Қадимги Эрон шоҳларидан Анушервон ҳар йили наврўз кунида бир зиёфат ташкил қилиб, халқни даъват қиларди. Бир йил наврўз кунида ташкил қилган зиёфатга келганлар орасида турмушдан жуда қийналган камбағал бир киши ҳам бор эди. У ўз-ўзига:
— Шу ердаги идишлардан бирини олиб кетиб сотсам, муҳтожликдан анча қутуламан. Менинг чорасизликдан қилган бу гуноҳимни, шояд кечирар, — деб қимматбаҳо идишлардан бирини кийими орасига ўраб олди.
Анушервон унинг қилиб турган ишини кўриб турган бўлса ҳам, индамади. Зиёфат тамом бўлиб, халқ тарқалишга ҳозирланди. Идиш-товоқларни сақлайдиган хизматчи идишларни санаб, қимматбаҳо бир идишнинг йўқлигини билди. Дарҳол бу ҳақда Анушервонга арз қилиб, ҳаммани текшириб чиқариш кераклигини айтди. Анушервон унга:
— Текшириб ҳеч кимни уялтирма, у идишни муҳтожликдан эзилган бир киши олган бўлади. Унинг олганини кўрган киши ҳам чақимчилик қилмайди, — деди.
Идишни олган киши уни сотиб, турмушига яратди, ўзига янги кийимлар тиктирди. Кейинги йил бўлган зиёфатга ясаниб-тусаниб, янги кийимларни кийиб келди. Зиёфатдан кейин Анушервон уни имлаб ёнига чақирди. Холи ерга олиб бориб:
— Бу янги кийим ўша идиш пулига келган эмасми? — деб кулиб сўради. У киши қизариб:
— Сизнинг соянгизда шу кийимларга эга бўлдим. Муҳтожлик мени шу гуноҳ ишга мажбур қилди, мени кечиринг. Шу қилган айбимдан виждонан азоб тортаман, — деб кечирим сўради. Анушервон унга тасалли бериб:
— Бундан сўнг эгасидан сўрамасдан бировнинг нарсасига қўл тегизмай, эҳтиёжингни менга келиб айт, ёрдам қиламан, — деб инъом-эҳсон қилиб, уни шодлантирди.