Бир подшонинг ойдек бир гўзал қизи бор эди. Бутун олам йигитлари унга ошиқ эдилар. У бир фитна манбаи эди, чунки ярим уйқуда бўлган хумор кўзлари мастона боқиб, дилларни мафтун этарди. Юзи кофурдай оқ, зулфлари мушк каби қоп-қора ва хушбўй эди. Оби ҳаёт унинг лаблари армонида қуриб қолган эди. Агар жамолидан бир зарра кўринса эди, Ақл ўзини йўқотиб, шайдо бўларди.
Агар шакар бу қиз лабининг таъмини тотиганда эди, хижолатдан эриб, ёниб кетарди.
Қазои тақдир бўлиб, бир дарвеш йўлда кетаётиб, кўзи шу гўзалга тушиб қолди. Бу шўрликнинг қўлида яримта қотган нон бор эди, унинг жони новвойда қолган эди. Унинг кўзи ушбу ойюзга тушганда, қаттиқ нони қўлидан йўл устига тушди. Ул қиз гадонинг олдидан оловдай ўтиб кетди, унга қараб илиқ кулди ва хушҳол ўтиб кетди. Гадо ул ойнинг кулгусини кўргач, ҳушидан кетиб, йўл узра йиқилди ва тупроққа беланди. Мискин гадонинг яримта нони ва яримта жони бор эди, бир замонда ҳар иккисидан ҳам ажралди. На кеча, на кундузлари қарори бор эди. Йиғи ва ўртаниш зўридан гапира олмасди. Ул гўзалнинг кулгисини эсларди, навбаҳор булутидай кўз ёши тўкарди. Алқисса, етти йил шундай ошуфта ҳол эди, қизнинг кўчасида итлар билан бирга ётарди. Қизнинг қуллари ва хизматкорлари ҳаммаси бундан воқиф бўлдилар. Улар биргалашиб, гадони ўлдириш режасини туздилар. Шунда буни билган қиз гадони хилватга чорлаб деди: «Сен каби гадога мендай қизнинг жуфт бўлиши ақлга тўғри келмайди. Сени ўлдириш пайига тушганлар, қочиб кет, жонингни қутқар. Бунақа остонамда ўтирма, тур, кет».
Ул гадо деди: «Мен сени кўриб, ишқингда маст бўлган кунимдан бери жонимдан умидимни узганман. Мен кабилардан юз мингтасининг жони йўлингда ҳар соатда фидо бўлсин. Агар мендай бегуноҳни ўлдирмоқчи бўлсалар, битта саволимга лутф этиб жавоб бер. Мени шубҳасиз бошимдан жудо қиладилар, айт-чи, нега менга қараб кулдинг?»
Қиз деди: «Сени ҳақир ва афтода, беҳунар, ожиз кўриб, соқолингга кулгим келди, аммо сенинг юзингга кулиш хатодир». Қиз шундай деб тутун каби дарвеш олдидан ғойиб бўлди. Нимаики бор эди, йўқ бўлди, гўё аслида ҳеч нарса йўқ эди.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.