Шох Ғозий қаҳрининг гармсели бир қайсар бошоқни барбод этгани, адолатининг суви эса ўша бошоқ битган бузуқ экинзорни обод қилгани
Саодатли Шоҳ Ғозий подшоҳлик тожи учун курашиб, тахт талашиб юрган вақтда – ёнида юз, икки юзча одам билан кўчиб юрар, гоҳ Хоразм ерида бўларди, гоҳ Адоқда. Отган ўқлари душман юрагини қон қилиб, тиғи ёв бошини учирар эди. Ўзи асли зотида лойиқ бўлгани учун Худо унга охири ҳукмдорликни берди. Халққа у адолат эшигини очиб қўйди. Тахтга чиқиб ўлтирди-ю, адолат кўрсата бошлади. Иморатлар қуриб, вайроналарни тузатди, зулмни адолат йўли билан бартараф этди. Бидъат ва фисқ-фужур аҳллари йўқолиб, шариат адолатининг қўлини кучайтирди.
Бир куни у айланиш учун чиққан эди. Шунда бир девона кампир унинг этагидан махкам тутди. Нолаю афғон чекиб, оҳ тортиб, у деди:
– Эй, шариатпаноҳ шоҳ! Агар адолат билан иш кўриладиган бўлса, мен сен билан шариат бўйича даъволашаман. Шарт шуки, жаҳлинг чиқмайди, саволларимга шариат махкамаси – қозихонада жавоб бер.
Шоҳ жавоб берди:
– Агар сен жонимни талаб қилсанг ҳам, агар талабинг шаръий бўлса, айбимга жоним билан иқрорман.
Шу айтилган гап бўйича келишдилар, ислом қозисининг хузурига бордилар. Улар бир-бирига ёнма-ён ўлтиришди; атрофдаги одамлар хаяжон билан турардилар. Иккиси гўё катта маъракада Зол билан Рустам тургандай эди, уларнинг бошида эса бутун олам тўплангандек. Қария деди:
– Шоҳ қазоқлик қилиб кўчиб юраркан, тиғ солиб, ҳар ёққа аскар тортарди. Мен тулнинг биргина жигарим бор эди, у жигарим экинзорининг ягона бошоғи эди. У боғимда битган қомати расо сарв, яна тўғрироғи, қуриган шохирннинг меваси эди. Шоҳ қиличи билан кўксимни ёриб, жигарпорамни халок этди. У тиғи билан жигаримни кесиб, жигарим қонини ерга оқизди.
Қози айтди:
– Ҳукмимга шубҳа бўлмаслиги учун иккита гувоҳ олиб кел. У жавоб берди:
– Агар икки гувоҳ керак бўлса: булар – шоҳнинг ўз адолати ва инсофидир.
Шундай қилиб, яхши ниятли подшоҳ айбига иқрор бўлди. Адолат даргоҳининг одами бўлган қози хун пули тўлаш кераклиги ёки қасос олиш ҳақида ҳукм чиқарди. Шоҳ деди;
– Шариат шундай ҳукм қилган экан, пайғамбар шариатининг ҳукмига жонимни фидо қиламан.
У қийиқ билан бўйнини махкам боғлади; катта ҳамённинг эса оғзини бўшатди. Кампирнинг қўлига қўрқмасдан тиғ берди, бу томонга эса олтин, кумушларни тўкиб қўйди. Сўнг, у деди:
– Қасос оламан десанг, мана, бошим; мақсадинг тирикчиликка пул олиш бўлса, мана, пул. Ўғлингни ўлдириш ҳақида буйруқ берганимда, бошқа иложим қолмаган эди. Мана, нима қилсанг қил, ихтиёр сенда!
Шоҳнинг адолат ва зўр инсоф кўрсатиши тиғни ғамгин кампирнинг тишларидек ўтмаслаштирди. У узр сўраб шоҳнинг оёғига йиқилди ва деди:
– Эй юлдузларча аскарга эга бўлган подшоҳ! Агар болам сенинг йўлингда қурбон бўлган бўлса, мен қария ҳам сенга жонимни беришга тайёрман. Агар сени изтиробга солган бўлсам, яхшиликча кечир, мен енгилдим.
Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан