Басра шаҳрида бир очкўз киши бор эди. У нодонлик билан олтин-кумуш йиғишга муккасидан кетган эди. Ҳотам Той саҳоват ва карам кўрсатишда қанча ном қозонган бўлса, у динор ва дирҳам йиғишда ундан машҳурроқ эди. Ушбу хасис ва пасткаш киши кўп машаққат чекиб битта-битталаб кумуш йиғар эди. У катта бир хазина тўплагач, уларни ер тагига кўмди. Бу тубан- табиат яна шунга тенг келадиган бойликни тўнига гир айлантириб тикиб олган эди. Яширган беҳисоб олтинлари ўша шум ҳирсли кишининг кўзига ҳатто кундуз кунлари ҳам осмонда ярақлаган юлдузлар каби кўринар эди. У ўзича, танимга қувватгина эмас, балки жонимга сиҳат ҳам ана шу олтинларим туфайли, деб ўйларди.
Иттифоқо, бир куни у савдо-сотиқ қилиш учун дарё соҳилига келди. У ерда савдо қилган молидан тушган ҳаром пулларга таом олиб еди. Шундан сўнг, қолини ювмоқчи бўлиб дарё лабига энгашди. Аммо тўнига тиккан олтинлари оғирлик қилиб, уни сувга тортиб кетди. Хасис киши ана шу ёмон феъли туфайли дарёга чўка бошлади. У сувдан чиқмоқчи бўлиб, изтироб билан чунон талпинар, биров келиб қутқарар, деган умидда бақириб-чақирар эди. Аммо одамлар ёрдамга етиб келгунга қадар у дарё тубига чўкиб бўлди. Чунки унинг олтиндан бўлган лангари беҳад оғир эдики, шу сабабли у сув тубида садаф ичидаги гавҳардек қолиб кетди.
Унинг жонига офат етказган нарса, албатта, ўзи йиққан симу зар эди. Шунингдек, унинг яшириб қўйган хазинаси ҳам талон-торож бўлди. Олтин-кумуш йиғиш оқибатда ана шундай мудҳиш воқеа билан тугади. Сен бундай жирканч ишлардан қўлингни торт! Уларга зинҳор майл кўрсатма, чунки бу фано денгизи — дунё доимо даҳшатли тўлқин уриб туради.
Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” асаридан.