Тамагир

Қадим замонда сахийлиги билан ном чиқарган бир подшоҳ ўзининг кишиларидан бирига:
— Мен бир кишига минг танга бермоқчиман, сен нима маслаҳат берасан?—деди.
— Бунча кўп пулни бир кишига бериб бўлмайди,— деб маслаҳат берди у киши.
— Ярмисини бир кишига берсам бўладими?
— Кўплик қилади.
— Учдан бирини берсамчи?
— Кўплик қилади.
— Тўртдан бирига маслаҳат берасанми?
— Бу ҳам кўп.
Шундан кейин подшоҳнинг у яқин одами бир кишига фақат юз танга беришга маслаҳат айтиб:
— Бир кишига юз танга бериш кўп бўлса ҳам майли, юз танга бера қолинг,— деди. Подшоҳ унинг қарорини эшитиб:
— Қандай бахтсиз одам экансан? Мен бу минг тангани сенга бермоқчи эдим. Берган маслаҳатинг соясида минг тангадан ўзингни маҳрум қилдинг ва мени саховатдан ман айладинг,— деди.
У киши подшоҳнинг сўзини эшитиб пушаймонлик ўтида ёнди:
— Мен хато иш қилдим, мендан марҳаматингизни дариғ тутманг,— деди. Подшоҳ унинг ялиниб-ёлворишига илтифот қилмай:
— Сен азоб-уқубатга лойиқ бўлган, эҳсонга қобил бўлмаган ҳимматсиз, пасткаш одам экансан. Ўзингга ҳам, менга ҳам зиён етказдинг. Менинг зиёним агар ўша минг тангани бир кишига берсайдим, сахийлик билан машҳур бўлардим, мурувватим овозаси боқий қоларди. Шунча пулдан маҳрум бўлиш билан сен зиён тортдинг. Энди ўз қароринг бўйича сенга юз танга бераман, мана ол, бундан кейин менинг мажлисимда асло пасткашлик қилмагил,— деди. У яқин кишисига юз танга бериб, ҳузуридан чиқариб юборди.

Байт:
Бу жаҳон ичра қора юз сифладур,
Уни кўрсанг, шавқат қилмай роса ур.