“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига
У илмни то насибасини олгунигача излади. Шайх унга ва уни дўстларига: “Инсонлардан баландда бўлманглар, албатта олим модомики қўлини дунё матоҳларига чўзар экан, унда яхшилик йўқдир. Ҳаммангиз боринг ва отангизни касби билан шуғулланинг, бунда Аллоҳдан тақво қилинг”, деди.
Ўша йигитлардан бири онасини ёнига бориб отаси қайси касб билан шуғуллангани ҳақида сўради. Онаси ажабланди ва: “Отанг Аллоҳнинг ҳузурига кетган бўлса уни касбини сўраб нима қиласан. Бориб бошқа касб топ, отангнинг ишини қўй”, деди. Боласи мажбурлайвергач, отасининг касби ўғрилик бўлганини хоҳламайгина айтди.
Ўғли унга: “Шайхимиз бизни отамиз қилган барча ишни қилишга ва бунда Аллоҳдан тақво қилишга буюрдилар”, деди. Онаси оҳ тортиб юборди ва ўғрида қандай қилиб тақво бўлиши мумкинлиги айтиб ўкинди. Бола ғафлатда эди ва: “Шайхим шундай деган”, деди.
Сўнг кетди ва ўғрилар ўғрилик қилишда қўллайдиган усуллар ва ўғрилик йўлларини ўрганди. Ва илк ўғрилигига киришди, ҳуфтон намозини ўқиди ва инсонларни уйқуга кетишларини кутди. Ва отасини касбини шайхи айтганидек тақво билан қилиш учун чиқди. Ён қўшнисидан бошлади, бирдан шайхининг тақво билан қилинг, деган гапи ёдига тушди ва қўшнига озор бериш тақводан эмас деб, кейинг уйга ўтди ва ўзига ўзи айтди: “Бу етимларнинг уйи бўлса, Аллоҳ уларни молларидан ейишни ман этган”.
Йўлида давом этди, бой тижоратчининг уйига бориб тўхтади. Бойнинг биттагина қизи бўлиб, одамлар уни ҳожатидан ортиқ моллари кўплигини билар эди. Ва шу уйга киришга қарор қилди. Эшикни очди ва ичкарига кириб кенг уйларни, кўп хоналарни кўрди, моллар турадиган жойни топгунча уйда айланди. У ердаги олтинлар ва кумушларга тўла сандиқни очди. Энди олмоқчи бўлиб турганда шайхининг гапи ёдига тушди ва бу тижоратчи ҳали закотини адо қилиб улгурмаган бўлса-чи, деган хаёлга борди. Бойнинг дафтарини олиб ўзи билан олиб кетган кичик фонарни ёқди ва ҳисоблай бошлади. У ҳисобга жуда моҳир эди. Ҳисоблаб бўлгач, закот учун ажратилган пулларни бир четга олиб қўйди, ҳисоблашга шунчалик киришиб кетганидан вақт ўтганини сезмай қолди. Қараса, бомдод вақти бўлибди.
Тақво қилиб аввал намоз ўқийман, деб ҳовлига чиқиб таҳорат қилди ва намозга иқома айта бошлади. Уй эгаси уни эшитиб чиқди, ҳайратда лол қолди. Фонар ёқиқлиги учун сандиқ очилганини кўрди ва: “Сен кимсан?”, деди. Ўғри эса: Аввал намоз кейин калом, деди. Таҳорат қилиб кел бирга намоз ўқиб олайлик, уй эгаси имомлик қилиши керак”, деди. Уй эгаси унда қурол бўлса-чи деган ҳадикда айтганини қилди. Аллоҳ билади қандай намоз ўқиганини.
Намоз тугагандан сўнг ўғридан кимлигини ва нима қилаётганини айтишини сўради. У ўғрилигини айтди. Бой эса дафтарини нима қилганини сўради. Ўғри унга олти йилдан буён чиқармаган закотини ҳисоблаганини ва жойига қўйиш учун ажратиб қўйганини айтди. Тижоратчи эсидан айрилай деб: “Бу нима деганинг, жинни бўлганмисан?”, деди. Ўғри ҳаммасини айтиб берди.
Тижоратчи унинг гапларини эшитиб бўлгач унга яхшилаб назар солди ва уни чиройли ва ақлли эканини кўрди. Хотини ёнига бориб бўлган воқеани айтиб, қайтиб ўғрини олдига келди ва: “Сенга қизимни никоҳлаб берсам, ўзингни эса шахсий ҳисобчим қилиб олсам, нима дейсан? Онанг биз билан шу ерда яшайди, деди. Ўғри рози бўлди, тонг отгач гувоҳлар чақирилди ва никоҳ ақди боғланди.
Манба: Али Тантовийнинг “ اللص التقي ” номли ҳикояси.
Арабчадан Робия Маннобжонова таржимаси