Бир отбоқар ҳаёти давомида ўз ранчосидан бошқа жойни кўрмаганди. У кучли, шу билан бирга жуда таъсирчан ва самимий йигит эди. Ким билан гаплашмасин, суҳбатдошини тушунишга уринар, йигит учун ҳалоллик ва ростгўйлик ҳамма нарсадан муҳим ҳисобланарди. Тақдир тақозоси билан у бой хонадонда туғилмади, шу сабаб, ўз нони ва кийим-кечагини машаққатли меҳнати орқали топарди.
Кунларнинг бирида тасодифан шу ердан ўтиб кетаётган бир киши йигитга ранчодан унча узоқ бўлмаган шаҳарга кўчма ҳайвонот боғи келганини айтиб қолди. Отбоқар ҳайвонларни жуда яхши кўрарди ва дунёнинг турли бурчакларидан йиғилган ёввойи жониворларни кўришга ҳам қизиқди. Бу қарорга келиш унинг учун осон бўлмади, ахир у ҳеч қачон ранчодан бошқа ҳеч қаерни кўрмаганди. Аммо йигит пул тўплаб, сафарга отланди.
Шаҳарда уни кўп нарсалар ҳайратга солди, лол қолдирди. Аммо йигит бу ерда узоқ қолишни ўзига эп кўрмади. Шу сабаб, фақат ҳайвонот боғига бориб, кейин дарҳол уйига қайтишга қарор қилди. Манзилига етгач, у чипта сотиб олиб, турли жониворлар ётган қафаслар жойлашган катта майдонга кирди. Йигит дунёда шунақа ғалати ва антиқа ҳайвонлар мавжудлигини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Фил, жирафа, товус, кенгурулар қафаси олдида у лол қолганча узоқ тураркан, табиатнинг турфа ҳайвонот оламини яратишдаги маҳоратига таҳсинлар айтди. Кутилмаганда у қандайдир кўзга таниш ҳайвонни кўриб, хурсанд бўлиб кетди.
– Мушук! Қаранг, ахир бу оддий мушук-ку! Фақат бизнинг мушуклардан анча бақувват экан!.. – хитоб қилди у йўлбарс ётган катак ёнида пайдо бўлиб. Йигит бошқаларга узоқдан келган бўлса-да, турли ҳайвонларни билишини кўрсатиб қўйгиси келди ва “мушук”ни силамоқчи бўлиб, катак ичкарисига қўлини тиқди. Аммо йўлбарс қаҳр билан бўкириб, тўсатдан бир сакради-ю, узатилган қўлни ўткир чангали билан тирнаб ташлади.
Отбоқарни зудлик билан шифохонага олиб боришиб, қўлини операция қилишди ва барча тўқималарини тиклашди. У эса ҳаммага ҳеч қандай ёмон ниятда бўлмаганини, фақатгина катта “мушук”ни силамоқчи бўлганини тушунтиришга уринарди. Унинг юрагида ранжу алам уйғонди, тақдирнинг бу қадар адолатсизлигидан зорланди – йигитнинг эзгу нияти кучли оғриқ билан “тақдирланган”ди. Кейин изтироби нафратга айланган йигит етказган озори учун “катта мушук”дан ўч олмоқчи бўлди.
Эртаси куни беморнинг аҳволини билиш мақсадида хонага бош суққан шифокор отбоқарни жуда изтиробли ҳолатда учратди. Шифокор йигитдан бунинг сабабини сўраб-суриштириб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида билгач, деди:
– Бир ёввойи ҳайвон етказган озор учун бунчалар хафа бўлиш керак эмас. Ахир бу – унинг табиати. Уни кечириш – ақлли одамнинг иши. Сиз ҳам жониворни кечиринг ва ҳаммасини унутинг!
Бу сўзлар отбоқарни таъсирлантирди. У йўлбарсдан хафа бўлиб, ғазабланиб янглишганини тушунди ва жониворни чин дилдан кечирди. Ҳатто бу туйғу унинг қалбини юмшатиб юборди ва йигит шу қадар қаттиқ ғазаблангани учун йўлбарснинг олдида ўзини айбдордек ҳис этди. Шифохонадан кетишга рухсат беришганида эса тўғри ҳайвонот боғига йўл олди.
Йигит йўлбарс қафаси олдига келиб, унга гапира бошлади:
– Тунов куни етказган жароҳатинг учун сени кечирдим. Бу ишда ҳеч қандай айбинг бўлмаса-да, сендан ғазабландим. Шунинг учун ҳозир сендан кечирим сўрайман. Буларни айта олаётганим қанчалар яхши-я…
Кўнгли бўшаб кетган отбоқарнинг кўзларига ёш қалқди. Айбига ич-ичидан иқрор бўлган йигит йўлбарсга қўл тегизмоқчи бўлдими, ёки уни қучиш ниятидами, энди соғлом қўлини қафаснинг сим тўрлари оша ичкарига узатди. Аммо йўлбарс яна бўкириб, панжаси билан йигитга ташланди ва узатилган қўлни тирнаб жароҳатлади…
Отбоқарнинг қанчалар ҳафсаласи пир бўлганини таърифлашга сўз ожиз. Лекин йигит бу сафар хафа бўлмади, қаҳру ғазабга тўлмади ҳам. Уни шифохонага етказиб, иккинчи бора жарроҳлик амалини ўтказишганида, йигит бу ҳақда ҳеч кимга нолимай, деворга қараб жимгина ётаверди.
Орадан бир қанча вақт ўтгач, беморнинг аҳволини билиш учун отбоқар ётган хонага бошқа – янги келган шифокор кирди. Аввалги ҳамкасбининг ўрнига ишга қўйилган бу доктор отбоқарнинг қўлини кўргач, беморининг бунчалар ғамгин кайфияти сабаби билан қизиқди. Йигит истамайгина бошидан ўтган воқеани гапириб берди.
– Ёввойи ҳайвон жароҳат етказгани учун шунчалик пароканда бўлиш ярамайди, ахир унинг табиати ўзи шунақа. Бунақа вазиятда…
– Биламан, бу маҳлуқни кечир, демоқчимисиз?!.. – бақириб юборди ўрнидан сакраб турган йигит. – Яна уни кечиришим ва унутишим керакми? Ҳеч қачон! Уни ҳеч қачон кечирмайман! Ўтган сафар бир шифокор менга уни кечиришим ва унутишим кераклигини айтганди. Мен кечирдим! Унутдим ҳам! Мана, кўринг аҳволимни!
– Кўриб турибман, – хотиржам деди шифокор. – Ўшанда етказган озори учун йўлбарсни кечиришга ва барини унутишга ўзингизда куч топдингиз. Аммо мен сизга кечиринг ва унутинг, демоқчи эмасман, кечиринг ва доим ёдда тутинг, демоқчиман…
Отбоқар йигитнинг қўли анча яхши бўлиб қолгач, у яна ҳайвонот боғига борди. Йўлбарснинг қафаси ёнига келгач, бу кучли ва чиройли жониворга анча вақт жимгина қараб турди-да, кейин деди:
– Етказган жароҳатларинг учун мен сени кечирдим, йўлбарс. Бу ишингдан аввал роса ғазаблангандим, аммо ҳозир ваҳшийлик сенинг табиатинг эканлигини тушунаман. Қандай бўлмасин, яна сени кўргани келаман. Хайр, йўлбарс, аммо кечир, бу сафар сенга қўлимни узатмайман!..
Русчадан Муҳаббат Шарифова таржимаси.