Ошнолик ҳақи

Бир киши бировнинг уйини ижарага олиб, бир неча вақт ўша ерда яшади. Кунлардан бир кун у киши ўзи яшаган шаҳардан чиқиб бошқа бир вилоятга борди. У вилоят ҳукмдорига манзур бўлиб вазирлик мансабига эга бўлди.
Уй эгаси уйида ижарага ўтирган кишининг вазир бўлганини билиб, ёрдам олиш умиди билан вазир турган вилоятга кетди. Вазирнинг маҳкамасига келиб, ичкари киришни истаган эди, эшик ёнида турган хизматчи қоровул қўрслик қилиб ундан:
— Сен қандай кишисан? Ҳеч кимга илтифот қилмай вазир ҳузурига киришни истайсан?—деб койиди. Уй эгаси айтди:
— Мен вазирнинг ошнасидирман, шунинг учун шундай сурбетликка қадам қўйдим.
— Вазир билан қандай ошнолигинг бор?—деб сўради қоровул.
Уй эгаси:
— Вазир бир вақт менинг уйимда ижарага ўтирган эди, энди ундан ёрдам сўраб келдим. Шояд у мени муҳтожлик тубанлигидан иззат ва ҳурмат баландлигига кўтарса,— деди.
Қоровул уй эгасининг сўзларини эшитгач, хохолаб кулиб айтди:
— Эй бечора одам, нодон киши экансан, уйимда ижарага ўтиргани учун вазирда ҳақим бор, деб бўлмағур нарсани баҳона қилибсан, бор уйингга қайт, таъмагир бўлиб юрма.
Вазир ўз идорасида буларнинг сўзларини эшитиб турган эди. Дарҳол қоровулни чақириб воқеани сўради. Қоровул табассум қилиб:
— Бир киши келиб: «Мен вазирнинг ошнасиман, у бир неча вақт уйимда ижара ўтирганди. Энди ошнолик ҳақини талаб қилиб ёрдам олиш учун келдим», деди. Мен уни ҳузурингизга киргизмай маломат қилиб жўнатиб юбордим,— деди. Вазир қоровулнинг уй эгасига қилган муомаласидан қайғуриб унга:
— Ёмон муомала қилиб у бечоранинг кўнглини бузгансан, дарҳол уни қидириб, топиб келтир!— деб буюрди.
Қоровул уй эгасини қидириб топиб, вазир ҳузурига келтирди. Вазир уй эгасига кўп меҳрибонлик кўрсатди. Ҳол-аҳволини сўради. Бир неча кун ёнида олиб қолиб иззат-ҳурматини бажо келтирди, уни молу дунёдан сарбаланд қилди, хотин, бола-чақалари учун ҳам туҳфалар берди, келиб туришини ўтиниб, иззат-икром билан уни ўз ватанига жўнатди. Шундай қилиб, уй эгаси севина-севина уйига қайтиб кел-ди. Ошнолик ҳақини риоя қилиш мана шундай бўлади.

Байт:
Кўнгилни равшан эт меҳру вафодан,
Ўгирма юз бурунги ошнодан,
Агар ошнанг фақир бўлса, унутма,
Унга ёрдам этишдан қўлни тортма.