Тарихда золимлиги билан ном чиқарган Ҳажжож қўлига асир бўлиб тушган бир қанча кишига қаттиқ жазо беришга буюрди. Асирлар орасидан бир киши Ҳажжожга:
— Эй амир, менга қаттиқ жазо берманг, сизга жуда яхши хизмат қилганман,— деди. Ҳажжож ундан қандай хизмат қилганини сўради. У киши:
— Бир душманингиз сизни ғийбат қилиб, золим деб таъриф-тавсиф қиларди, мен уни ман қилдим,— деди. Ҳажжож ундан: «Гувоҳинг борми?»— деб сўраган эди, у киши асирлар орасидан бир кишини гувоҳ этиб кўрсатди. Асир бу ишдан бехабар бўлса ҳам, у кишининг қутулишини кўзлаб:
— Тўғри айтади, мен у ерда ҳозир эдим, сизни ёмонлаб сўзлашдан уни манъ қилди,—деб ёлғондан гувоҳлик берди. Ҳажжож аччиғланиб унга айтди:
— У ерда сен ҳам бор экансан, душманимни ғийбат қилишдан манъ қилган мана шу кишининг сўзларига нима учун қўл қовуштириб жим ўтирдинг?
— Мен сизни энг ашаддий душманим деб биламан, шунинг учун манъ қилишни истамадим,— деб жавоб берди асир.
Иккинчи асир тўғри сўзлагани учун Ҳажжож ҳар икки тутқунни озод қилди.
Байт:
Қолмагай тўғрилар иши пинҳон,
Қилмагай тўғри сўз кишига зиён.
Олижаноб одамлар ёлғиз ўз жинсларигагина эмас, ҳатто ҳайвонларга ҳам шафқат ва марҳамат назари билан қарайдилар, уларга озор етказмайдилар.