Дин имоми, илоҳий маънолар денгизи Жунайд бир кеча Бағдодда ваъз айтар эди. Унинг сўзларининг салмоғи ва теранлигидан осмон паст бўлгандай, қулоқ солиб ҳайратга тушаётгандай эди. Шайхлар шайхи Жунайд ҳазратларининг бир ёш ўғлони бор эди, унинг камоли, ширинлиги одамлар қалбига ором бағишларди.
Шайх Бағдодда ваъз айтаётган ўша кечада ўғлининг бошини кесиб, хору зор ҳолда келтириб, йиғилганлар олдига ташладилар. Поктийнат Жунайд буни кўриб индамади ва жамоатга юзланиб деди:
– Қадиму азал, абаду аҳад асроридан қайнатган қозонимдаги таом бу кеча пишипти, унинг ошини ҳам кўрдингизлар. Ҳақ йўлидаги қурбоним – шу, бундан ортиқ ҳам, кам ҳам эмас».
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.