Бир соҳиб камол, олиҳиммат одам бор эди, у бир соҳибжамолга ошиқ бўлиб қолди. Тақдир тақозоси билан маъшуқ оғир дардга чалинди, озиб-тўзиб ранги заъфарондай сарғайди. Равшан қунларда ҳам кўнгли зим-зиё, қоронғи эди. Дард уни қийнар, ўлими яқинлашиб борарди. Бу ҳақда ошиққа хабар етказдилар. Ошиқ бу хабарни эшитиб, қўлида пичоқ билан маъшуқа қошига югуриб келди ва деди:
– Нигорим ўз ажали билан ўлмасин учун мен уни ўз қўлим билан ўлдирмоқчиман.
Одамлар унга дедилар:
– Жиннимисан, бундай қотилликда нима ҳикмат бор? Беҳудага қон тўкма, қўй бу ишни, унинг умри оз қодди, ҳадемай жони узилади. Ўликни ўлдиришдан нима фойда, ўликнинг бошини фақат аҳмоқ жоҳиллар кесади.
Ошиқ деди:
– Агар ёрим менинг қўлимда ўлса, қиёмат куни, барчангиз гўрдан туриб, маҳшарга тўпланганингизда кўрасиз, ўзим ўчирган бу шаъмни ёқаман ва дўзах оташида ёнаман. Майли, одамлар мени сўхта ва қотил деб атайвериш-син, бу жойда ҳам, у жойда ҳам бари бир ёнаман.
Жонбоз ошиқлар ҳар икки оламда бахтга етишол-майдилар, қўли қисқа бўладилар. Лекин улар бу дунёда севганини орадан кўтариш билан дили бу дунёнинг барча ташвишларидан озод бўлади. Ўз қўли билан ўз жонини йўқ қилган одам охиратда хилватда ўз жонини топади. Ёр билан хилватга етишган одам жумла оламнинг барча сиррини ҳам кашф эта олади.
Агар мардларда талаб пайдо бўлмаса, бундай хилватга етишолмайди.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.