Бир олийсифат девона киши бор эди. Халқ унга “Мажнун ал-ҳақ” (“Ҳақ йўлидаги девона”) деб лақаб қўйганди. Чунки ҳақ ёди унга маҳбуб, тун-кун бу ёд ила мағлуб эди. Бирор сўз айтмоқчи бўлса, доимо ҳаққа хитоб этар, жавобини ҳам ҳақ тилидан берар эди.
Бир баҳор айёмида у байтуллоҳ — Каъбани зиёрат қилиш ниятида Сафарга чиқди. Йўлда кўп машаққат тортди, бундан жисми озор топди. У минган улов ҳам ғоят заиф эди.
Атрофга қоронғулик тушиб, ёмғир ёға бошлади. Девона энди йўлни давом эттириш қийинлигини билди. Шу яқин ўртадаги бир вайрона жойни кўрди ва эшагидан тушди. Эшагини Аллоҳга толпшириб: “Эй Аллоҳм, эшакдан хабардор бўлиб тур!”— деди.
Уловини ташқарига қўйиб, ўзи вайрона ичига кирди. Бир оздан сўнг уйқу ғолиб келиб, боши остига бир кесак қўйганча кўзи уйқуга кетди. Эшак ташқарида қолди.
Девона уйқуга кетгач, баҳор булутлари шаррос қуя бошлади. Вайрона ичига ҳар ёндан томчи ўтиб, телбанинг уйқусини учириб юборди. У ўрнидан туриб, ёмғир тинишини вайронада кутди. Ниҳоят, ёмғир тиниб, телба ташқарига чиқди. Қараса, эшаги йўқ! Бундан у беҳад изтиробга тушиб, Аллоҳга ғазаб билан хитоб қила бошлади:
– Мен сенга эшагимни топшириб эдим, сен эса менга бағоятда яхши карам кўрсатиб, уни қойил қилиб асрадинг! Эл сеҳинг меҳмонлигингга борса-ю, эшагини водийга қўйиб юбориб, сенинг ихтиёрингга топширса, сен эса бепарволик кўрсатиб, ғафлат ичра унга қарашни унутиб қўйсанг?! Эшагимни асрамоқни ўзингга ор билиб, қоронғу тунда уни кўринмайдиган қилиб қўйдинг!!!
Телба аччиғланганча ғўлдираб, йўқолган эшагини пасту баланддан қидирарди. Шу пайт жуда равшан бир чақмоқ чақилиб, бутун оламни нурга тўлдириб юборди. Қараса, эшаги хас-хашакка оғиз уриб ўтлаб юрган экан. Телба уни кўриб, қувониб кетди ва эшагига миниб яна йўлга равона бўлди. Қаҳридан тушиб, ҳаққа энди лутф билан меҳрибончилик кўрсата бошлади:
– Эй менинг жисм аро жоним Аллоҳ, балки сенга юз жоним фидо боисин! Гарчи ўшанда эшагимга қарамай, кўздан яшириб, бўйнига арқон богламаган эдинг. Шу важдан менда беқарорлик юзланди, қаҳрим билан сенга олифталик қилдим. Чунки мен эшакни сенга топширган эдим-да, сен эса омонатни менга топширишда ҳаялладинг. Аммо мени ғамгин ҳолда кўриб, табдир ҳам топдинг. Чорасозлик қилиб, чақмоғингни чақиб, кўз ёритар машъалингни ёқдинг. Кўзимга эшагимни кўрсатиб, ўз лутфу иноятингни изҳор этдинг.
Гарчанд мен сенинг бу ишингдан ғазабланишга тўла ҳақли бўлсам ҳам, лекин сен қилиш мумкин бўлмаган ишларни қила оладиган, тушуниш қийин нарсаларни тушунадигансан; шунинг учун менга эътибор қилиб, йўқолган нарсамни топиб бердинг. Бу билан сен айтган гапларим учун мени мажолсиз бир ҳолга солдинг, шармандаи шармисор этдинг.
Сен нима иш қилган бўлсанг, мен тамом унутдим. Сен ҳам орадан кўнгилсизликни кўтар, лутфингни изҳор қил. Ўтган ишни унутиб, ҳозир мен қатъий бир фикрдаман, сен ҳам
унутсанг яхшироқ бўларди. Ахир мен сени ҳеч қачон ҳижолатга солиб қўймайман. Сен ҳам мени уялтирмагин. Мен сени воқеада афв этдим, сен ҳам энди мендан кўнглингни соф тут!
Девона шу сўзларни айтиб, ҳар дам ўзини ўзи мақтар, Аллоҳга ҳам турли меҳрибончилик кўрсатар эди. Телба айтган бу сўзлар гарчанд номақбул бўлса-да, муҳаббат туфайли содир бўлгани учун мақбул эди.
Агар ҳар бир мажнун Аллоҳга шунингдек сир айтса, у беиболик ва эркалик қилмоғи мумкин. Чунки бундай кишилар Аллоҳга суюклидир. Суюкли кишининг эса ҳар бир қилган иши ёқимлидир.
Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” асаридан.