Султон Маҳмуд ва Аёз

Султон Маҳмуд Ғазнавий бир кун овга чиқди. Йўлда бир оҳуни кўрди ва орқасидан от чоптирди. Оҳу тоғларни, водийларни.ошиб борарди. Султон Маҳмуд оҳунинг изидан қолмади. Баногоҳ Туркман қишлоғига етиб борди. Терга ботган эди. Бир эшикни тақиллатди, эшикни очган кўркам йигитдан сув сўради. Йигит Султон Маҳмудни таниб;шундай деди:
— Бош устига, султоним. Бироқ уйимизда сув йўқ. Огам булоқ бошига кетди. ҳализамон келади. Сиз ичкарига киринг, деди ва султонни гапга тутди. Кейин ўрнидан туриб уйидан бир косада сув келтирди. Султон:
— Сен менга уйда сув йўқ дегандинг. Ҳозир олиб келяпсан. сабаби нима?  деб сўради. Йигит жавоб берди:
— Султоним мендан сув сўраган вақтингизда жуда терлаган эдингиз. ҳароратингиз баланд эди. Агар ўша вақтда сизга сув берсам, соғлиғингизга зарар бўларди. Сизнинг бироз ҳароратингиз тушишини кутдим.
Бу жавоб султонга хуш ёқди. Йигитнинг исми Аёз эди. Уни онасининг розилиги билан саройга олиб кетди ва янги либослар кийдирди. Аёз чориқ ва пўстиндан иборат эски кийимларини ташламай, бир хонага қулфлар ва ҳар кун бу хонага кираркан:
— Эй Аёз, бу пўстин ва чориқ сеникидир… Эски ҳолингни кўргин, ғурурланма,  деб ўз ўзини назорат килар эди. Вақти келиб Аёз султоннинг энг яқин нодими бўлди. Бу ҳодисага  атрофидагилари ҳасад қилди. Уни назардан тушириш учун турли тузоқлар қўйишди. Бир кун Султонга:
— Сиз ишонган Аёзнинг бир хонаси бор. Ичи олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлар билан тўла. Аёз у ерга ҳеч кимни киргизмайди. Эшиги доимо қулфи туради,  деб фитна уюштирдилар.
Султоннинг Аёзга ишончи чексиз бўлиши билан бирга, буни гапирганларга сабоқ бериш учун амр берди:
— Жуда яхши. Боринг, хонасини очинг. Олтин, кумуш ва жавоҳирларни бу эрга келтиринг!
Одамлар Аёзнинг хонасида тинтув ўтказдилар. Хонадан йиртиқ бир чориқ билан эски бир пўстиндан бошқа ҳеч нарса тополмадилар. Хижолат билан кўрганларини султонга айтиб узр сўрадилар.
Султон:
— Сиз Аёздан кечирим сўранг. Гуноҳингиздан ўтадиган ҳам, жазо берадиган ҳам у, деди. Аёз чақирилди. Бўлиб ўтган воқеани айтдилар. Аёз:
— Қуёш бор экан, юлдуз кўринмайди. Менинг ҳукм чиқаришга ҳаққим йўқ. Фармон султонимдандир,  деб бир бурчакка чекинди. Иттифоқо, султон тезда девонни тўплади. Ўртага жуда қимматбаҳо жавоҳирни қўйди. Вазирдан сўради:
— Бунинг баҳоси қанча? Вазир жавоҳирни қўлига олиб,уёғига,буёғига қаради.
— Юз хачир олтин қийматидадир,  жавобини берди. Султон:
— Ундай бўлса синдир дея амр берди.
Вазир:
— Бу қимматбаҳо жавоҳирни қандай синдираман? Бунга қўлим бормайди,  деди. Султон унга заррин тўн кийдирди. Яна бир мулозимни чақирди:
— Бу жавоҳир қандай қийматда?
— Бир юртнинг ярмиси қийматидадир, султоним.
— Синдир буни.  
— Султоним, гуноҳ бўлади. Бунга қўлим бормайди.
Султон кимга “Жавоҳирни синдир” деган бўлса, ҳеч ким бунга журъат қилмади. навбат Аёзга келди. Султон:
— Эй Аёз! Сен айт, бу жавоҳирнинг қийматини? Аёз бошини эгди:
— Қийматини баҳолашга кучим етмайди.
Шу вақтда султон баланд овоз билан амр қилди:
— Уни синдир, парчала!
Аёз ўша ердаги йилт йилт қилиб нур сочиб турган жавоҳирни қўлига олди ва эрга урди .Жавоҳир чил чил синди. Ўша вақт ҳамма ҳайқириб юборди:
— Бу бойликни парчалашга қандай   қўлинг борди? Бу қанақаси?
Аёз жавоб берди:
— Эй вазирлар, амирлар султоннинг амри устунми, жавоҳирнинг қийматими? Менинг кўзим подшоҳдан бошқани кўрмайди. Мен учун тошдан кўра подшоҳнинг сўзи муҳим. Тош парчасини устун кўриб султон амрини бажармаган одамдан яхшилик чиқмайди.
Бироздан кейин султон амр берди:
— Жаллодни чақиринг. Менинг девонимни бундай пасткаш одамлардан тозаласин. Бир тош учун менинг амримни бажармаганлар бу ерга лойиқ эмасдир.
Аёз ўртага отилди:
— Эй карам соҳиби, буюк еултон бутун жаҳоннинг лутф ва эҳсонлари сизнинг буюклигингиз олдида йўқ бўлади. Уларни кечиринг, бир маротаба афв этинг…
Аёзнинг ёлворишлари билан султон уларнинг гуноҳидан ўтди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан