Бир куни халифа Хорун ар-Рашид шоир Абунувоснинг қилган бир ишидан жуда ҳам аччиғланди, ғазабига чидай олмай шоирни арслон, қоплон, бўри каби ваҳший ҳайвонлар яшайдиган ертўла, чуқурликка ташлашга буюрди. Ўша вақтда Бағдод шаҳрининг бир чеккасида бўлган бу чуқурликка ўлим жазосига ҳукм этилган кишиларни ваҳший ҳайвонлар есин деб ташлар эдилар.
Гуноҳкорни чуқурликка ташлаш вазифасига тайин қилинган хизматчи халифанинг буйруғига биноан Абунувосни чуқурлик ёнига келтириб, ҳайвонларга ташламоқчи бўлди. Абунувос хизматчига илтимос қилиб айтди:
— Азиз биродарим, кўп вақтдан бери биз бир-биримизни яхши таниймиз. Шу муддат ичида мен сизга ҳеч бир ёмонлик қилмадим, сиз ҳам менга ёмонлик қилмадингиз, балки бир-биримизга яхшилик қилгандирмиз. Шу қадимий ошналигимиз ҳурмати учун сиздан бир нарсани ўтинаман, қабул этарсиз деб умид қиламан.
— Нимани илтимос қиласиз? Сизнинг ҳақингизда халифанинг буйруғини ижро қилишдан бошқа нимани орзу қилсангиз, уни ҳозир қилишга сўз бераман,— деди хизматчи.
— Хотиржам бўлинг, менинг илтимосим орқасида сиз жавобгарликка тортилмайсиз.
— Ундай бўлса айтинг-чи…
— Мен сизга етарли миқдорда пул бераман. Мени чуқурликка ташламасдан олдин бозорга бориб битта сўйилган қўй, бир кўза ичимлик, битта чирманда ва қўнғироқлар тақилган битта қулоҳ сотиб олиб келинг. Келгунингизча мен бир кишингиз билан чуқурлик ёнида тураман.
— Орзуингиз шу бўлса, буни ижро этиш жуда осон.
Абунувос хизматчидан миннатдор бўлиб, унинг қўлига керакли миқдорда пул берди. Хизматчи ярим соатдан кейин Абунувоснинг ҳамма айтганларини ҳозир қилди. Абунувос аввал қўйни бир арқонга боғлаб чуқурликка туширди. Бир оздан кейин қулоҳни бошига кийиб, чилдирмани қўлига олди, кўза билан бирга бир арқонга боғланиб чуқурликка тушди.
Чуқурлик ичида бўлган арслон, қоплон ва бўри туширилган қўйни еб қоринлари тўйган эди, шунинг учун Абунувосга дарҳол ҳужум этмадилар. Шоир дарҳол кўзани очиб, буларга ичкиликни ичирди. Ўзи уста мусиқачи ва хушовоз бўлгани учун чирмандани чалиб, сакраб-сакраб ўйнаб ашула айта бошлади. Ичкилик ичиб маст бўлган ваҳший ҳайвонлар Абунувосга қараб ҳайрон бўлиб турдилар. Кейин ўзлари ҳам завқланиб, Абунувос билан бирга сакраб-сакраб ўйинга туша бошладилар.
Абунувос мақсадининг ҳосил бўлганини кўриб, хотиржам бўлди, ўзи ўйнаб ва ҳайвонларни ўйнатиб кунни ўтказди. Кечқурун яна хизматчига илтимос, қилиб битта сўйилган қўй билан бир кўза ичкилик келтирди. Абунувос қўйни едирди, ичкиликни ичирди. Хизматчи Абунувосга махсус таом туширган эди, шоир ҳам овқатланиб олди. Ҳайвонлар қўйни еб, ичкиликни ичиб бўлганларидан кейин Абунувосга «қани, чирмандангни чалиб, ашула айт» дегандай ишора қилиб, ўзлари ўйинга тушдилар. Абунувос уларнинг илтимосини қабул қилиб чирманда чалди, ашула айтди. Ҳайвонлар ҳам ашулага жўр бўлдилар. Базм ярим кечагача давом этди. Сўнгра чарчаб шоирни ўрталарига олиб ётдилар. Абунувос ҳам уйқуга кетди.
Бу ҳол бир неча кун давом этди. Ҳайвонлар шоир билан жуда ҳам дўстлашдилар. Агар Абунувос жим ўтирган бўлса унинг атрофини ўраб олиб: «Кел, хафа бўлма, биз бор эканмиз, ҳеч ким сенга зарар еткиза олмайди, тур ўрнингдан, бир ўйнаб олайлик» дегандай шоирни ялаб-юлқиб ўйинга таклиф этардилар. Шоир ҳам уларнинг таклифини рад этмасди.
Бир куни Хорун ар-Рашид Абунувос ҳақида берган буйруғидан пушаймон қилиб:
— Афсуски, шундай яхши шоирни ваҳший ҳайвонларга едириб, юбордим,— деб жуда ачинди.
Абунувоснинг ҳолидан хабардор бўлган бир одам: — Қайғурманг, халифам, Абунувос тирик,— деган эди, Хорун ар-Рашид ғазабланиб:
— Ҳали менинг буйруғим ижро этилмадими?—деди. У одам:
— Буйруғингиз ижро этилди. Абунувос тадбиркор шоир эмасми? У бир ҳийла-тадбир ишлатиб ҳайвонларни ўзига ром қилиб олгани туфайли ўлмай тирик қолган,— деб воқеани англатди.
Хорун ар-Рашид ҳайратда қолиб, дарҳол вазирлари билан бирга чуқурлик ёнига келди. Чуқурлик туйнугидан:
— Абунувос, шундамисан?—деб қичқирди. Халифа товуши эканини билган Абунувос:
— Халифам, мен шу ердаман,—деб жавоб берди.
Халифа ҳайрат билан: «Ваҳший ҳайвонлар сени парчалаб ташламадиларми?»— деди.
— Ўзингиз кўриб турибсиз-ку, агар парчалаб ташлаган бўлсалар сизга жавоб берармидим?
— Сенинг гуноҳингни кечирдим, қани, энди ташқарига чиқ.
— Йўқ, халифа, мен бу ерда қолишни истайман, бу ваҳший ҳайвон дўстларимни ташлаб кетишни тиламайман.
— Нима учун ҳайвонлар орасида қолишни истайсан?
— Чунки ваҳший ҳайвонлар билан яқинлашиш, дўстлашиш ёмон табиатли одамлар билан дўст бўлишдан кўра қулайроқдир.
Хорун ар-Рашид шоирнинг сўзидан ҳайратда қолиб:
— Сўзларингдан мақсадинг нима эканини англамадим, тушунтириброқ айт, нимани истайсан,— деди.
Абунувос халифа Хорун ар-Рашидга шундай жавоб берди:
— Халифам, кўп йиллардан бери сизнинг хизматингизда бўлим. Арзимаган кичкина бир гуноҳим учун менга қаҳр-ғазаб қилиб қатл этишга қарор бердингиз. Шунча қилган самимий хизматимнинг мукофоти шу бўлди. Бу ертўладаги ҳайвонларнинг табиатлари қўлларига тушган ўлжани парчалаб ейиш бўлса ҳам, бир неча кун ичида мени севдилар, менга ўрганиб самимий дўст бўлдилар. Шунинг учун бу ердан чиқиб яна сизнинг хизматингизда бўлишни истамайман. Мана, мен шуни демоқчиман.
Хорун ар-Рашидга Абунувоснинг сўзлари жуда таъсир қилди. Қўярда-қўймай шоирни чуқурликдан чиқариб, яна ўз ёнига олди, самимий дўстликлари давом этди.