Кунлардан бир кун бир киши ўралган, муҳрланган бир халтачани дўстининг ҳузурига келтириб:
— Дўстим, мен сафарга чиқиб кетаётибман, ичида минг олтин бўлган шу халтачани сенга омонат топшираман, сафардан қайтиб келганимдан сўнг ола-ман,—деб халтачани топширди ва ўша кун сафарга чиқиб кетди. Сафари узоқ вақтга чўзилди.
Дўсти омонатга хиёнат қилиб, халтачанинг бир томонини сўкди, олтинларни олиб, тангалар билан тўлғизди, сўкилган жойини ҳеч билинмайдиган қилиб тикиб қўйди. Орадан ўн йил ўтгандан кейин омонат эгаси сафардан қайтиб келиб, дўстидан қўйган омонатини талаб қилди. Дўсти халтачани чиқариб берди. Омонат эгаси халтачани очиб, тангаларни кўргач, ҳайрон бўлиб дўстидан:
— Халта ичидаги олтинларим қани?—деб сўраганди, дўсти инкор қилиб: «Халтачага нима солиб қўйган бўлсанг, шундай турибди, қараб кўр, босган муҳринг ҳам бузилмаган, тағин нима даъво қиласан»,— деди. Омонат эгаси халтачани олиб шаҳар қозисинииг ҳузурига бориб воқеани баён қилди. Қози жуда ақлли ва тадбирли одам эди. У дарҳол хиёнатчи дўстни чақириб олиб, омонат эгасининг шикоятини айтди. Хиёнатчи дўст инкор этишда давом қилди.
— Омонат қўйганингга неча йил бўлди?— деб сўраган эди, у киши омонат қилиб топширганига ўн йил бўлганини айтди.
Қози ҳамма тангаларнинг босилган йилларига кўз ташлади. Тангаларнинг босилганига икки-уч йилдан ортиқ бўлмаган эди. Қози хиёнатчи дўстга тангалар-нинг босилган йилларини кўрсатган эди, у шарманда бўлиб, қилган айбига иқрор бўлишга мажбур бўлди. Тадбирли, фаросатли қози олтинларни хиёнатчидан олиб эгасига топширди.
Қозининг буйруғи билан хиёнатчини эшакка тескари миндирдилар. «Омонатга хиёнат қилган кишининг жазоси шундай бўлади?» деб қичқириб, шаҳар, кўча ва бозорларни айлантирдилар.