳеч кимга ёрдам беролмайди. Сен ўйинчоқлардан лаззат топасан, нурнинг нуридан шодсан. Сен аслга интилмайсан, нурнинг манбаъини истамайсан. Жони покингни олтин бандидан халос эт, эй жон, ахир, моҳият — мутлакият ошиғи бўлмоғи керак.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.