“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига
Мадинаи Мунавварадаги бир ширкатда электро монтер бўлиб ишлаган асли туркиялик Аллоҳнинг дўсти, Расулининг ошиғи бўлган бир биродаримиз иш кунининг охири вақтида ўзига топширилган вазифани тугатиш асносида экан, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзаларида ток уришидан вафот этади ва “Жаннатул Бақеъ” қабристонига дафн этилади.
Табиийки, бу воқеалардан сўнг оиласи ўз юртлари бўлган Туркияга қайтишга мажбур бўлишади. Ўша вақтда етти ёшда бўлган ўғли Набий Доғанай, мактабда истеъдодли ўқувчилар орасида чиройли ҳикоя ёзиш бўйича бўлган танловда қатнашиб, ёзган ҳикояси учун фахрли биринчи ўринни эгаллайди.
Бу, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатнинг жажжи қалб тўридан чиқаётган самимий ва содда ифодалари эди…
Биламизки, тил қалбдан кечаётган ҳар бир нарсани ифода этишга қодир эмас. Меҳрибон Аллоҳ барчамизга бу биродаримизнинг Расулуллоҳга бўлган ишқ-муҳаббатидан насиб айласин! Омин…
* * *
Баҳорнинг илк кунларида гуллар каби хуш бўйлар таратган, Мадинаи Мунавварада кўзларимни очдим. Мен туғилган туғруқхона сизнинг муборак Равзангизнинг шундай ёнгинасида бўлгани учун мен туйган илк ҳид, сизнинг боғчангизнинг хушбўй ҳидлари бўлди. Отам келиб қулоғимга азон айтмасларидан илгари, қулоқларим сизнинг масжидингиз азони билан шарафланди. Қирқ кунлик бўлганимда илк зиёратим, сизнинг Хонаи Саодатингизга бўлган эди. Илк қадамларимни сизнинг Равзангиздаги мармарларга ташлаган эдим ва Роббим билан илк учрашувимиз, илк саждам сизнинг масжидингизда муяссар бўлган эди. Барча барча бажарган “илк”ларда сиз бор эдингиз…
Хали тилим сўзлашни билмай туриб, мен сизни қандай севишни ўргандим. Балки сизни унчалик ҳам яхши танимас эдим, лекин сиз менга жудаям яқиндек, сизни қаттиқ севардим.
Сизнинг уйингизга зиёратга келганимизда, сизни кўрмасак ҳам сизнинг борлигингизни ҳис этар ва уйингиздан узоқлашган вақтимизда эса, ғамгин бўлиб қолар эдик. Болалар уйларида зерикиб қолсалар, оталари уларни кўнгилочар боғларга олиб бориб, ўйнатиб келишини исташар эди. Биз эса Мадинада яшаган вақт мобайнида ҳеч вақт отамиздан кўнгилочар боғга олиб боришларини истамадик. Балки, биз ҳеч зерикмасмидик билмадим?
Менимча Мадинадаги ҳеч бир бола зерикмас эди. Чунки у ерда, дунёнинг ҳеч бир ерида топилмайдиган гул боғи ва у боғнинг ҳақиқий Боғбони, сиз бор эдингиз.
Бизнинг кўпроқ вақтимиз ўша боғда ўтар эди. Сизнинг Равзангиз мармарларини оёқ кийимларимиз билан босолмасдик. Мармарларнинг устида яланг оёқ кезар эдик. Ким билади, боғчангиз гулларини босиб олишдан қўрқардик балки? Ёз кунларида мармарларда оёқ яланг юриш оёқларимизни куйдирар эди. Шундай бўлса-да бизга шундай юриш жудаям хушёқар эди. Бир сафар отамдан сўраганим ёдимда:
“Отажон нима сабабдан Мадина бунчалар иссиқ?”. Отам:
“Ўғлим! Чунки Мадинада иккита қуёш бор!” – дердилар. Мен эса ажабланиб:
“Қандай қилиб, отажон, қуёш битта бўлмайдими?” – дердим. Отам кулимсираб:
“Тўғри болажоним, бутун оламни, курраи заминни иситадиган қуёш битта. Аммо яна битта Қуёш борки, у оламларни иситадиган ва ойдинлатадиган қуёшдир. У қуёш Мадинада бўлгани учун, иссиқлиги икки баробар бўлмоқда!” – деб жавоб бергандилар.
Отамнинг берган бу жавобларидан роҳатланардим ва исинардим. Ҳақиқатдан ҳам мармар тошлар оёқларимизни иситар эди. Аммо сизнинг қуёшингиз тафти эса ичларимизни, кўнгилларимизни иситарди. Мадинадан айрилганимиздан кейин ҳам оёқларимиз исияпти, аммо ичимиз исимаяпти. Чунки қуёшнинг каттасини у ерда қолдириб келгандик. Мен қуёшимни йўқотиб қўйган эдим. Ортиқ унинг уйига, унинг равзасига боролмаётган эдим. Гарчанд нури бу ерларни ҳам ойдинлатаётган бўлсада, аммо ичимни исиши ва кўнглимни ёниши учун унинг равзасида ялангоёқ чопмоғим лозим эди. Равзангизда юрар эканман азонлар айтилар эди. Масжидингиз муаззини азонни шунақанги даражада гўзал айтар эдики, гўёки Билол Ҳабаший азон айтаётгандек бўларди. Намозни адо қилмоқ учун у муқаддас ернинг қадрини билиб-билмай, масжидингиз сари чопар эдик. Отамнинг ёнларида туриб бирга намоз ўқир эдик.
Катта устунларнинг тагидан чиқаётган салқин ҳаволардан бошларимизни салқинлатар эдик. Зам-зам ичадиган идишлардан гуллар ясардик. Намоз ўқиётганимизда ёнимизга мушук суқулиб кирар эди. Отам:
“Эҳтиёт бўлинглар, яна озор бериб қўйманглар! Чунки улар Абу Ҳурайранинг мушукларидир!” – дер эдилар, бизлар эса бунга чин дилдан ишонардик. Сизнинг масжидингизга мушуклар ҳам бемалол кира олишар эди. Чунки сиз, энг яхши мезбон эдингиз.
Чоршанба кунлари доимо Уҳуд тоғига борар эдик. У ерда, сиз барчадан ортиқ севган амакингиз ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳуни зиёрат қилардик, у зот бизнинг ҳам амакимиздир. Дўстларим билан Айнайн тепалигига чиқар эдик, у ердан сўнг Уҳудда ётган етмишта шаҳидга салом берардик. Уҳуд тоғига ҳар вақт қараганимизда гўёки сизни кўргандек бўлар эдик. Уҳуд ҳам худди сизнинг Равзангизга ўхшаб хушбўй ҳидлар таратар эди. У ер ҳам алоҳида бир гул боғчаси эди, гўё.
Мана шундай қилиб менинг етти йилим, мен учун энг қадрли ва энг чиройли бўлган вақтларим сизнинг маҳаллангизда, сизнинг Равзаи муборакингизда, сизнинг жанг қилган ерларингизда гўёки сиз мен билан доимо бирга, менинг ёнимда юргандек ўтди. Сизни кўрмасам ҳам, сиз билан бирга яшашга шунчалик ўрганиб қолган эканманки, сизнинг ёнингиздан айрилаётган вақт гўёки бир ёним, бир жоним, бир парчам у ерда қолгандек эди.
Бу она юртим энди мен учун ғурбатга айланди. Қани эди қўлимда бўлса, ҳозироқ ёнингизга учиб борар эдим. Лекин улар, улғайсанг борасан! – демоқдалар. Мен фақатгина сизнинг ёнингизга бориш учун, тезроқ улғайишни истайман. Сизнинг ёнингизга келган вақтимда улғайган бўлсам ҳам, Равзангиздаги мармарларда оёқ яланг кезаман. Токи қуёшингиз тафти ичимни иситсин.
Сизнинг ҳасратингиздан ичларим музламоқда!
Билмадим, балки ҳасратингиз ҳар кимни ёндирар, лекин мени музлатмоқда…
Чунки мен туғилганимдан бери сизнинг севгингиз билан исинишга ўрганган эдим.
Бугун сизнинг тафтингизга жудаям муҳтожман!
Майли мен сизнинг ёнингизга келолмасам ҳам, лекин сиз мени асло ташлаб қўйманг. Нурингиз ила қоронғу кечаларимизни ойдинлатинг, тафтингиз ила бутун зарраларимизни иситинг. Мадинада яшаганимизда сизга қўшни эдик, уйларимиз бир бирига жуда яқин эди. Сизнинг борлигингиз бизга доимо ишонч берар эди. Яна ўшандай бўлса-ю, ора-сирада уйимизга келиб бизни шарафлантириб турсангиз.
Ҳа, айтганча, менинг исмим ҳам Набий, худди сизнинг исмингизга ўхшаш. Бу исмни менга, сизни жуда яхши кўрган бир дўстингиз қўйган.
Яна бошқа бир исмим Муҳаммад, яна сизнинг исмингиз каби. Бу муборак исмни менга отажоним қўйган. Бу ерга келаётганимизда сизнинг маҳаллангизда, сизнинг ёнингизда қолдириб келган отажоним.
Сизга ўхшаш яна бир тамоним бор!…
Мен ҳам худди сизга ўхшаб, отасиз ўсмоқдаман…
Мен жуда бахтиёрман, чунки сиз бизга асло етимлигимизни ҳис эттирмадингиз…
Мадинадан қайтгандан бери, сизни доимо бошимизда тургандек ҳис этмоқдаман. Кечалари ҳеч нарсадан қўрқмасдан, доимо хотиржам ухламоқдаман. Сизни танитган ва сизни севдирган Роббимга беадад шукрлар қиламан.
Отам сизнинг ёнингизда, сизнинг маҳаллангизда қолганди. Биз отамни дафн қилар эканмиз, акамнинг оёқ кийими отамнинг қабрига тушиб кетди ва ўша ерда (отам билан бирга) қолди. Ростини айтсам менинг у оёқ кийимга жуда рашким келди. Чунки энди акамнинг оёқ кийими доимо отам билан бирга қолар эди. Отамнинг қабрини сўнгги марта зиёрат қилаётганимда, ёқтирган оёқ кийимимни ҳеч кимга билдирмай секин ечиб, отамнинг қабрининг устига кўмиб қўяқолдим…
Ана энди менинг ҳам оёқ кийимим доимо отам билан биргаликда қолади…
Хўп майли, деб Қуёшимни, отамни ва яна мен ёқтирган оёқ кийимимни ортимда қолдирган эдим. Отажоним ва оёқ кийимим у ерда қолганди, улар келолмас эдилар. Аммо Қуёшим доимо ёнимизда эди. Етимларнинг ғамхўри, етимларни ҳеч вақт ўз ҳолларига ташлаб қўярмиди? Дунёнинг бошқа бир бурчагига кетсак ҳам, бизни ташлаб қўймасликларини билар эдим.
Эй Саййидим, кўзларимиз, кўнгилларимиз фақат сиз билан ойдинлашади!
Руҳимиз, ичимиз фақат сизнинг меҳр тафтингиз билан исинади. Майли кечроқ бўлсада бирор кун сизнинг ҳузурингизга келадиган бўлсам, Равзаи покингиз мармарларида оёқ яланг чопишни насиб этсин!
Токи ишқингиз ила, севгингиз ила бутун вужудим ёниб қовурилсин.
Мен ёқтирган оёқ кийимим қолган у гўзал макон, сўнгги қўнимгоҳим бўлсин…
Туркчадан Муҳаммад Мубийн таржимаси